14:46 18.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЎзЛиДеП фракциясининг ташаббуси билан
Ушбу тадбирнинг долзарблиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил ноябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг асосий қоидаларидан келиб чиқади. Маълумки, ушбу Концепцияда давлат ва жамият қурилиши тизимида ҳозирги замон ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ахборот соҳасини янада ислоҳ қилишнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бинобарин, ахборот-коммуникация технологиялари сиёсий модернизация, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан илдам ривожлантириш жараёнларида борган сари муҳим рол ўйнамоқда.
Ҳозирги кунда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари жаҳонда алоҳида долзарблик касб этмоқда. Дастурий маҳсулотлар бутун ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантиришнинг асоси ҳисобланади, ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади, миллий иқтисодиётлар инновацион ривожланишининг жуда муҳим шарти бўлиб, глобаллашув шароитларида мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлайди.
Эшитувдан кўзланган мақсад - ахборот технологиялари бозорининг муҳим қисми бўлган дастурий таъминот индустриясини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг оптимал йўлларини муҳокама қилиш ва мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар индустриясини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат эди.
Тадбирда барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакиллари иштирок этдилар.
Парламент аъзолари Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг нормалари давлат бошқаруви органлари томонидан ижро этилишининг боришини, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг, ахборот технологиялари бозорининг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори Ҳ.Муҳитдинов ўз маърузасида таъкидладики, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда АКТни ривожлантиришнинг тегишли норматив-ҳуқуқий базаси яратилди. Хусусан, шу давр ичида ушбу соҳага тегишли 11 Қонун, 3 та Фармон, мамлакат Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 40 дан ортиқ қарори қабул қилинди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майда қабул қилинган “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2005 йил 8 июлдаги “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эгадир.
Мазкур ҳужжатлар асосида дастурий маҳсулотларни шакллантиришга, ҳужжатлаштиришни бошқаришга, хавфсизликни таъминлаш услублари ва воситаларига ҳамда бошқа масалаларга нисбатан қўйиладиган талабларни тавсифловчи 660 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 20 тадан ортиқ тегишли стандарт ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга солиқ ва бож соҳасида катта имтиёзлар берилди. Ушбу чора-тадбирлар дастурий маҳсулот бозори илдам ривожланишини рағбатлантирди. Чунончи, агар 2005 йилда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компаниялар сони салкам 100 тани ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб, уларнинг сони241 тага етди. Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга доир статистика кўрсаткичлари, умуман олганда, ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб бораётганлигидан далолат беради. 2007 — 2010 йилларда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш тўрт мартага кўпайиб, 2 501,6 миллион сўмдан 12 623,2 миллион сўмгача етди.
Мамлакатимизда ўз дастурий маҳсулотларимиз ишланмаларини тайёрлаш, уларнинг экспортини кўпайтириш, тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ёш дастурчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 2004 йилда Ёш дастурчилар тайёрлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш маркази ташкил этилганлиги ҳамда у ҳозирги кунда самарали фаолият олиб бораётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ташкилий кўмагида 2005 йилнинг декабрида Ўзбекистон ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари уюшмаси таъсис этилди.
Тақдим этилган маъруза депутатлар томонидан муҳокама қилиниши чоғида ва Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбарларининг депутатлар саволларига берган жавобларида Ўзбекистонда маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари маҳсулотларининг кўлами йил сайин кенгайиб бораётганлиги таъкидланди. Машҳур ишлаб чиқариш фирмаларининг хорижий дастурий таъминоти Ўзбекистон бозорида реализация қилиниши ва унинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши билан бир қаторда мамлакатимизда хорижий дастурий маҳсулотлар билан рақобат қилишга қодир янги дастурий маҳсулотлар ишланмалари яратилмоқда.
