23:30 27.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 
Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Савдо-саноат палатаси вакиллари, партиянинг депутатлик гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, партия электорати – тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш – ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” маърузасида белгиланган мақсад ва вазифалар муҳокама этилди ҳамда партиянинг уларни амалга ошириш борасидаги устувор вазифалари белгилаб олинди.  
Мажлисда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари маърузасининг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, соғлом баркамол авлодни тарбиялашдаги тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.  
“Маърузада мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида ислоҳотлар натижаларини ҳис этаётгани чуқур таҳлил этилган. Ана шу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баравар ўсди. Жаҳон бўйлаб ҳамон давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамай, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2008-2013 йилларда 8 фоиздан ошди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолининг реал ялпи даромадлари жон бошига 8,2 баравар ошганининг ўзи халқимизнинг турмуш даражаси тобора ўсиб бораётганидан далолат беради. ЯИМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 54 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеи ошди”, - деди С.Турдиев. 
Президентимиз маърузасида юртимиздаги кенг кўламли демократик, либерал ислоҳотларнинг бориши батафсил таҳлил этилган, жамиятни янада либераллаштириш ва демократлаштириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг ёруғ келажаги сари энг муҳим устуворликлар белгиланган.
Қўшма мажлисга тайёргарлик кўриш жараёнида партия фаоллари ва депутатлардан иборат махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. У жойларда партия электорати билан учрашувлар ўтказиб, давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама тушунтириш, кенг жамоатчиликни мамлакатдаги ислоҳотларнинг бориши, парламент фаолиятидан хабардор қилиш  бўйича ишларни амалга оширди. Учрашувлар Президентимиз маърузаси мамлакатимиз жамоатчилиги ва партия электорати томонидан қизғин кутиб олингани, улар қалбида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлардан фахрланиш, маърузада белгиланган устувор вазифаларни ҳал этиш учун масъулиятни ҳис этиш ҳамда Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида бирлашиш ва жипслашиш истагини намоён этди. 
Тадбирда Президентимиз маърузасининг демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтириш, ҳар томонлама ривожланган, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги тарихий аҳамияти алоҳида қайд этилди. Мамлакатда демократик ва бозор ўзгаришлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани тилга олинди. Жумладан, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”, “Хусусий банк ва молиявий институтлар ва уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” каби кўплаб муҳим қонунлар қабул қилинди. Улар мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушини кенгайтириш, улар фаолиятига янада кўпроқ эркинлик бериш, мулкий муносабатларни ривожлантиришга катта таъсир кўрсатмоқда.
Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ҳуқуқий давлатни барпо этишни кўп партиявийлик тизимисиз, мустаҳкам парламент институтисиз, ҳокимият бўғинларини бўлишнинг конституцион тамойилини тизимли амалга оширмасдан тасаввур қилиш қийинлигини эътироф этди. 
- Сўнгги уч йил давомида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”ни амалга ошириш доирасида Конституциямизнинг айрим моддаларига ўзгариш ва қўшимчалар киритилди, қонунлар қабул қилинди, улар парламент, сиёсий партияларнинг давлат, сиёсий тузилма тизимидаги аҳамияти ва ролини салмоқли равишда кучайтирди, - деди депутат. - Партиялар ўз дастурий вазифаларини самарали амалга ошириши учун сифат жиҳатдан янги имкониятларга эга бўлди, фракцияларнинг парламент қонун ижодкорлиги фаолиятидаги, депутатлик гуруҳларининг вакиллик ҳокимият органларидаги ваколатлари кенгайди. Бугунги қўшма мажлисда O‘zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қонунчилик жиҳатдан таъминлаш, жойлардаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан назоратни амалга ошириш, дастурий вазифалар ва сайловолди платформани ҳаётга татбиқ этиш борасида тақдим этилган имкониятлар ва ваколатлардан фойдаланиш масалаларини танқидий нуқтаи назардан муҳокама этди.
Муҳокамалар якуни бўйича бутун иш фаолиятини ҳозирги кун, замонавий воқелик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурияти таъкидланди. Хусусан, O‘zLiDePнинг дастурий вазифаларини, давлат ва жамият қурилишининг энг муҳим жиҳатлари бўйича ёндашувига оид услуб ва нуқтаи назарларни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди. 
Фракция ва вакиллик ҳокимияти органларидаги партиявий гуруҳларнинг ижро ҳокимияти органлари вакилларининг партия электорати манфаатларига алоқадор масалалар юзасидан ахборотлари эшитуви бўйича фаолиятини янада жонлантириш зарурлиги қайд этилди. 
Тадбирда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг мамлакатимиз аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантиришдаги асосий бўғин сифатидаги роли ва аҳамиятини ошириш O‘zLiDePнинг энг муҳим дастурий вазифалари эканини ҳисобга олиб, Президентимиз маърузасидаги фикр-мулоҳазаларни фермерлар, партия электорати вакилларига кенг етказиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Қўшма мажлис иштирокчилари томонидан, шунингдек, ҳар жиҳатдан етук, соғлом авлодни вояга етказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 
- Биз O‘zLiDePнинг 2014 йил – Соғлом бола йилида амалга ошириладиган аниқ мақсадли лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладик, - дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратининг Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Бегмат Очилов. - Мазкур лойиҳалар доирасида ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. 
Мажлисда ёшлар ва аёллар ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ушбу соҳадаги бошқа тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳокамалар якунида истиқболдаги режалар кўриб чиқилди. O‘zLiDeP партиявий тузилмаларининг келгуси фаолиятини Президентимиз маърузасида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда самарали ташкил этиш масалаларига оид аниқ қарорлар қабул қилинди.   
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме