22:00 21.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ташаббус қанот ёзмоқда
O‘zLiDePнинг омма орасига янада чуқурроқ кириб бориш, ғоявий-сиёсий ишлар самарадоригини оширишга қаратилган чора-тадбирлари тобора кўпроқ самара бераётир. Айниқса, жойларда партиявий ишларни жонлантириш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита аппарати масъул ходимлари, парламентдаги фракция аъзолари ва ҳудудий партия ташкилотлари фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилингач, бу ишлар янада жадаллашди. Бундай натижаларни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида иш олиб бораётган ишчи гуруҳ фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу гуруҳ томонидан 280 га яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ўтказилган тадбирлар натижасида 300 нафарга яқин ҳамюртимиз O‘zLiDePга аъзо бўлди. 30 га яқин янги бошланғич партия ташкилоти тузилди. Юзма-юз мулоқотлар чоғида юртдошларимизнинг ана шундай учрашувларга эҳтиёжи катталиги, хусусан, партия фаолиятига нисбатан қизиқиши кучли экани яққол намоён бўлди. - O‘zLiDeP атрофида бирлашишдан мақсадимиз ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашишдан иборат, - деди “Munis deseign group” МЧЖ раҳбари, корхонадаги янги тузилган БПТ раиси Муҳиддин Ҳакимов. - Айниқса, партиянинг хусусий сектор вакиллари манфаатини ифодалаш борасидаги қизғин фаолияти бизни ана шу сиёсий қадамни қўйишга ундади. Қолаверса, ҳозирги давримиз ҳар бир тадбиркорнинг ижтимоий-сиёсий жабҳада ҳам фаол бўлишини тақозо этаётир. Учрашувлар давомида тумандаги “East butterfly” қўшма корхонаси, “Real ST Progress” МЧЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” ДУК ва бошқа бир қанча йирик ташкилотлар, шунингдек, “Олтинтепа-10”, “Гулистон”, “Наврўз”, “Яланғоч” каби ўнлаб маҳалла фуқаролар йиғинлари партия билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, бошланғич ташкилотлар очиш истагини билдирди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг O‘zLiDePга ишончи тобора ортаётганидан, омма ўртасида партия нуфузи кун сайин мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Республика Эндокринология марказида бўлиб ўтган учрашув ҳам диққатга сазовор. Партияга аъзо бўлиш хоҳишини билдирган бир неча ходим юртимизда йод танқислигини тугатишга қаратилган норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиқди. Уларнинг фикрича, ош тузи ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи айрим корхоналар қонунга хилоф равишда ўз маҳсулотлари таркибига йод моддасини қўшмаётир. Бу эса секин-аста салбий оқибатлар келтириб чиқариши тайин. - Уюштирилган тарғибот-ташвиқот тадбирларида аҳолидан турли йўналишларга тааллуқли 40 дан ортиқ таклиф келиб тушди, - дейди партия туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Бурҳон Аҳмеджонов. - Энг муҳими, кўтарилган баъзи муаммолар зудлик билан ҳал этилаётир. Масалан, “Нур” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчилар трансформаторга пойдевор бўлиб хизмат қилган бетон блоклар маҳалла кўркини бузаётганидан шикоят қилди. Ўша куниёқ эски қурилманинг қолдиқлари олиб кетилди, жой текисланиб, йиғилган чиқиндилардан тозаланди. Шунингдек, Қори-Ниёзий кўчасида яшаётган А.Парашутинанинг янги уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги талаби ҳам қисқа фурсат ичида қондирилди. “Лашкарбеги” маҳалласидаги пиёдалар йўлкасини асфальтлаш, “Оқибат” МФЙдаги баъзи уйлар иситиш тармоғини қайта таъмирлаш, “Тўрабува” жоме масжиди олдига светофор ўрнатиш, “Олимлар” маҳалласи учун гузар барпо этиш масалалари эса ҳал бўлиш арафасида. - Куни-кеча партиянинг туман Кенгаши фаоллари биз - Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига қимматли совғалар топширди, - дея миннатдорлигини изҳор этади Абдулла Ортиқбоев. - Гап совғада эмас, кўнгилда, эътиборда. Теваракдаги еттита маҳаллада яшовчи фахрийлар ҳам шундай эътибордан мен каби бошлари осмонга етганига ишончим комил. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тинимсиз изланиш, сабот ва қатъият, жонкуярлик ва ташаббускорлик билангина O‘zLiDeP салоҳиятини янада тўлароқ рўёбга чиқариш мумкинлиги ишчи гуруҳи фаолиятида ўз исботини топди. O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме