22:30 29.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг республиканинг жорий йил биринчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунларига бағишланган мажлиси юзасидан O’zLiDeP фракцияси аъзоси билан интервью
Собир ЖАББОРОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси O’zLiDeP фракцияси аъзоси
Аудиториямиз эътиборига O’zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси С.Жабборовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг республиканинг жорий йил биринчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунларига бағишланган мажлиси натижалари бўйича ҳамда республика ҳукуматининг жорий йил 18 январда бўлиб ўтган мажлисида 2013 йилги иқтисодий дастурнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган энг муҳим йўналишлари ва устувор ликлари амалга оширилишини баҳолашга доир фикрларини ҳавола қилмоқдамиз.
Мухбир: Вазирлар Маҳкамаси мажлисидан дастлабки таасуротларингиз қандай?
- Бўлиб ўтган мажлисда мамлакатимиз ривожланишининг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларига эришишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш ва иқтисодиёт тузилмавий ўзгаришларини чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил этилди, деб ҳисоблайман. Бу ўринда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини жадал модернизация қилиш ва ривожлантиришга доир қабул қилинган дастурларни мақсадли амалга ошириш ҳамда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга устувор аҳамият берилганини таъкидламоқчиман.
Мухбир: Мажлисда мамлакатимизнинг биринчи чоракдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг аниқ кўрсаткичлари келтирилди. O’zLiDeP фракцияси вакили сифатида уларнинг қайсиларига алоҳида эътибор қаратган бўлардингиз?
- Авваламбор, жорий йил биринчи чорагида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоиз ўсганига эътибор қаратмоқчиман. Бу иқтисодиётимизнинг умумий ҳолатини намоён этувчи муҳим кўрсаткич. Партиямиз, унинг фракцияси ички талабни янада рағбатлантириш ва ички бозорни рақобатбардош маҳаллий маҳсулотлар билан бойитиш стратегик жиҳатдан жуда муҳим, деб ҳисоблайди. Шунинг учун биз мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 13,1 фоиз, хизматлар ҳажми 9 фоиз ўсганига эътибор қаратдик. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилдаги 52,1 фоиздан 52,5 фоизгача ўсди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг 40,4 фоиз ўсиши таъминлангани, бу эса 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги импорт ўрнини қоплаш имконини бергани ҳам муҳимдир. Фикримча, буларнинг барчаси иқтисодиётимизни модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш дастурини тизимли ва изчил амалга оширишни давом эттиришнинг натижаси бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётида давом этаётган инқирозга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётининг макроиқтисодий барқарорлиги ва мустаҳкам ўсиш суръатлари сақланишини таъминламоқда.
Мухбир: Ўтган йилнинг декабрида O’zLiDePнинг парламентдаги фракцияси ташаббуси билан Қонунчилик палатасида 2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантириш устуворликларини амалга ошириш дастури ижросининг бориши бўйича парламент эшитуви ўтказилди. Эшитувларда мазкур дастур ижроси ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилинди. Жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижрочи ҳокимият фаолиятида ўзгаришлар борми?
- Ҳақиқатан ҳам Вазирлар Маҳкамаси мажлисида саноат тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш ҳамда уларни экспорт қилиш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш дастурларининг бажарилишини муфассал таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама давомида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниялари, “Ўзфармсаноат” давлат концерни, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг бир қатор корхоналари раҳбарлари олдига айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ва янги ишлаб чиқариш объектларини ўз вақтида фойдаланишга топширишда йўл қўйилган қолоқликни бартараф этиш юзасидан қатъий талаблар қўйилди. Уларнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида берилган топшириқларни қай даражада тўлиқ хажмда бажаришга қодирлигини энди вақт кўрсатади. Ўз навбатида, O’zLiDeP фракцияси аъзоси сифатида сайловчиларимиз ва партия электоратини инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши устидан қатъий парламент назоратини давом эттиришимизга ишонтирмоқчиман. Бу эса мамлакатимиздаги барча комплекс ва корхоналарнинг рақобатбардошлигини ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш асосида ошириш имконини беради. Биз ички саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада ривожлантириш, саноатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу эса электоратимизнинг туб манфаатларига жавоб беради, деб ҳисоблаймиз.
Мухбир: Суҳбатингиз учун катта раҳмат.
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси халқаро ҳамкорлик масалалари бўлими томониданёзиб олинди ва тайёрланди
Обсудить новость на Форуме