22:16 25.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тарих ортга қайтмайди
“Миллат бор экан, миллий давлат бор экан, унинг мустақиллиги ва эркинлигига, анъана ва урф-одатларига таҳдид соладиган, уни ўз таъсирига олиш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш, унинг бойликларидан ўз манфаати йўлида фойдаланишга қаратилган интилиш ва ҳаракатлар доимий хавф сифатида сақланиб қолиши муқаррар.
Шу маънода, бундай хавф-хатарларга қарши асосий қурол сифатида юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, аввало, униб-ўсиб келаётган янги авлоднинг ҳар томонлама баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун бўлиб вояга етиши учун кенг жамоатчилик ва аҳолимиз ўртасида маънавий-маърифий фаолиятимизни юксак даражага кўтаришнинг аҳамияти беқиёсдир”.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларида айтилган ана шу фикр мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, миллий давлатчилигимизни асраш, халқимиз тақдири ва келажаги, юртимиз тараққиёти учун қанчалар долзарб аҳамият касб этганини бугунга келиб янада теранроқ англаяпмиз.
Бугунги натижалар, улкан ютуқларимизга чуқурроқ назар ташлаб, улар моҳиятини англаб етсак, беихтиёр бундан 20 йил аввал, ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволга фахр билан жавоб қайтаргимиз келади. Эркинлик ва озодлигимизни қайтариб берган истиқлол туфайли мамлакатда янги авлод шаклланди. Унинг ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз.
Ана шу йилларда мамлакатимиздаги тинчлик ва хотиржамликдан энг кўп манфаатдор бўлган янги синф – мулкдорлар синфи шаклланганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Мамлакат сиёсий майдонида эса улар манфаатини ҳимоя қилувчи сиёсий куч — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси пайдо бўлди. Халқимизнинг Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани эса мамлакатимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш сари эзгу ниятларимизга эришишнинг асосий манбаи ва кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституциямиз қабул қилинганининг 19 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Юртбошимиз маърузасида билдирилган фикр-мулоҳазалардан эса эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш, ким қаерда ва қандай соҳада ишламасин эл-юрт, мамлакат келажаги учун ёниб, куйиб меҳнат қилиши лозимлигини ҳис этдик. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда мустақилликка, мана шу ёруғ кунларга эришиш йўлида кечирган синов ва машаққатларни, истиқлолимизнинг маъно-мазмунини сохталаштиришга қаратилган турли ҳаракатлар тобора ортиб бораётганини кўриш, кузатиш қийин эмас.
Аввало, собиқ совет ҳудудида эски мустабид тузумни кўрмаган, бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлмаган ёшларга нисбатан турли сохта талқин ва уйдирмаларни ишлатиб, уларнинг онгида кечаги совет даврини қўмсаш туйғуси ва кайфиятини уйғотишга қаратилган уринишлар намоён бўлмоқда.
Бундай ҳаракатларда совет империяси бўлмиш собиқ иттифоқнинг пароканда бўлишини табиий-қонуний ва мантиқий ҳол, деб баҳоламаслик, бунинг сабабини, авваламбор, бу тизимнинг сиёсий, иқтисодий, мафкуравий асосларининг ноқобиллигида кўрмаслик ҳолатлари яққол кўзга ташланмоқда”, деган фикрлари ҳар биримизни айниқса, сиёсий партиялар, жойларда фаолият олиб бораётган депутатлар корпусини дунёда ва ён атрофимизда рўй бераётган мураккаб жараёнларни чуқурроқ англашга, турли таҳдид ҳамда хуружлардан ҳушёр ҳамда огоҳ бўлишга ундайди.
Айни пайтда жаҳон халқларининг миллий давлатчилигига қаратилган хавф-хатарлардан бири бу, шубҳасиз, буюк давлатчилик иддаосидир. Бу ҳодисага муайян кучлар ва давлатлар томонидан бўладиган сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий ҳукмронлик ёки миллатлараро ва давлатлараро, минтақавий муносабатларда унга интилиш, деб ҳам таъриф бериш мумкин. Бундай иддао айрим миллатларнинг нафақат кўп миллатли империя доирасида, балки уни ўраб турган жуғрофий-сиёсий маконда ўзининг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш йўлидаги интилишларида ҳам намоён бўлади.
Тарихга назар ташласак, катта ва қудратли давлатлар сифатида тилга олинаётган айрим мамлакатлар кўпгина минтақаларни ўзларининг "ҳаётий манфаатлари" ҳудуди сифатида босиб олиб, узоқ вақт мустамлакачилик сиёсати юритганига ишонч ҳосил қиламиз. Айнан босиб олинган ҳудудларнинг хом ашё ресурсларидан фойдаланиш, бу мамлакатларнинг моддий ва маънавий бойликларини ўзлаштириш уларга улкан ва қудратли давлатга айланиш имконини берган. Натижада ўз атрофидаги мамлакатлар ва халқлар билан муносабатда ўзини устун, танҳо ва ягона, деб билиш, одамлар тақдири, халқлар келажагини белгилашда алоҳида мавқега даъвогарлик ифодаси сифатида баҳоланиши мумкин бўлган мумтозлик мафкураси уларни тарих саҳнасига олиб чиққан. Бундай мафкура давлат сиёсати асосига айланганида эса узоқ давом этган мустамлакачиликка хос иллатларнинг келиб чиқиши ва бутун бир минтақаларнинг вайрон бўлиши ҳолатлари юз берган.
Афсуски, бизнинг юртимиз ҳам буюк давлатчилик иддаосининг фалокатли таъсиридан четда қолмади. Она Ватанимиз узоқ вақт ҳукмрон шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг жафосини тотиб келди.
Фақат истиқлол туфайлигина собиқ мустабид тузум исканжасидан қутулиш имкони пайдо бўлди. Ўзбекистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, режали-тақсимот тизимидан воз кечиб, “ўзбек модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлини танлаб олди. Бугунги кунда ушбу модел асосида эришилган улкан натижалар ва ютуқлар, жамиятимиз ҳаётида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, мамлакатимизни модернизация қилиш йўлидаги дадил қадамлар дунё жамоатчилиги, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани бежиз эмас.
Ўтган йигирма йил мобайнида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўсиши 3,5 баробарни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баробарни, аҳолининг реал даромадлари 3,8 баробарни ташкил этгани, айниқса, эътиборга моликдир. Аҳоли турмуш даражасининг сезиларли равишда яхшилангани ва бунинг натижасида оналар ўлими 2 баробардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баробар камайгани, одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, жумладан, аёлларнинг ўртача умр кўриши 75 ёшга етгани мустақил тараққиёт йўлининг реал ҳосиласидир.
Дунёда ҳанузгача молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг барқарор тараққий этиб бораётгани, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи тобора юксалаётгани ҳам ана шу йўлнинг имкониятларидан далолатдир.
Мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни ҳеч қачон ортга қайтмайдиган, қатъий ва изчил тус олгани, одамларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ошаётгани, онгу тафаккури юксалиб, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётгани ҳам буни исботлайди, албатта.
Афсуски, бугунга келиб айрим мамлакатларда яна буюк давлатчилик иддаоси яқин ўтмишни қўмсаш ғояси билан уйғунлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Президентимиз таъкидлаганларидек, бундай қарашлар ортида содда кишиларнинг бош-кўзини айлантириб, ўз умрини яшаб бўлган ғояларини ҳаётимизга қайтадан тиқиштиришга, шу йўл билан яна эски тузумни тиклаш, бир сўз билан айтганда, миллий ўзлигимизни йўқотишга қаратилган интилишлар яширинганини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз зарур.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Хўш, бугунги кунда бундай иддаолар жонланаётганининг асосий сабаблари нимада? Жиддийроқ мулоҳаза юритсак, бу аввало, беҳисоб хомашё ресурслари, ишчи кучи, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмасликка уриниш, мустақил давлатларни эса ўз таъсири ва тазйиқидан халос бўлишига йўл қўймасликка интилишдан иборатдир. Шу билан бирга бунда халқаро майдонда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик устувор бўлиб бораётганини тушунмаслик, тўғрироғи тушунишни истамаслик ҳамда ўзининг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасига ортиқча баҳо бериш, уни бетакрор ва ноёб ҳодиса, деб баҳолаш яққол намоён бўлмоқда.
Хусусан, бу борада собиқ иттифоқ ҳаётини мақташ, унинг тарқалиб кетишини “тасодифий ҳодиса”, дея баҳолаб, бунда “ташқи кучларнинг таъсири”, “ички кучларнинг бузғунчилиги” каби омиллар асосий сабаб сифатида кўрсатилади. Аслида эса собиқ иттифоқнинг ғайриинсоний мазмун-моҳияти, унинг тарқалиши табиий жараён бўлиб, бу тарихий қонуният тўғрисидаги асл ҳақиқат хаспўшланмоқда.
Айнан бугунга келиб, айрим давлатлар томонидан танлаб олинган ва “шок терапияси”, “ташқаридан бошқариладиган иқтисод” каби тушунчалар устувор бўлган тараққиёт моделларининг таги пуч эканлиги кўриниб қолаётганидан кўз юммаслик керак. Бундай шароитда мазкур интилишлар асл ҳақиқатни яшириш, салбий натижа ва оқибатларни хаспўшлаш мақсадида одамлар диққатини бошқа томонга тортиш илинжи, ана шу мақсадни амалга ошириш йўлида қўлланилаётган сиёсий найранг билан боғлиқ ҳаракат сифатида ҳам намоён бўлаяпти.
Бундай шароитда эски даврни қўмсаш туйғуси ўша давлатларда тарихий жараёнларнинг айнан шундай амалга ошаётганидан афсусланиш, чорасизликдан қутулиш йўли сифатида диққатни тортишга хизмат қилувчи ғоя ва қарашларга айланаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Мақолага нуқта қўяр эканмиз, Юртбошимизнинг «Юксак маънавият —енгилмас куч» асаридаги қуйидаги хулоса бу борада барчамиз учун дастуриламал сифатида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигига яна бир бор амин бўламиз: «Ҳақиқат ва холисликдан йироқ бўлган, фақат ғаразли сиёсий манфаатларни кўзлайдиган бундай қарашлар ҳеч кимга наф келтирмайди ва ҳеч кимнинг обрўсига обрў қўшмайди, албатта.
Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим».
Қиёмиддин Назаров,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси раиси ўринбосари
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |