10:45 11.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Устувор вазифалар ижроси учун барчамиз бирдек масъулмиз
Мансур ЗОКИРОВ,
O`zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши раиси
Президентимиз Ислом Каримов томонидан «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»нинг яратилиши, шубҳасиз, ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар, давлатчиликнинг ривожланиши ва фуқаролик жамиятига ўтиш жараёнида фуқаролар сиёсий онгининг ўсиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Дунёнинг таниқли сиёсатшунос олимлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётган ушбу Концепция сиёсий партияларнинг ролини ошириш ва давлат бошқарувини янада демократлаштириш масаласини кун тартибига қўйдики, бунда парламентда кўпчилик ўринни эгаллаган O`zLiDePдан ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Концепция талабларига мослашиш ва шу асосда ўзининг режа ва дастурларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этаяпти.
Бунинг учун эса ҳар бир партия аъзоси, у депутат бўладими, бошланғич ташкилот аъзосими, ўз ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг энг фаол иштирокчисига айланиши керак. Зеро, сайловлар даврида сайловчилар сиёсий партиялар номзодларига улар томонидан илгари сурилган ғоя ва мақсадларга қараб овоз берганлар. Муайян вақт ўтгач эса ҳар бир сайловчи ўз орзу-умидини ана шу партиядан сайланган депутатлар орқали амалга оширилганини кўришни хоҳлайди.
Шу боис ҳам бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ўз амалий ҳаракатлари билан самарали фаолият олиб боришга интилмоқдалар. Фракция йиғилишларида вазирлик ва бошқа давлат идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, масала моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилинмоқда. Айтиш жоизки, жойлардаги айрим муаммолар ечимини топишда ана шу амалиёт яхши натижа бераяпти.
Хўш, бу борада халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари қандай ишларни амалга оширмоқдалар? Депутатларимизнинг бугунги фаолияти Президентимиз Концепцияси талабларига тўла жавоб бераяптими? Маҳаллий кенгашлардаги депутатлар ҳам у ёки бу маҳаллий раҳбар ҳисоботи ёхуд ахборотини сессиялар кун тартибига дадил кирита олаяптими?
Афсуски, бугун ана шундай саволларга ҳар доим ҳам ижобий жавоб қайтариш қийин. Бунга асосий сабаб «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш кўрилаётганидир. Бу эса O`zLiDeP фракцияси билан маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни талаб этади. Токи, қуйи бўғинларда ҳам парламент фракциясидагидек жараёнлар амалга ошсин. Зеро, шаҳар, туман партия кенгашларида изчил ишлар олиб борилишини, энг муҳими, ҳар бир O`zLiDeP аъзоси илғор позицияда туриши, партиянинг таянч нуқтаси бўлган бошланғич ташкилотларда ҳам ҳақиқий жонбозлик кўрсатилишини бугунги кун талаб этмоқда.
Тўғри, кейинги пайтларда янги сайланган депутатлик корпуси билан олиб борилган ишлар моҳияти ўзгармоқда. Айниқса, шаҳар ва туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантиришда ижобий натижалар кузатилаяпти. Баъзи ҳудудларимизда маҳаллий кенгаш сессияларига киритилаётган масалалар муайян муаммоларни ҳал этиш имконини бераяпти. Бу ҳақда сўз кетганида, Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан биргина жорий йилда вилоят кенгаши сессияларига бир қатор масалалар киритилиб, улар қизғин мунозараларга сабаб бўлганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланишини таъминлаш, улар учун бу борада тегишли имтиёзлар белгилаш масаласи сессия кун тартибига киритилгач, ижобий ечим топди. Депутатлик гуруҳи томонидан вилоят кенгаши сессиясига киритилган яна бир муҳим масала бу вилоятда футболни ривожлантириш билан боғлиқ эди. Бунда ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Ромитанлик депутатларимиз эса туманда тадбиркорликни ривожлантириш ишларининг самарадорлигини ошириш тўғрисидаги масалани кун тартибига киритдилар. Аммо бугун ана шундай натижаларга қарамай, бу борадаги ишларни изчил ва етарли, деб бўлмайди. Айрим ҳудудларимизда партия ташкилотлари билан депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Кадрлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, ишни ташкиллаштириш масалаларида ҳам муаммолар сақланиб қолаяпти. Бир қарашда оддий бўлиб кўринаётган бундай масалаларни ҳал этмай туриб эса кутилган натижаларга эришиб бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Концепциясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, биз ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини доимо депутатлик корпусининг, улар орқали эса сайловчиларнинг назоратида эканини сезиб туришларига эришишимиз лозим. Табиийки, бу жараён ҳар томонлама етук, ўз маслагига содиқ кадрлар захирасини талаб этади. O`zLiDeP ана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда партиянинг барча бўғинларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини мунтазам ошириши ва жамиятни эргаштира оладиган лидерларни тарбиялаши зарур. Зеро, Юртбошимиз Концепциясида илгари сурилган устувор мақсадлар ҳам биздан шуни талаб этаётир.
Обсудить новость на Форуме