23:45 03.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Турмуш фаровонлиги — асосий масала
Таъкидлаш жоизки, тумандаги барча сиёсий партиялар вакиллари ўз дастурлари ва сайловолди платформаларидан келиб чиқиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишларни олиб бормоқдалар. Хусусан, халқ депутатлари туман кенгаши қошидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи вилоят кенгаши, «Аёллар» ҳамда «Ёшлар қаноти» билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий этиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларнинг депутатлари билан сиёсий муносабатларни янада кенгайтирмоқда. Депутатлик гуруҳлари йиғилишларида маҳаллий ҳокимлик, корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддиларининг турли масалаларга оид ҳисоботларини тинглаб бориш ўзига хос анъанага айланган. Жумладан, депутатлик гуруҳи яқинда туман ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Маҳмуд Ҳалимовнинг аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолияти ҳисобидан даромад олиш имкониятларини янада кенгайтириш, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, ушбу масала халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилди. Сессияда, шунингдек, яна бир масала — туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг 2012 йилги иш фаолияти ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинганлиги ва соҳа тараққиёти билан боғлиқ муҳим таклифлар ўртага ташланганлигини таъкидлаш ўринлидир. O`zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишларида банк, солиқ идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тинглаб борилади. Бу, ўз навбатида, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, электорат вакилларига ҳар томонлама молиявий кўмак бериш, имтиёзли кредитлар ажратишнинг қонуний меъёрларини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, депутатлик гуруҳининг 26 октябрда ўтказилган йиғилишида кун тартибидаги масалага алоқадор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари сўзга чиқиб, жойларда нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини кенг йўлга қўйиш ва унинг халқ хўжалиги тараққиётидаги аҳамияти хусусида сўз юритдилар. Йиғилишда, шунингдек, давлат инвестиция дастурининг тумандаги ижросига оид масала ҳам кенг муҳокама этилди. Депутатлик гуруҳи аъзолари халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясига тегишли таклифларни киритишга қарор қилдилар. Умуман, жорий йил бошидан бери ўтказилган депутатлик гуруҳи йиғилишларида туман бандликка кўмаклашиш маркази, маиший хизмат ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари раҳбарларининг янги иш ўринлари ташкил этиш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Муборак Наимова ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Юнус Бобомуродовнинг «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури ижросига оид ахборот ва ҳисоботлари тингланди. O`zLiDePдан сайланган депутатлар депутатлик сўровларини амалга оширишга ҳам жиддий эътибор қаратмоқдалар. Хусусан, депутат Баҳодир Ғаффоровнинг «Вобкентдарё»нинг тумандаги «Араблар» ва «Ҳолвагарон» қишлоқларидан ўтган қисмида — дарё ўзанининг чап томонида емирилиш ҳосил бўлганлиги сабабли 0,6-0,8 гектардан иборат экин майдонига салбий таъсир ўтказилаётганлиги билан боғлиқ депутатлик сўровига жавобан Хархўр-Дуоба ирригация тизими ҳавза бошқармаси томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, бу масала қисқа вақт ичида ижобий ҳал этилди. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Муборак Наимованинг Хўжаробод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш бинолардан бирини таъмирлаб, ундан қишлоқ врачлик пункти ва «Тез ёрдам» маскани сифатида фойдаланишга оид депутатлик сўровига туман ҳокимлиги раҳбарияти масъулият билан ёндашди. Натижада бу масала ҳам ўз ечимини топди. Шунингдек, депутат Шабон Ҳожиевнинг ерларни суғоришга мўлжалланган тик қудуқни қайта таъмирлаб ишга тушириш, қўшимча суғориш шохобчасини барпо этиш билан боғлиқ депутатлик сўрови ҳам эътибордан четда қолмади. Шу тариқа Кумушкент қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳолининг яна бир муаммоси ижобий ҳал этилди.Бир сўз билан айтганда, туман иқтисодиётини ривожлантиришда O`zLiDePдан сайланган депутатларнинг ҳиссаси катта бўлаётир.
Асхор ИСТАМОВ,«XXI asr»
Обсудить новость на Форуме