00:30 21.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти Концепциясига мувофиқ
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти Концепциясига мувофиқ, мамлакатимиз дунёнинг бошқа давлатлари билан икки томонлама асосда тенг ҳуқуқли ва дўстона қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилмоқда. Шу муносабат билан O‘zLiDeP фракцияси Ўзбекистон ва Россияни кўп йиллик алоқалар бирлаштириб тургани, улар мамлакатимиз мустақилликка эришгач янги ривожланиш босқичига кўтарилганини таъкидламоқда. 1992 йил 20 мартда икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганди. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон-Россия дўстона ҳамкорлигини стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига асосланиб шакллантириш ва ривожлантириш сари катта йўл босиб ўтилди. O‘zLiDeP фикрича, икки томоннинг кўп қиррали ва ўзаро манфаатли мулоқотларни ривожлантиришга тайёрлиги узоқ муддатли манфаатларга асосланган. Партиямиз ҳар икки мамлакат бир-бирининг барқарор ривожланиши ва фаровонликка эришиши, минтақада ва халқаро майдонда обрў-эътибори ошиши ва позицияси мустаҳкамланишидан бир хил ва холисона манфаатдор, деб ҳисоблайди. Ишбилармон доиралар форумлари, ижтимоий-иқтисодий йўналишлар бўйича ўзаро мулоқотлар анъанавий тус олиб бормоқда. Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланмоқда. Бугунги кунда Россия Ўзбекистон Республикасининг энг йирик ташқи савдо ҳамкоридир. Таъкидлаш жоизки, 2012 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,6 фоиз ўсди ва 7,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамай, жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш суръати 20 фоизни ташкил этганини O‘zLiDeP экспертлари алоҳида қайд этаётир. Ўзбекистон-Россия муносабатларида инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Бу, айниқса, ёқилғи-энергетика комплексидаги кенг кўламли лойиҳаларда, жумладан, геология-қидирув ишларини амалга ошириш, Ўзбекистон ҳудудида углеводород хомашёси конларини ўзлаштириш ва уни ташишдаги ўзаро ҳамкорликда яққол кўринмоқда. O‘zLiDeP фракцияси аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига апрель ойидаги расмий ташрифи икки томонлама ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, жумладан, Ўзбекистоннинг МДҲда эркин савдо ҳудудини яратиш тўғрисидаги шартномага қўшилишига кучли туртки беради, деган ишончдаман.
Обсудить новость на Форуме