15:46 26.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг саноат маркази
Бугун Ўзбекистонда 20 та халқаро транспорт коридори бўлиб, Бухоро вилоятидан ўтган йирик 2 та халқаро автомобиль йўллари Ғарбий Европани Шарқий Осиё билан боғламоқда. Айни пайтда республикамизнинг шимоли-ғарбий томондан Бейнеу, жануби-ғарбий томондан эса Олот, жануб томондан Термиз ва шарқий томондан Андижон орқали қўшни давлатларга чиқувчи миллий автомагистрал узунлиги 2 755 км.ни ташкил қилмоқда.Мустақилликнинг дастлабки даврларида Ўзбекистонда экспорт-импорт юкларини ташиш асосан шимолий йўналишдаги транспорт йўлаклари орқали амалга оширилган бўлса, бугунга келиб ташқи савдо юкларини 10 га яқин йўналишлар орқали жаҳон бозорига етказиш имконияти юзага келди. Натижада экспорт-импорт юкларининг 50 фоиздан ортиғи анъанавий йўлакларга нисбатан қулай ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган муқобил йўлаклар орқали ташилмоқда. Қайд этиш лозимки, ҳозирда Озарбайжон, Грузия ва Туркия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Баку – Тбилиси – Ахалкалаки – Карс» темир йўлини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳасининг яқин келажакда якунланиши экспорт юкларини Кавказ орқали бевосита турк портлари ва қурилиши тугалланаётган «Мармарай» тоннели орқали Европага ташиш имконини яратади. Ана шуларни эътиборга олиб, мазкур ташувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Озарбайжон билан шакллантирилаётган янги йўлак бўйича транзит ташувлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисида икки томонлама, Туркия ва Ўзбекистон темир йўллари маъмуриятлари ўртасида эса халқаро темирйўл ташувлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.Бундан ташқари, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг транспорт таъминотида анъанавий йўлаклардан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни камайтириш мақсадида экспорт юкларини «Хоргос» чегара ўтиш ҳалқаро маркази ва Қозоғистон орқали Хитойга темир йўл орқали ташишни ташкил қилиш юзасидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Мазкур йўналиш Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги масофани 700 км. қисқартириш ҳисобига транспорт харажатларининг камайтирилишига ва, ўз навбатида, экспорт товарларининг Хитой бозорида рақобатбардошлигини оширишга замин яратади.Мамлакатимизда автомобиль ва темир йўллар қуриш, мавжуд транзит йўналишларни халқаро стандартларга мослаш, халқаро логистика марказлари ва терминаллар барпо этиш, аэропортларни модернизация қилиш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти.Жумладан, «Навоий-Учқудуқ-Султонувайстоғ-Нукус» ва «Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон» темир йўлларини қуриш бўйича босқичма-босқич амалга оширилган лойиҳалар мамлакатимизнинг жанубий, шимолий ва марказий ҳудудлари ўртасида қўшни давлатлар орқали ўтмасликни таъминловчи узлуксиз темирйўл алоқасини таъминлабгина қолмай, мазкур ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожланишида ҳам муҳим омил бўлди. Хусусан, кейинги беш йилда фақатгина Афғонистонга ташилаётган юклар ҳажми йилига 20 фоиздан ўсиб бораётганини инобатга олсак, «Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон» темир йўлининг келажакда республика транзит йўналишлари орасида салмоқли ўрин тутиши аён бўлади. Шу ўринда темирйўлчиларимизнинг Афғонистон ҳудудида муваффақиятли амалга оширган «Хайратон – Мозори Шариф» янги темир йўлини қуриш лойиҳаси республика транзит салоҳиятини янада ошириш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлганини тилга олиш мумкин. Чунки янги темир йўл экспорт ва транзит юкларни бевосита Афғонистоннинг Найбобод ва Мозори Шариф шаҳарларигача тўғридан-тўғри етказиш имконини яратиб берди. Бугун мамлакатимизда автомобиль йўллари инфраструктураси ҳам изчил ривожлантирилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги «2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан миллий автомагистрал таркибига кирувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури қабул қилингани соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштириш имконини берди.Шу ўринда Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувларни амалга ошириш учун муайян ҳуқуқий база яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Халқаро автомобиль ташувлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасида 27 та икки томонлама халқаро битим имзоланган бўлса, Ўзбекистон автомобиль ташувларини тартибга солувчи 9 та халқаро конвенция, 2 та халқаро битим иштирокчиси ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда экспортга чиқарилаётган юкларни истеъмолчиларга етказиб беришнинг оптимал йўналишларини шакллантириш борасида изчил ишлар давом эттирилмоқда. Бунда, айниқса, Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари орқали ўтадиган транспорт йўлагини ташкил этиш халқаро битимини тузиш ташаббуси алоҳида ўрин тутади. Ушбу йўлак Ўрта Осиё мамлакатларини Форс кўрфази билан боғлаб, унда иштирок этувчи мамлакатлар орасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига, транзит юк оқимининг кўпайиши ҳамда дунё бозорига янги алоқа йўли очилишига олиб келади.
Фахриддин ЗОИРОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме