18:00 04.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЖИДДИЙ ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИЛИШИ КЕРАК
Президентимиз Ислом Каримовнинг халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида баён этилган фикр-мулоҳазалар, белгилаб берилган устувор йўналишлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, турли соҳа ва тизимларда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз, айниқса, тадбиркор ва фермерлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Айниқса, Юртбошимизнинг «Шахсан мен ўзбек боласи қаерда бўлмасин, доимо ўз юртига сажда қилиб, унинг тупроғини кўзига тўтиё этиб яшашини истардим. Ҳар қандай шароитда ҳам ор-номус деган тушунчани баланд тутиб, шундай буюк юртга муносиб фарзанд бўлиб яшаш керак» деган фикрлари ҳар бир фуқаронинг Ватанга муҳаббат туйғусини янада кучайтиришга қаратилган юксак даъватдек янгради. Бундан эса, айниқса, сиёсий партиялар жиддий хулосалар чиқаришлари лозим. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2 миллион 700 минг, жумладан, 1 миллион 600 мингга яқин меҳнатга яроқли киши истиқомат қилаётган вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида эришилган улкан ютуқлар истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тўғри танланган тараққиёт йўли натижасидир. Давлатимиз раҳбари нутқида ҳар қайси оиладаги фаровонлик одамларнинг ҳаётга бўлган муносабати, жамиятимизнинг ижтимоий барқарорлиги, аввало, аҳолининг иш билан қандай таъминланишига, уларнинг иши қандай ташкил этилганига, ўз меҳнатига муносиб даромад топишига чамбарчас боғлиқлиги бежиз таъкидланмади, албатта. Хўш, бундай ёндашувдан тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатини ифода этаётган, 170 мингга яқин аъзоси бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари қандай хулосалар чиқаришлари керак? O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз нутқида баён этилган ана шундай мулоҳазалар, белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида O’zLiDePнинг бу борадаги вазифалари муҳокама қилинди. Маълумки, айни пайтда пойтахт вилоятида 6 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Улар учун қулай шарт-шароит яратиш, қишлоқ мулкдорлари оғирини енгил қилиш учун тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, суғорилаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури доирасида кейинги 5 йилда 46 миллиард 100 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 173 та замонавий техника, 95 та экскаватор ва бульдозерлар харид қилинганига халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлганидек, Тошкент вилоятида ҳам улкан ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Айниқса, кейинги 5 йил давомида 1 миллиард 500 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланиб, 58 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, пойтахт вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат соҳасини изчил ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар яратишда мустаҳкам замин бўлди. «Обод турмуш йили»да эса қарийб 545 миллион доллар маблағ сарфланиб, 69 та йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари «Ангрен» махсус индустриал зонаси фаолиятининг йўлга қўйилиши вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш баробарида партия электорати бўлган тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар яратади. Аммо ана шундай натижаларга қарамай, айрим туманлардаги фермерлар фаолияти талаб даражасида ривожланмаяпти. Хўш, яқиндагина ташкил этилган Фермерлар кенгаши билан мустаҳкам алоқа ўрнатган O’zLiDeP бундай ҳолатлардан қандай хулосалар чиқаради? O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоевнинг таъкидлашича, Президентимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги «Мамлакатимизнинг тараққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги, Ватанимизнинг обрў-эътиборини янада ошириш йўлида меҳнат қилиш — муқаддас бурчимиз» номли нутқида белгилаб берилган вазифалар O’zLiDePнинг барча бўғинлардаги аъзолари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Йиғилишда Тошкент вилоятининг айрим туманларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларга O’zLiDePнинг маҳаллий кенгашларидаги депутатлари, жойлардаги партия фаолларининг ҳам лоқайдлиги, эътиборсизлиги сабаб бўлгани очиқ эътироф этилди. O’zLiDeP вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Т.Файзиев халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши сессиясида белгилаб берилган вазифалар асосида кенгашнинг 2013 йилдаги иш режаси қайта кўриб чиқилаётганини таъкидлади. Аммо нега айрим туманларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларга маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари томонидан ўз вақтида муносабат билдирилмади? Баъзи ҳолларда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувлар юз бераётганига депутатлар нега сукут сақлаб келдилар? Шунинг учун ҳам O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Б.Якубов Президентимиз нутқида баён этилган мулоҳазалар, айниқса, танқидий фикрлар тўғридан-тўғри O’zLiDeP ва унинг жойлардаги масъулларига ҳам тегишли эканини айтди. Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидаги депутатлар фаолияти таҳлил этилса, айнан танқидга учраган туманларда бирон-бир масала халқ депутатлари туман сессиясига киритилмагани маълум бўлмоқда. Фракция раҳбари ана шундай ҳудудлардаги партия фаоллари ишига ҳам жиддий баҳо бериш лозимлигини таъкидлади. Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси А.Бўриев эса навбатдан ташқари сессиядан кейин вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериши муқаррарлигини таъкидлаб, вилоят партия ташкилоти фаолиятида ҳам кескин ўзгаришларга эришиш лозимлигини қайд этди. Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Баратова, халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати Баҳодир Тоғаев, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акрамова сўзга чиқиб, Президентимиз нутқида белгилаб берилган устувор йўналишлар, долзарб вазифалар O’zLiDeP Тошкент вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқилиши лозимлигини қайд этдилар.
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме