12:01 09.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Вазир ўринбосари қўмитага ваъда берди
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2010 йил якуни ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагидаги ижроси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди.
Қуйи палата депутатлари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари қатнашган тадбирда молия вазирининг ўринбосари Мубин Мирзаев, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроевнинг кун тартибидаги масала бўйича ҳисоботлари тингланди.
— 2010 йилда иқтисодиётни ривожлантиришга давлат бюджети ҳисобидан ажратилган 1 513,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағнинг 1 033,5 миллиард сўми қишлоқ ва сув хўжалигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани соҳага жуда катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади, — деди қўмита раҳбари, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев. — Хосилдорлиги паст ерларда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига рентабелликни таъминлаш мақсадида қўшимча яна 104, 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани натижасида фойдаланиладиган ер майдонларининг мелиоратив холати тобора яхшиланиб бормоқда. Бунда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ташкил қилингани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан 106 та объектда реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, шундан 62 таси янги, 44 таси эса йилдан-йилга ўтувчи объектлардир. Шунингдек, ҳисобот даврида 274 та мелиоратив объектда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилиб, 13149,9 километрлик коллектор-дренаж тармоқларида механизациялашган тозалаш-ковлаш ишлари амалга оширилган. Пудрат ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2010 йилда 27,2 миллиард сўмлик 335 та махсус техника ва тегишли асбоб-ускуналар харид қилинган.
Йиғилишда ана шундай натижаларга қарамай, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси фаолиятида айрим камчилик ва нуқсонлар борлиги ҳам тилга олинди. Жумладан, ҳисобот даврида 1236,8 миллион сўм миқдоридаги маблағлар нотўғри сарфланиши ҳисобига унинг 1002,9 миллион сўми бюджетга қайтарилган.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комиловнинг фикрича, жамғарма фаолиятидаги камчиликчиликлар фақат маблағларни мақсадсиз сарфлашдангина иборат эмас. Жамғарма томонидан коллектор-дренажларни таъмирлаш ва зовурларни тозалаш борасидаги ишларнинг сифатсизлиги, айрим ҳудудларда номигагина фаолият олиб бориш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Хусусан, зовурларнинг катта йўл бўйига яқин қисми талаб даражасида тозаланганига қарамай, айрим фермер хўжаликлари ҳудудидан ўтган ички тармоқларга умуман эътибор қаратилмаяпти.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси раҳбари Асилбек Юсупов эса бундай ҳолатларга йўл қўйилмаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, жамғарма ҳузуридаги махсус инспекция томонидан лойиҳага киритилган объектлардаги ишларнинг сифати ва муддати қатъий назоратга олинган. Ҳар бир зовур қандай тозаланганини инспекция ходимлари жиддий кўрикдан ўтказадилар.
— Унда инспекция ходимларини ўзим сайланган Бўка туманидаги Алимкент қўрғонига таклиф қиламан, — деди Фахриддин Комилов. — Яқинда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳам партия электорати бўлган фермерларнинг жойларда мелиоратив объектларнинг аҳволи ёмонлиги ҳақидаги эътирозлари ўринли эканига амин бўлдик.
Мазкур муаммога муносабат билдирган қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев эса бу масалани шахсан жойларига чиқиб ўрганишини ва натижалар хусусида қўмита аъзоларига албатта ҳисобот беришини маълум қилди.
Шу ўринда O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан кўтарилган муаммо фақат Тошкент вилоятида эмаслигини, хусусан, халқ депутатлари Бешариқ туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан «2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури»нинг ушбу тумандаги ижроси ўрганилганда ҳам ана шундай камчилик ва нуқсонлар аниқланганини таъкидлаш мумкин.
Депутатлик гуруҳи аъзолари тақдим этган маълумотномада қайд этилганидек, «2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури»га асосан Бешариқ туманида айрим лойиҳалар ҳатто якунига етмагани фракция аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ниҳоятда асосли эканини кўрсатади.
Йиғилишда ана шундай таклиф ва тавсиялар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил якуни ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагидаги ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисига киритиш тўғрисида қўмита қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме