02:30 17.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

 2013 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибига мамлакатимизда амалга оширилаётган либерал ислоҳотларни янада чуқурлаштириш учун катта аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш билан боғлиқ масалалар киритилди.Чунончи, депутатлар парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Депутатлар шуни таъкидладиларки, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ, ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этишга, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини яратишга, давлат бошқарувини янгилаш ва демократлаштириш ҳамда мамлакатимизни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши ва амалга оширила бошлаши бу соҳада олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларни сифат жиҳатдан янги даражага кўтарди. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари олдида қонунчилик жараёнини янада демократлаштириш, ўтказилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш учун парламентдаги сиёсий партияларни фаоллаштириш, уларнинг роли ва масъулиятини ошириш, бу жараёнда аҳоли турли гуруҳлари ва қатламларининг манфаатлари ҳамда орзу-умидларини ҳисобга олиш долзарб вазифа бўлиб турибди. Сиёсий партиялар ўз устав ва дастурий вазифаларини янада фаолроқ бажаришлари, қонунларни қабул қилиш ва амалга ошириш, парламент назорати механизмларидан фойдаланиш орқали ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишлари лозим. Айнан шу мақсадда қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш механизмини жиддий ўзгартирадиган тартиб белгиланмоқда, мазкур тартибга мувофиқ қонун лойиҳаси айни бир вақтнинг ўзида ва бир муддатда ҳам сиёсий партиялар фракцияларида (депутатлар гуруҳларида), ҳам масъул қўмитада кўриб чиқилади. Энди масъул қўмита сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқаришга ҳақли эмас. Ушбу норма сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида қонун лойиҳасини маромига етказиш ишларида фаол қатнашиш ҳуқуқини кенгайтиради, уларга қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш босқичидаёқ ўз сиёсий партияларининг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз аниқ нуқтаи назарини билдириш, қонун лойиҳасининг у ёки бу қоидаларига доир ўз фикрини ҳимоя қилиш имкониятини яратади. Қонун лойиҳасида, шунингдек, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқиш жараёнида масъул қўмита вакили сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини мажбурий тартибда депутатларга етказиши белгилаб қўйилган.“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида Киритилган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилиши назарда тутилган. Мазкур гуруҳ келиб тушган қонун лойиҳаларини рўйхатга (ҳисобга) олади ва ушбу қонун ҳужжатларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида уларни кузатиб боради.  Белгиланган тартиб-таомилларга риоя этиш, қонун лойиҳаси устида ишлашга экспертлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш ҳамда Регламентга амал қилиниши масалаларини эътиборга олади. Шунингдек, қонун лойиҳасида келиб тушган қонун лойиҳаларини тақсимлашнинг янада демократик, очиқ тартибини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда, бу тартибга мувофиқ Қонунчилик палатаси Кенгаши ўз йиғилишида қонун лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитани коллегиал равишда белгилайди. Умуман олганда, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ жараённи демократлаштиришни чуқурлаштиришга қаратилгандир. Аммо бу ўзгартишлардан кўзда тутилган асосий мақсад – парламентнинг қуйи палатаси кўппартиялилик асосида шаклланишини ҳамда сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, аввало, парламент фаолияти доирасида амалга оширишини эътиборга олиб, сиёсий партиялар фракцияларининг фаоллигини оширишдан иборатдир. Қонун лойиҳасини муҳокама қилишда парламентдаги барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари иштирок этиб, кўриб чиқилаётган ҳужжат юзасидан ўз қатъий нуқтаи назарларини билдирдилар. Муҳокама якунларига кўра қуйи палата “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати
www.uza.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме