18:00 28.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси томонидан ташкил этилган "давра суҳбати"
2012 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «Тадбиркорлик ва тижорат фаолиятида замонавий ахборот технологияларни қўллашни ривожлантириш: амалиёт ва қонунчилик» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирнинг мақсади хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятида замонавий ахборот технологияларни кенг қўллаш соҳасида амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиятини янада такомиллаштиришга доир долзарб масалаларни муҳокама қилишдан иборат. Давра суҳбати давомида Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон олдида турган узоқ муддатли мақсадга эришишнинг энг муҳим вазифаси – замонавий ривожланган, демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш, ўз халқига муносиб турмуш даражаси ва дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш керак. Илғор хорижий тажрибани ўрганиш кўрсатишича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши ялпи ички маҳсулотда 70-80% ташкил этади. Тадбир иштирокчиларининг фикрича, тадбиркорлик ва тижорат фаолиятида замонавий ахборот ва коммуникация технологияларни қўллаш салмоқли даражада мамлакат ЯИМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини ошишига кўмаклашади. Муҳокамалар давомида қайд этилганидек, ахборот ва коммуникация технологияларни жорий этиш ҳисобига тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини тақдим этишни мақбуллаштириш бизнесга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, давлат хизматларини кўрсатишда ҳаражатларни сезиларли қисқартириш, ҳисобдорликни тақдим этишда ошкораликни таъминлаш, лицензия ва рухсат бериш тартибларини амалга ошириш имконини беради. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ахборот коммуникацион хизматларини кўрсатиш сифатини юксалтиришга устувор аҳамият берилаётгани таъкидладилар. Мамлакатимизда барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини солиқ ва молиявий ҳисобдорликни электрон тизим орқали топширишга босқичма-босқич ўтиш амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1,5 млн.дан орлиқ электрон шаклдаги солиқ ва молия ҳисоботлари топширилган. Агар 2011 йилда фойдаланувчилар сони 194,7 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, бугунги кунда эса уларнинг сони 207 мингдан ошди, бу эса солиқ ҳисоботларни мажбурий равишда топшираётган корхоналарнинг 85% ташкил этмоқда. Шунингдек, электрон инкасса топшириқларни тақдим этиш тизими жорий этилди, у улар ижроси устидан назоратни амалга ошириш имконини беради. Давлат божхона қўмитаси томонидан ташқи савдо операцияларнинг интеграциялашган идоралараро Ягона электрон ахборот тизими жорий этилди. Ушбу тизим ташқи савдо шартномалар рўйхатга олиниши жараёнини тезлаштириш ҳамда миллий товарлар экспортидан тушаётган пул маблағлари устидан валюта назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда. Транзит товарлар ва транспорт воситаларни назорат қилишнинг ягона автоматлашган тизими жорий этилди, у транзит юкларни реал вақтда расмийлаштириш ва назорат қилишни автоматлаштириш имкони берди. Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилаётган электрон шаклда фирма номланишини резервлаш тизими орқали бугунги кунда фирма номланишини резервлашга 77 мингдан зиёд аризаларга ишлов берилган, улардан 53 минг аризалар қонунчиликнинг тегишли талабларига мувофиқ белгиланган тартибда резервланди. Тадбиркорлик субъектлари фирма номланишини резервлашга аризалар статистика органлари томонидан кечаю-кундуз қабул қилинмоқда. Аризаларни кўриб чиқиш ва аризачига тегишли билдирги хати 4 иш соатидан ошмаган муддатда юборилади. Масалан, бугун мамлакатимиздаги банклар тадбиркорлик субъектларига масофавий банк хизматларининг деярли кенг доирасини таклиф этмоқда, жумладан, булар - банк-мижоз, интернет-банкинг, СМС-банкинг ва бошқа хизматлар. Реал вақт режимида интернет-банкинг орқали мобил телефон ёрдамида ўз ҳисоб рақамини назорат қилиш имкониятини Ўзбекистондаги 30 та банклар тақдим этмоқда. Шу билан биргаликда, давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, ахборот ва коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг давом эттирилаётганлиги тадбиркорлик фаолиятидаги ортиқча тартибга солиш жараёнларини бартараф этиш имконини бермоқда ва бу нарса мамлакатимизда бизнесни йўлга қўйиш учун яратилаётган шарт-шароитларга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ва назорат қилувчи давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг электрон шакли, замонавий ахборот ва коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳамда тадбиркорлик ва тижорат фаолиятида уларнинг қўлланилишини рағбатлантириш тартибга солиш жараёнлари миқдорининг янада қисқартирилиши ва соддалаштирилишига имкон беради. Давра суҳбати якунида назорат қилувчи давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва ҳисобот тақдим этишнинг электрон тизимига кенг ўтилишини таъминлаш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар ҳам O’zLiDeP фракцияси ҳам Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг парламент фаолиятида фойдаланиш учун умумлаштирилади.
Обсудить новость на Форуме