18:15 16.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ВИЛОЯТ КЕНГАШИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда кун тартибига O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 31 октябрдаги 1633-қарори ижросининг бориши тўғрисида”ги масала юзасидан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Туробжон Жўраевнинг ҳисоботи эшитилди. Маърузачи таъкидлаганидек, Президентимиз қарори янги ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати корхоналарини, шунингдек, гўшт-сут, мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш ва ишлаётганларини реконструкция ва модернизация қилишга йўналтирилган. Унинг асосида 2012-2015 йилларда озиқ-овқат саноатини кенгайтириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиб, улар юзасидан тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган. Дастурларни амалга ошириш бўйича вилоятда аниқ чора-тадбирлар белгиланган. 2012 йилда вилоятда 1,5 млн. тонна сабзавот, полиз, мева, узум, картошка маҳсулотлари ва 236 минг тонна гўшт, 897 минг тонна сут етиштирилиб, 128 минг тонна мева-сабзавот, 21,8 минг тонна гўшт, 79,5 минг тонна сут маҳсулотлари қайта ишланди. Ҳисоботда айтилишича, Президентимиз қарорига асосан вилоятда 2012-2015 йилларда Қарши ва Косон ёғ экстракция заводларини модернизациялаш бўйича қиймати 2,3 млн. долларлик лойиҳалар ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, жумладан, гўштни (8 та), сутни (11 та) ва мева-сабзавотни (9 та) қайта ишлашга қаратилган умумий қиймати 5,3 млрд. сўмлик 28 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллаган. Бу лойиҳаларнинг 17 тасида модернизация қилиш ва 11 тасида янгидан ташкил этиш кўзда тутилган. 2012 йилда 9 та, 2013 йилда 7 та, 2014 йилда 5 та, 2015 йилда 7 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозиргача Қарши ёғ-экстракция заводининг дезодорация ва экстракция цехларида 592 минг долларлик модернизациялаш амалга оширилиб, ускуналар тўлиқ ўрнатилди. Косон ёғ-экстракция заводи дезодорация ва экстракция цехларида ҳам 1 млн. долларлик модернизациялаш ишлари бажарилди. Бу ердаги омухта ем омборхонасида қурилиш ишлари якунланмоқда ёки белгиланган маблағнинг 70 фоизи ўзлаштирилди.Умуман, жорий йилнинг шу давригача вилоятда қиймати 895 млн. сўмлик 8 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, Китоб туманидаги “Севинч” фирмасида ва “Севаз табиий шарбатлари” корхонасида ўсимлик ёғи, “Алибобо орзуси” корхонасида қуруқ сут, Қарши шаҳридаги “Грандбек Реал Инвест” корхонасида гўштни қайта ишлаш линиялари ишга туширилди. Президентимизнинг жорий йилнинг 30 апрелдаги 1961-қарори ҳам вилоятда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу қарорга асосан 2013-2015 йилларда қиймати 11,5 млрд. сўмлик 21 та, шу жумладан, 2013 йилда қиймати 3,1 млрд. сўмлик 6 та, Вазирлар Маҳкамасининг йил бошида тасдиқланган баёнига асосан эса 19 та қўшимча лойиҳа амалга оширилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришнинг 2013 йилга мўлжалланган манзилли дастурига киритилган лойиҳаларни белгиланган муддатларда бажариш юзасидан вилоят ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда тармоқ жадваллари ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори
Обсудить новость на Форуме