10:30 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тарғибот талаб даражасида эмас
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзстандарт агентлиги» мутасаддилари ва маҳаллий ҳокимликлар диққатига!
"Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги қонунда иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортларининг барча турлари ҳамда бошқа жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
— Ушбу қонун аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга йўналтирилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Раҳматилла Каримов. — Унда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу турдаги маҳсулотларни сотиш, реализация ва реклама қилишнинг ҳуқуқий асослари аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, 20 ёшга тўлмаган шахсларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларни сотиб олиши тақиқланади. Хусусан, қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосини таълим, спорт ва диний муассасалардан беш юз метр узоқликда амалга ошириш лозимлиги ҳам қатъий белгиланди. Бу, энг аввало, ёшлар ўртасида шу турдаги маҳсулотлар тарқалишини камайтириши билан бирга жамоат жойларининг тозалиги ва экологик мусаффоликни сақлашга ҳам ёрдам беради.
Хўш, 2012 йилнинг 6 апрелидан кучга кирган мазкур ҳужжатнинг жойлардаги ижроси талаб даражасидами? Аҳоли орасида қонуннинг моҳиятини тушунтириш юзасидан жойларда етарли ишлар олиб борилаяптими? Мухбирларимиз жойларда бўлиб, ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ушбу қонун фуқаролар, айниқса, 20 ёшга тўлмаганлар орасида алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тарқалишини чеклашга қаратилгани боис мамлакатда соғлом авлодни тарбиялашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, соғлом турмуш тарзи баркамол авлодни тарбиялашнинг асосидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда алкоголь маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ касалликлар ва жароҳатлар туфайли ҳар йили 2,5 миллион киши вафот этмоқда. Ачинарлиси, уларнинг 320 минг нафарини 15 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил қилаётганидир. Ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 20 турдаги хасталиклар орасида ҳам алкоголь маҳсулотлари истеъмоли етакчи ўринларни эгаллаши унинг инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарарли эканини ҳам кўрсатади, албатта. Жумладан, асаб-руҳий, юрак-қон томир, жигар циррози ва саратон касалликларининг ривожланишига аксарият ҳолларда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари сабаб бўлади.
Бундай ҳолатлар эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жуда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган қонун ижросига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади, албатта. Аммо ўрганишларимиз ҳамон айрим таълим ва спорт муассасалари ҳамда бошқа жамоат жойлари яқинида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан яширинча шуғулланаётган «учар тадбиркор»лар учраётганини ҳам кўрсатмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Сартепа мавзесидаги Самарқанд ҳуқуқшунослик коллежи яқинида жойлашган «Гулямов Ўктам», Санъат коллежи рўпарасидаги 64-уйда жойлашган ХТ «Гафаров Ф» савдо дўконларида коллеж ўқувчиларига тамаки маҳсулотларини сотиш ҳануз давом этмоқда.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган Б.Боймуродов шундоққина Навоий спорт коллежи рўпарасидаги автобус бекатида «фаолият» юритмоқда. Тамаки маҳсулотларингиз борми, — деган саволимизга, «барча хилидан топилади», дея жавоб олдик. Вилоят Матбуот уюшмаси мутасаддилари сотувчи Б.Мирзаев фаолият юритаётган дўкон орқали ҳудуд аҳолисини, айниқса, ўқитувчи ва ўқувчиларни матбуот нашрлари билан таъминлашни мақсад қилганлар, албатта. Аммо 16-ўрта умумтаълим мактаби рўпарасидаги матбуот дўконида “учар сотувчи” босма маҳсулотлар, концелярия моллари савдоси билан қаноатланмай, кенг ассортиментдаги тамаки маҳсулотлари савдосини ҳам яхшигина йўлга қўйиб олибди.
Навоий шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг қисқа муддатли текширишларни ўтказиш шўъба раҳбари Эркин Яҳёевнинг таъкидлашича, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишга рухсат берилган юридик шахслар дислокацияси қонун талаблари асосида қайта инвентаризациядан ўтказилиб, рўйхатлар тегишли қарор қабул қилиш учун шаҳар ҳокимлигига тақдим этилган. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйиш учун шаҳарда фаолият юритаётган 12 нафар участка солиқ инспекторлари ҳудудларга бириктирилган. Улар томонидан жойларда турли тадбирлар уюштирилиб, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига оид давлат сиёсати хусусида тушунтиришлар берилмоқда.
Маълумотларга қараганда, Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 7 та даволаш-профилактика муассасасида жами 193 нафар шифокор, 635 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатаяпти. Бирлашма бош статисти Назокат Аҳмедованинг айтишича, улар томонидан жорий йилнинг ўтган 4 ойида жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган жами 145 та турли тадбирлар ўтказилган. Уларда 3200 нафарга яқин тингловчи иштирок этган. Аксарият ДПМлар ҳудудида чекишни тақиқловчи ёзувлар чиқарилиб, қонун талаблари асосида чекувчилар учун махсус бурчаклар ташкил этилган.
Тошкент шаҳрида ҳам қонун талабларидан келиб чиқиб, бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганига қарамай, хали-ҳануз кўча-куйда «столча устидаги тижорат» усулидан кенг фойдаланилаётгани қонуннинг музмун-моҳиятини тушунтиришда етарлича ишлар олиб борилмаётганини кўрсатаяпти. Буни Тошкент олимпия захиралари коллежининг кириш жойида, Яккасарой туманидаги инглиз тилига ихтисослаштирилган 118-ўрта мактаб атрофидаги тамакифурушлар фаолияти кўрсатиб турибди.
Энг таажжубланарлиси, ана шундай фаолият билан шуғулланаётганларнинг аксарияти билан суҳбатлашганда, улар қонун қабул қилинганидан бехабар эканликларини, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганини билмасликларини таъкидламоқдалар. Бу эса қонуннинг қабул қилиниши билан чекланиб қолмасдан, уни жойларда тарғибот ва ташвиқот қилиш, ижросини назоратга олиш кераклигини ҳам англатмоқда. Мутахассислар бундай ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан тортиб, сиёсий партияларнинг қуйи бўғинларидаги кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари аъзолари масъулият билан ёндашишлари лозимлигини таъкидламоқдалар. Шунингдек, қонунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашдаги иштироки ва ваколатлари белгилаб берилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Демак, мазкур жараёнда барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши қонун ижросининг тўлиқ таъминланишига хизмат қилади.
Тўғри, қонун кучга кирганига бугун роппа-роса икки ой бўлди, холос. Аммо ёшлар саломатлиги, уларнинг муносиб турмуш кечиришлари билан боғлиқ масалага вақт тушунчасини қўллаш унчалар тўғри бўлмас, деб ҳисоблаймиз. Чунки биз ана шу муҳим қонун ижросига қанча тез киришсак, шунчалар фойдали бўлади. Шу ўринда бу масалада оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли ҳам муҳим эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумотларга қараганда, юртимизда бир ҳафтада ўртача 5-6 миллион нусхада босма нашрлар чоп этилади. Бу эса қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш имкониятлари ниҳоятда кенг эканидан далолат бермоқда.
Шундай экан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этишлари қонун ижросини қатъий назоратга олишда муҳим эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Обсудить новость на Форуме