21:45 12.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
УЛКАН МАҚСАД САРИ ТАШЛАНГАН ОДИМ
Президентимиз томонидан 2013 йилнинг «Обод турмуш йили», деб эълон қилиниши ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган Давлат дастурининг қабул қилиниши бугунги ҳаётимизда жуда муҳим аҳамият касб этади. Жорий йил Тошкент вилоятининг ўзида 1 минг 50 та оила учун янги, ҳар томонлама қулай, барча рўзғорбоп анжомлар билан таъминланган намунавий уйларни қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳамда хорижий инвестициялар ҳисобига ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилади. Бу борада партиямиз электоратини ташкил этадиган фермерлар алоҳида фаоллик кўрсатишларига ишонамиз. Чунки улар жойларда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдордирлар. Ҳозирда вилоятимизда 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Дунё андозалари даражасида маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳоли рўзғорини обод, дастурхонини тўкин қилиш уларнинг эзгу мақсадига айланган. Ўтган йилдан бошлаб «Ангрен эркин индустриал-иқтисодий зонаси»нинг барпо этилиши вилоятимиз ҳаётида ўзига хос воқеа бўлди. Ҳозирда бу ерда умумий қиймати 186 миллион доллар миқдоридаги 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Яқин келажакда 245 миллион доллар ҳажмидаги яна 22 та истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилаётгани ҳам минтақадаги яратувчанлик ишлари нечоғли кенг кўлам касб этаётганидан далолат беради. Ангренда қурилаётган ва улкан ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги корхоналар фойдаланишга топширилгач, қанчадан-қанча юртдошларимиз, айниқса, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларини тугатган ёшлар иш билан таъминланишини бир тасаввур қилиб кўрайлик. O`zLiDeP вилоят кенгашининг ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишида ҳам «Обод турмуш йили»да амалга ошириладиган тадбирлар режасини кўриб чиқдик. Ҳозирда вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғи тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида кичик бизнес вакиллари томонидан ўндан ортиқ корхоналар фойдаланишга топширилиб, юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни касаначилик, кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш мақсадида ташкил этилган «Тадбиркорлик тамойиллари ишбилармонлик имкониятлари», «Соғлом оила — мустаҳкам оила», «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» акциялари ҳақиқатан ҳам салмоқли натижалар берди. Тадбиркорликни ихтиёр этган аёлларга тижорат банклари томонидан 1,5 миллиондан 15 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиб, шу ҳисобдан 200 га яқин янги иш ўрни яратилди. Умуман, «Обод турмуш йили»да кўзланган мақсадларимиз катта. Аҳоли ўртасида ғоявий-сиёсий тарбияни кучайтириш, бандлик даражасини ошириш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга муносиб ҳисса қўшиш, ёшларни касбга йўналтириш, уларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш партиямизнинг стратегик вазифаси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме