16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ватанни севиш юксак масъулиятдир
Шаҳрисабз туманидаги “Паҳлавон” ташҳис ва даволаш маркази шифокори, O`zLiDeP бошланғич партия ташкилоти раиси Абдулла Йўлдошев билан мулоқот
Янги замон одами бугунги ислоҳотлар жараёнининг оддий томошабини эмас, балки фаол иштирокчиси бўлиши лозим. Ана шундагина ҳуқуқий-демократик давлатни тезроқ барпо этамиз. Очиғини айтганда, тиббиёт соҳасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Уларни фақат соҳа ходимларигина теран англайдилар.
Келинг, шу ўринда ечимини кутаётган бир масалага тўхталсам. Яна беш-ўн йилдан сўнг вилоятимизда олий маълумотли акушер-гинекологлар камайиб кетиши мумкин. Чунки тиббиёт институтларида тўққиз йил ўқиш керак. Шунинг учунми, ҳозир тиббиёт институтига ўқишга киришдан олдин қизлар ўйланиб қолишаяпти. Вилоятнинг чекка қишлоқларида малакали шифокорлар кам. Шаҳарда ўқиган олий маълумотли мутахассис қишлоққа бориб ишлашни истамайди. Демак, қишлоқ қизларига тиббиёт олийгоҳларида ўқиш учун имтиёз бериш керак. Токи қишлоқ аҳолиси шаҳардан яхши шифокор излаб, қимматли вақти ва маблағини сарфламасин. Шу маънода қишлоқларда хусусий шифохона очаётган тадбиркор-шифокорлар қўллаб-қувватланмоқда. Бу ишларни кучайтириш учун тиббиётчи депутатларнинг сиёсий фаолияти жуда зарур, албатта.
Назаримда, ўзи вакили бўлган сиёсий куч билан алоқани узиб қўйган етакчи ҳеч қачон электорат ишончини қозона олмайди. Туман кенгаши томонидан ташкил этиладиган барча тадбирларда қатнашишга, оммага яқин бўлишга ҳаракат қиламиз. Fоявий-сиёсий ишларни янада кучайтириш учун эса барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Туманимизда оилавий тадбиркорлик, касаначилик ҳаракати кенг йўлга қўйилган. Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда икки юзга яқин хотин-қизни касаначилик соҳасида иш билан таъминладик, тадбиркорлар ёрдамида уларга тикув машиналари олиб бердик. Паррандачилик, мевачилик, лалмикор узумчиликдан даромад топаётган аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бораётир. Авазмалик қишлоғи фуқаролари тиббий хизмат даражасининг ночорлигини билдиришиб, бошланғич ташкилотимиздан ёрдам сўрашган эди. Марказимиз раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Улоч Ярашевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида янги ҚВП қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни кунда бу ерда замонавий тиббий хизмат кўрсатилаяпти. Шу туфайли аҳолининг партиямизга бўлган эътибори ва ишончи ортиб бормоқда. Умуман, ўтган давр мобайнида БПТ фаоллари кўмагида ўнлаб муаммоларнинг мақбул ечимлари топилди.
— Марказ қошидаги бошланғич партия ташкилоти ўз олдига қандай мақсадларни қўйган? Бошқача айтганда, қуйи бўғин ишини давр талаблари даражасида ташкил этиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
— Биринчи галдаги вазифа — партия аъзоларининг сиёсий билимларини ошириш, тафаккури ва дунёқарашини ўзгартириш, уларни тагишли партиявий топшириқлар билан қамраб олишдир. Мана шу икки тамойилга амал қилинмаган жойда кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Тан олиш керак: ҳозирга қадар қоғоздагина фаолият кўрсатаётган бошланғич партия ташкилотлари оз эмас. Улар ишини жиддий таҳлил қилиш, етакчиларни қайта синовдан ўтказиш вақти келди.
Масалан, ўзимиз ҳафтасига икки марта йиғилишиб, партиявий фаолиятни жонлантириш юзасидан фикрлашиб оламиз. Фаоллар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этамиз. Буларнинг бари БПТ ишини жонлантиришга хизмат қилмоқда. Партиянинг сифат таркибини яхшилашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. 15 нафар аъзомизнинг барчаси билимдон ва ташаббускор кишилар. Шаҳримиздаги маҳаллалар ва қишлоқларда тез-тез бўлиб, эл саломатлигини таъминлаш билан бирга партиянинг дастурий мақсадларини кенг тарғиб қилишаяпти. Бунда Саид Файзуллаев, Нодира Худойбердиева, Дилором Собирова каби фаолларимизнинг номини алоҳида тилга олиш мумкин. Вилоят кенгаши қошидаги “Сиёсий таълим маркази” томонидан ташкил этилаётган ўқув машғулотлари ҳам бизга кўп нарса бераяпти.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим. Бошланғич ташкилотимизда Президентимизнинг “Бизнинг йўлимиз — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир” номли маърузаси ҳамда “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, тегишли тадбирлар белгиланди. Шу асосда жойларда ғоявий-сиёсий ишлар кучайтирилмоқда. Ҳозирга қадар йигирмадан ортиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилди.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr”
Обсудить новость на Форуме