Айни бир вақтда депутатларнинг фикрича, иқтисодиётнинг фавқулодда истиқболли ушбу секторини ривожлантириш борасида, шу жумладан, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги фаолиятида анчагина фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Дастурий таъминот ва унинг экспорти бозори ҳажмлари ҳануз камлигича қолмоқда, дастурий таъминот соҳасида мамлакатимизда яратилган лицензияга эга ишланмаларнинг сони ҳам кам. Боз устига, амалиётда оффшор дастурлаш тизимлари бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар ноқонуний хўжалик фаолияти юритаётганлиги ҳоллари учраб туради. Буларнинг барчаси мамлакатимизда жуда юқори савиядаги интеллектуал ва кадрлар имконияти мавжуд бўлган бир пайтда қатор ташкилий масалалар ҳал этилмаганлиги, ушбу фаолият соҳаси қонунчилик жиҳатидан етарли даражада аниқ регламентланмаганлиги соҳани ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганлигини яна бир бор намойиш этди.
Кун тартибига киритилган масаланинг муҳокамаси вақтидаги кескин мунозараларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи қонун ҳужжати ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш фикрини баён қилдилар. Бунда таъкидландики, дастур тармоғини ривожлантиришнинг қудратли қонунчилик ва ташкилий базасини яратиш нафақат мамлакатимизда дастурий таъминот индустриясини янада ривожлантиришга, балки хорижий дастурий маҳсулотга бўлган тобеликни босқичма-босқич бартараф этишга ҳам хизмат қилади, бу эса глобаллашув жараёнлари чуқурлашиб бораётган шароитларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, дастурий таъминот бозорини янада ривожлантириш ва мамлакатимиздаги дастурлар ишлаб чиқувчиларни қўллаб-қувватлаш учун дастурий таъминот ишланмалари яратиш ва уларни етказиб бериш соҳасида давлат буюртмалари тизимидан фойдаланиш ҳам зарур. ЎзХДП вакилларининг таъкидлашича, айни барқарор давлат буюртмаси дастурий таъминот бозорини ривожлантириш имконини беради. Мазкур фракция аъзолари давлат буюртмалари миллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларининг рақобатбардошлигини оширишнинг асосий воситаси эканлигига жаҳон амалиётидан мисоллар келтирдилар.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари хорижда ишлаб чиқилганлари билан рақобат қилишга қодир бўлган мамлакатимизда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларни кўпайтириш зарурлигига алоҳида эътиборни қаратдилар. Улар таъкидладиларки, ушбу вазифани ҳал этишга дастурий таъминот индустриясига келаётган инвестиция оқимини ҳуқуқий жиҳатдан рағбатлантириш кўмаклашади. Дастурий маҳсулотлар индустриясини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсадли дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бу борадаги муҳим чоралардан бири сифатида таклиф қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари давлат, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш дастурий индустрияни муваффақиятли ривожлантиришнинг жиддий омилларидан бири эканлигини таъкидладилар. Ҳозирги кунда ННТлар умуммилий вазифаларни амалга оширишда давлат органларининг фаол шерикларига айланиб бормоқда. Шунинг учун мамлакатимиз дастурий маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан ННТларнинг ҳамкорликдаги ишини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш зарур.
Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, АКТ соҳасида ишловчи миллий компаниялар ўз эътиборларини табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кескин вазифаларни, масалан, сувдан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни ривожлантириш ва бошқа масалаларни ҳал этишда ҳозирги замон дастурий тизимларидан фойдаланишга эътиборни қаратишлари керак.
Кун тартибига киритилган масаланинг батафсил муҳокамаси вақтида баён этилган фикр-мулоҳозаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди. Ушбу қарорда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли нормалари сўзсиз бажарилишини таъминлашга, миллий дастурий таъминот индустриясини ривожлантириш учун зарур бўлган мақбул иқтисодий муҳитни шакллантиришга, унинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек, мамлакат дастурий маҳсулотлар индустриясини ривожлантиришни таъминловчи қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ва тавсиялар назарда тутилди.
Обсудить новость на Форуме
23 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |