11:00 08.02.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ўзбекистон – жадал ривожланаётган мамлакат
O`zLiDeP фракцияси аъзолари Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги «2012 йил – Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» номли маърузасидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларни белгилаб олдилар.
Йиғилиш иштирокчилари дастурий маърузадан ўрин олган хулоса ва таҳлиллар, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган рақамларни таҳлил қилар эканлар, Ўзбекистон кейинги йилларда жадал тараққий этаётган рақобатбардош мамлакатга айланганини алоҳида таъкидладилар. Бунда «ўзбек модели» асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча соҳаларини тўлиқ қамраб олгани муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Молиявий-иқтисодий инқироз ҳануз жаҳон иқтисодиётини мураккаб ҳолатга солаётган бир пайтда юртимизда барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётгани халқаро ташкилотлар томонидан ҳам муттасил эътироф этилаяпти. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасининг 2011 йилнинг декабрь ойида эълон қилган пресс-релизида қатор йиллар давомида кузатилган бюджет профицити, расмий захиралар даражасининг юқорилиги, давлат қарзининг камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молия бозорларидан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш Ўзбекистонни глобал инқирознинг бевосита оқибатларидан ҳимоя қилгани алоҳида таъкидланган.
– Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, хусусий сектор ролини янада кучайтириш бўйича қабул қилинган ўнлаб дастурлар муваффақиятли амалга оширилаётганини айтиб ўтиш лозим, – деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Қобилжон Тошматов. – Бундан ташқари, банкларнинг капиталлашуви сезиларли равишда оширилгани мазкур тизимни барқарорлаштириш имконини берди. Юртбошимиз маърузасида тилга олинган Базель қўмитаси – ўнлик гуруҳи (G-10)га аъзо давлатлар банк назорати органлари томонидан ташкил этилган халқаро молия муассасаси ҳисобланади. Бугун унинг таркибига Германия, Франция, Италия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия, Япония ва АҚШ сингари ривожланган мамлакатларнинг Марказий банклари вакиллари киради. Ўзбекистон банк сектори капиталининг етарлилик даражаси ушбу нуфузли ташкилот белгилаган 8 фоизлик халқаро меъёрдан уч баробар кўплиги эса иқтисодий ислоҳотларнинг амалдаги самарасини яққол кўрсатиб турибди.
Фракция аъзолари мамлакат саноатидаги умумий ўсишнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ташкил этганига эътибор қаратдилар.
— Ушбу кўрсаткичларга халқ истеъмоли моллари ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган маҳсулотларнинг кўплаб турларини ишлаб чиқариш ҳисобига эришилди. Айни пайтда соҳани диверсификациялаш ва ташқи бозорни ўзлаштириш ҳисобидан янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Натижада ўтган йили мамлакатимизда саноат маҳсулотлари экспорти ҳам сезиларли даражада ошди, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова. – Бу борада Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида имзоланган шартномалар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ҳозирги кунда маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш орқали импорт товарлар ва хизматлар ҳажмини янада камайтириш борасидаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган инвестициявий сиёсат сармояларни, жумладан, хорижий сармояларни жалб қилган ҳолда, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, саноат корхоналарини модернизациялаш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш каби истиқболли вазифаларни бажаришга қаратилган.
– Президентимиз маърузаси аслида «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концецияси»да билдирилган фикрларнинг мантиқий давомидир, – деди O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев. – Бизнинг бугунги кундаги энг асосий вазифамиз ана шу Концепциянинг демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш йўналишида белгилаб берилган қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта қабул қилиш, амалдаги қонунлар ва давлат дастурлари ижроси юзасидан марказда ва жойларда қатъий парламент назоратини йўлга қўйишдан иборат. Бунинг учун эса нафақат парламент эшитуви, депутат сўрови каби, балки жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик назорати сингари институтлардан ҳам самарали фойдаланишимиз лозим.
Йиғилишда муҳокама қилинган масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,
«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме