20:32 25.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2013 йилги фаолияти таҳлили ҳамда Соғлом бола йилидаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши масъул ходимлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б.Алихонов, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси М.Тешабоев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар натижасида янги ҳуқуқий муносабатлар вужудга келаётир. Бунда соҳага оид ҳуқуқий асосларнинг нечоғли пухта ишлаб чиқилгани ва давр талаблари асосида янада такомиллаштирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни вақтда мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш билан боғлиқ 17 қонун ва улар асосида қабул қилинган 110 дан ортиқ қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қўмитанинг 2013 йилги қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, “Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси асосида Солиқ кодексига, “Фермер хўжалиги”, “Деҳқон ҳўжалиги” тўғрисидаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Фармонда белгилаб берилган имтиёзлар ва қатор имкониятларнинг қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши мулкдорларга янада қулайлик яратмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси фаолларининг ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг аграр қонунчилиги” китоби нафақат деҳқон-фермерлар, балки тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчи ва талабалари, тадқиқотчилар учун ҳам муҳим қўлланма вазифасини ўтамоқда. Айни пайтда “Ветеринария тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, “Асаларичилик тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида”ги янги қонунлар лойиҳалари тайёрланмоқда. Йиғилишда аграр соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Журналистларнинг саволларига жавоб берилди.
ЎзА, Сайёра Шоева, 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме