20:15 19.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатининг янги босқичига қадам қўйилди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг октябрь ойида Андижон вилоятига ташрифлари чоғида илгари сурилган ва кеча таъсис этилган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, шубҳасиз, мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини бутунлай янги босқичга олиб чиқади. Бу айни пайтда фермерлик ҳаракатининг нафақат мамлакат аграр секторининг барқарор ривожланишини таъминлаш, балки жамиятимизни демократлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларида ҳам фаол иштирок этувчи локомотивга айланиши лозимлигини англатади, албатта.Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ жамиятимизнинг барча жабҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан, аграр секторда ҳам изчил амалга оширилаётган ўзига хос тараққиёт йўлида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани тарихан қисқа давр мобайнида ўзгаларга намуна бўла оладиган улкан ютуқ ва амалий натижаларга эришиш имконини ҳам берди. Зеро, кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида яратилган қонунчилик базаси фермерликни шакллантириш ва ривожлантиришнинг энг муҳим омили бўлиб, фермер хўжаликларини иқтисодий ва молиявий мустақиллигини таъминлаш имконини берди. Президентимизнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эса жамиятимиз тараққиётининг бир неча ўн йилларга мўлжалланган устувор йўналишларини ўзида қамраб олган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»нинг амалдаги  ижроси сифатида баҳоланаётгани ҳам бежиз эмас.Чунки ана шу муҳим ҳужжатда фермер хўжаликлари фаолиятини янада  ривожлантириш, жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштиришда қишлоқ мулкдорларининг ролини ошириш масалалари энг долзарб вазифалар сифатида белгилаб қўйилди. Унга кўра, фермер хўжаликлари фаолиятидаги долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш йўллари Фермерлар кенгаши орқали барча бўғиндаги халқ депутатлари кенгашларидан тортиб Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарида доимий равишда муҳокама қилиб бориш тизими жорий этилмоқда.Бу, шубҳасиз, соҳага оид қонунларни янада такомиллаштириш, уларнинг жойларда тўла ижро этилиши устидан қатъий парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш каби фаолият йўналишларимизни янги босқичга олиб чиқишни талаб қилади.  Фармон асосида Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларга фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб даъво аризаларини тақдим этиш, судга давлат божи тўламасдан шикоят қилиш ҳуқуқининг берилишини ниҳоятда муҳим қадам, дея баҳолаш мумкин.Шунингдек, фермерликни янада ривожлантиришда ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик тамойилларини таъминлаш мақсадида жамоат назоратини амалга ошириш, қишлоқларда консалтинг марказлари тармоғини, фермер хўжаликлари кооперациясининг турли шаклларини ташкил этиш ва кенгайтириш каби масалалар Фермерлар кенгашининг энг устувор йўналишлари сирасига киритилгани эса кўп тармоқли фермер хўжаликлари сонининг янада кўпайишига замин яратади, албатта. Бу борада Президентимизнинг «2012-2016 йилларда Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида»ги қарори  асосида олиб борилаётган ишлар аграр сектор ютуқларини янада мустаҳкамлаши ва янги босқичга кўтариши шубҳасиздир. Хусусан, 2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури асосида амалга оширилаётган тадбирлар учун давлат бюджетидан 600 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган ва қарийб 100 минг гектар  кучли ва ўрта шўрланган майдонларнинг ҳолати яхшиланган. Натижада 2010-2011 йилларда пахта ҳосилдорлиги 1,6-2,5 ц/га ва бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги 2,0-2,7 ц/га га ортган. 2003 йилга нисбатан эса ушбу кўрсаткичлар тегишлича 4,5 ц/га ҳамда 8,6 ц/гани ташкил этган. Айни пайтда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 1991 йилга нисбатан пахта майдонлари 1,4 млн. гектаргача қисқартирилиб, ғалла майдонлари 1,3 млн. гектарга етказилди. Бундай ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда озиқ-овқат мустақиллигига эришилди. Халқ фаровонлиги юксалди. Ва, бу жараён изчил давом этмоқда.Бу эса, мустақиллик туфайли пайдо бўлган ва бугунга келиб ижтимоий-сиёсий кучга айланган мулкдорлар қатлами — тадбиркорлар, ишбилармонлар ҳамда фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг янада кенгроқ фаолият олиб боришлари учун қўшимча имкониятлар яратиш Ўзбекистон Либерал-демократик партияси зиммасидаги масъулиятни янада оширади.Фермерлар кенгашининг таъсис конференциясида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таниқли фермерлар томонидан илгари сурилган ташаббуслардан тегишли хулосалар чиқариш, қолаверса, ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, йўналишларимизни ўз вақтида аниқ ва равшан, узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган партиявий Дастурлар асосида янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боисдан O’zLiDeP барча фермерларимиз ўз фаолиятининг аҳамияти ва моҳиятини, уларнинг натижа ва оқибатларини тўла ҳис қилувчи, ўзини-ўзи тўла бошқара олувчи, жамиятимиз олдида турган улкан вазифалар муваффақиятли амалга оширилиши борасида масъулиятни ўз зиммасига оладиган энг фаол, фидойи, ўз фикрига эга, дунёқараши теран ва кенг бўлган энг илғор инсонларга айланишида фаол иштирок этади. Бу эса бизга фермер хўжаликлари етакчиларининг нафақат ҳуқуқий-иқтисодий, балки уларнинг ижтимоий-сиёсий саводхонлигини ошириш, шунингдек, фермерлар орасидан давлат ҳамда вакиллик органларига лойиқ бўлган салоҳиятли ва қобилиятли  кадрларни саралаб олиш, уларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириб бориш борасидаги ишларимизни янада такомиллаштиришимиз лозимлигини англатади.Бугунги тарихий анжуман иштирокчилари фармоннинг жойлардаги тўла ижросини таъминлаш борасида бор куч-ғайратларини аямасликлари шубҳасиз. O’zLiDeP эса Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан доимо елкадош бўлиб, фермерларнинг хизматига доим тайёрлигини билдиради. 

Муҳаммадюсуф ТЕШАБОЕВ, 
 O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

"XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме