22:15 29.01.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛИГИЯЛАРДАН — ҚУЛАЙ БИЗНЕС МУҲИТИГА
Кейинги пайтларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир масалалар ҳақида гап кетганида бир кўрсаткичга алоҳида эътибор қаратилаётгани, у жаҳоннинг таниқли иқтисодчилари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан қайта-қайта таҳлил қилинаётгани эътиборни тортади. Бу Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиш суръатини ифода этувчи «8» рақамидир. Зеро, ушбу кўрсаткич дунёда юқори натижа ҳисобланади.Бу шубҳасиз, юртимизда босқичма-босқич олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг доирасида иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш тадбирлари изчил амалга оширилаётгани самарасидир. Бу айни пайтда тараққиётнинг “ўзбек модели” нақадар ҳаётийлигини, у нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда ҳам қўллаш учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатиб турибди.Президентимиз маърузасида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги устувор вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмаслигини таъкидлаш жоиз. Зеро, кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш бўйича туб ва ижобий маънодаги портлаш эффектини берадиган ўзгаришларни амалга оширмасдан туриб, истиқболдаги мақсадларимизга эришиш қийин экани маърузада алоҳида қайд этилди. Энг асосийси эса ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юксак даражага эришган илғор мамлакатлар сафига қўшилиш асоси экани таъкидланди. Дарҳақиқат, бугунги кунда алоқа воситалари орқали узатиладиган ахборот жамият ривожининг энг муҳим шартларидан бирига айланди. У ишлаб чиқариш ресурси, инсонлар орасидаги алоқани таъминловчи қудратли восита ҳам ҳисобланаяпти. Шу маънода, мамлакатимизда мазкур соҳани янада ривожлантиришга стратегик йўналиш сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилнинг ўзидагина телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида кўзда тутилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида узунлиги 180 километрдан зиёд бўлган Бойсун-Денов, Ургут-Шаҳрисабз оптик толали алоқа линияси ишга туширилгани, Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида телеузатиш мосламаларини ўрнатиш орқали рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 42 фоизга, мобиль телефондан фойдаланувчилар сони 20 млн., Интернетдан фойдаланувчилар 9,4 млн. етгани ушбу фикрга мисол бўла олади. Бугун Ўзбекистонда 20 га яқин телекоммуникация операторлари фаолият олиб бориб, улар телекоммуникация тизимида 28 та йўналиш бўйича дунёнинг 180 та мамлакатига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эгалар. Бир сўз билан айтганда, ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизни тубдан ўзгартирди. Бу айни пайтда одамларимизнинг дунёқарашига ҳам бевосита таъсир этаяпти. Яъни, ахборот-технологиялари ривожи билан бирга жамиятда ҳам туб сифат ўзгаришлари юз бермоқда. Бугун Ўзбекистоннинг энг узоқ чўл ёки тоғли ҳудудларидаги фуқаро ҳам оламшумул жараёнлардан хабардор бўлиши баробарида ўзини уларнинг тўлақонли иштирокчиси, деб ҳис этмоқда. Давлатимиз раҳбари маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар, хусусан, «Электрон ҳукумат» тизимини, шу жумладан, бошқарув жараёнлари, шунингдек, бизнес соҳасига ва фуқароларга давлат интерактив хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш, ахборот тизимларининг идоралараро ва идоравий комплексларни интеграция қиладиган миллий тизимни яратиш, замонавий технологиялар асосида видео-телефония, интернет-телевидение, юқори тезликдаги Интернет хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичидаги долзарб вазифалардандир, десак муболаға бўлмайди. Юқоридаги йўналишлар амалга оширилиши натижасида замонавий компьютер ва ахборот технологиялари талабларига мос, тубдан янгиланган ахборот-коммуникация тармоқлари вужудга келади. Бу эса, ўз навбатида, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечириши, турмуш даражасининг муттасил ошиб боришини таъминлаш, партиямиз электорати бўлган тадбиркорлик субъектлари учун қулай бизнес муҳитини яратишда ҳам муҳим омил бўлиши аниқ. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме