11:00 08.02.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Танқиддан тегишли хулосалар чиқарилди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 27 январдаги қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан қонун чиқарувчи ҳокимият назорат ваколатларини амалга оширишнинг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқий механизмларидан марказда ва жойларда кенг фойдаланиш  учун барча чораларни кўриш кераклиги тўғрисидаги ниҳоятда долзарб вазифа ўртага қўйилиб, бу борадаги ишлар замон талаблари даражасида эмаслиги таъкидланган эди. «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да ҳам яна бир бор ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Хўш, Концепция эълон қилинганидан кейинги давр мобайнида O`zLiDeP ташкилий тузилмалари ушбу танқидлардан қандай хулоса чиқардилар? Халқ депутатлари вилоят кенгашларида 316, туман ва шаҳар кенгашларида 1900 га яқин аъзони бирлаштирган депутатлар корпуси 2011 йилни қандай натижалар билан якунлади?

Аниқ мақсадга йўналтирилган чоралар

  Юртбошимиз томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалардан хулоса чиқарган O`zLiDeP фаоллари жойлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятида мавжуд камчилик ва нуқсонларни тузатиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган бирламчи вазифалар қаторига партия сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этишда сусткашликка барҳам бериш, ижроия ҳокимияти фаолияти, айниқса, иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган қонунлар, Президент фармонлари ва давлат дастурларининг жойлардаги ижросини қатъий назоратга олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Хусусан, Ижроия қўмитанинг депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантиришга доир махсус қарори қабул қилиниб, тегишли кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Ўз навбатида вилоят ва туман (шаҳар) кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ана шу кўрсатмалар асосида ўз Низомларини тасдиқладилар.

2011 йилнинг ўзида ҳудудий кенгашлардаги депутатлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида махсус ўқувлар ташкил қилинди.

Сарҳисоб ва амалий самара

Кўрилган чора-тадбирлар туфайли ҳам 2011 йилда депутатлик гуруҳлари фаолиятида муайян ўзгаришларга эришиш учун мустаҳкам замин тайёрланди.

Аввало, вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида қабул қилинган  ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари чуқур ўрганилиб, уларда ўрин олган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка оид жами 524 масаланинг ижроси депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олинди. Ўтган йилнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб эълон қилинганлиги ва бу борада махсус давлат дастури қабул қилинганлигини инобатга олсак, депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олинган масалалар ҳудудий дастурларда энг асосий ўринни эгаллаганини англаш қийин эмас.

Бундай ёндашув эса кўплаб тадбиркор ва фермерларнинг тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган муҳим ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни рўёбга чиқаришларига имкон берди. 

Ўз навбатида, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар юзасидан назорат-таҳлил ишлари кучайтирилди. Натижада вилоят ва туман кенгашлари ҳамда уларнинг таркибида фаолият юритувчи доимий комиссияларга йил давомида жами 200 дан ортиқ  масала киритилди. Депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ана шу масалаларнинг 15 таси халқ депутатлари вилоят кенгашлари, 19 таси эса туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида муҳокама қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қайд этиш керакки, мазкур масалаларнинг барчаси ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалардир. Хусусан, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоят кенгашлари сессияларида партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, соҳани модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, замонавий суғориш тизимларини жорий этиш масалалари юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

Соҳада мавжуд муаммолар, айниқса, янги техника ва технологияларни жорий қилишдаги сусткашликлар, мелиорация тизимларини тартибга келтириш борасида белгилаб олинган дастурларни бажаришда йўл қўйилаётган нуқсонлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Тошкент шаҳар ва Наманган вилоят кенгашлари сессияларида эса «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан эшитувлар ўтказилди.

Жиззах ва Хоразм вилоят кенгашлари сессияларида эса ахборот-коммуникация технологияларининг ҳудудларда жорий қилиниши билан боғлиқ масалалар республика даражасидаги мутасадди раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилиб, мавжуд аҳвол объектив тарзда таҳлил қилинди. Маълумки, модернизация жараёнларининг ҳудудларда ҳам илдам бориши айнан ушбу технологияларнинг қандай татбиқ қилиниши билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам қўлга киритилган натижалар билан бирга, ижтимоий аҳамиятга молик объектларда, хусусан, мактаб ва коллежларда замонавий коммуникация технологияларини жорий қилишда камчиликларга йўл қўйилаётгани, соҳа кадрларини тайёрлашга етарли даражада эътибор берилмаётгани алоҳида таъкидланиб, вазиятни ўнглашга доир тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши сессиясида эса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, хусусан, уларни тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Айнан ушбу муҳокамалар натижаси ўлароқ вилоят кенгашининг 2012 йил 3 январда бўлиб ўтган сессиясида O`zLiDeP томонидан ишлаб чиқилган «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш борасида ҳаракат дастури» қабул қилинди ва вилоятнинг барча ташкилотларига ушбу дастур ижросини таъминлашда амалий ёрдам бериш вазифаси юклатилди.

Худди шундай фаоллик Навоий ва Самарқанд вилоятлари кенгашларида, Пахтаобод, Бешариқ, Каттақўрғон, Вобкент, ўаллаорол, Нишон, Норин, Нурота, ўиждувон ва бошқа бир қатор туманлар кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида ҳам кузатилди.

Шу ўринда O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари йиғилишларида жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳанинг тараққий этишига кенг имкониятлар яратиш борасида муҳим аҳамиятга молик бўлган 150 дан ортиқ масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, тегишли хулосалар чиқарилганини таъкидлаш лозим. Ўрни келганда партиявий, жамоат назоратининг бундай шакли қанчалик муҳим эканини ушбу эшитувлар натижасида кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоларнинг жойида ҳал этилгани ҳам кўрсатиб турибди.

Депутатлар фаоллиги ошгани ва уларга бўлган ишончнинг мустаҳкамланаётганини эса мурожаатлар сонининг ортганида ҳам кўриш мумкин. Илгари асосан марказий идораларга мурожаат қилган ишбилармонлар эндиликда бевосита маҳаллий кенгашлардаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳларига кўпроқ мурожаат қила бошладилар. Хусусан, кейинги олти ойда депутатлик гуруҳларига 1,5 мингга яқин мурожаатлар бўлгани ва уларнинг аксарияти депутатларимиз аралашуви билан ижобий ҳал этилгани бунга мисол бўлиши мумкин. Шу билан бирга, тадбиркорлар мурожаатлари асосида халқ вакиллари назоратнинг яна бир шакли – депутатлик сўровларидан ҳам унумли фойдаланишга киришдилар. Ўтган давр мобайнида маҳаллий депутатларимиз томонидан турли ташкилотларга 270 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Энг муҳими, эса 2011 йил якунига қадар уларнинг ярмидан кўпига тегишли жавоблар олиниб, 96 таси депутатлик гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилди.

Мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар

O`zLiDeP депутатлик гуруҳларининг 2011 йилдаги фаолиятини таҳлил қилар эканмиз, улар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ва эришилаётган натижалар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Фақат 2010 йилга нисбатан ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлаяпмиз, холос. Таҳлил қилинаётган йўналишдаги ишлар ҳали тизимли тарзда йўлга қўйилмагани эса бу борадаги ҳаракатларни кучайтиришни тақозо этади, албатта. Гарчи депутатлик гуруҳлари фаолияти, айниқса назорат йўналишидаги ишлар бир қадар жонланган бўлса-да, ҳали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсир эта оладиган даражада эмас.

Демак, 2012 йилда депутатлик гуруҳлари фаолиятини ана шу даражага олиб чиқишимиз лозим бўлади. Шундагина муайян муаммоларни ҳал этишда депутатлар ролини ошириш ва аҳолининг партиямизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўламиз. 

Айни пайтда барча ҳудудларда ҳам депутатлик гуруҳлари белгиланган вазифаларни бажаришга бирдек ёндошаётгани йўқ. Эскича қараш, партия ташкилотига эмас, аксарият ҳолларда маҳаллий ҳокимлик қош-қовоғига қараб иш юритиш иллатлари депутатларнинг сайловчи олдидаги обрў-эътиборига, пировардида, партия мавқеига салбий таъсир этаётир.   Бундай депутатлардан бирон бир масалани ҳокимлик ёки бошқарув органлари мутасадди раҳбарлари ҳукмига ҳавола этишни кутиш ҳам ноўриндир. Шунинг учун ҳам ҳудудий партия ташкилотлари бундай депутатлар фаолиятини қайта кўриб чиқиши, уларнинг қарашларини ўзгартириши ёки бундай аъзоларни партия сафидан чиқариш масаласини кун тартибига қатъий қўйиши керак.

Депутатлик гуруҳлари фаолиятидаги яна бир камчилик бу — уларда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва социал-сиёсий ҳолат юзасидан тўлиқ таҳлилларнинг йўқлигидир. Бу эса депутатларнинг ана шундай таҳлиллар ўтказишга тайёр эмаслигини ҳам кўрсатиб қўймоқда.

Шу ўринда маҳаллий ижроия органлари томонидан депутатлик мурожаатларига муносабатнинг ўзгариши ҳам мураккаб жараёнлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, ўтган йил давомида амалга оширилган 270 та депутатлик сўровининг қарийб учдан бири ижроия идоралари томонидан жавобсиз қолдирилгани, уларнинг нафақат депутат мурожаатига, балки ушбу мурожаат ортидаги аҳоли муаммосига бўлган муносабатидан дарак беради. Шулардан келиб чиққан ҳолда, партия Сиёсий Кенгаши 2012 йилда  депутатлик гуруҳлари фаолият самарадорлигини янада ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида бир қатор чора-тадбирларни белгилаб олди.

Ким нима билан банд?

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, партиямиз депутатлик гуруҳлари қонунда белгилаб берилган ваколатлар доирасида аҳолини, айниқса электорат вакиллари манфаатини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда. Гарчи бу борада 2011 йили маълум бир ижобий натижаларга эришилган бўлсада, аммо  O`zLiDeP  фаоллари вакиллик ҳокимияти тизими ролини, унда фаолият юритаётган депутатлик гуруҳларнинг таъсир доирасини янада кенгайтириш лозимлигини алоҳида таъкидламоқдалар.

Ижроия ва вакиллик ҳокимиятлари ваколатлари ҳақида сўз борганда, баъзи фикрларни айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Айрим ҳолларда популизм ва танқидбозликка муккасидан кетиб, ўз рақибларини айблаш илинжида ижроия ҳокимияти билан сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик гуруҳлари ваколатларини адаштириб юбориш, у ёки бу ҳудудда кам иш ўрни яратилгани ёхуд тадбиркорлик тузилмалари очилмаганида O`zLiDePни айблашга ўхшаш чиқишлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Хусусан, кейинги йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг айрим фаоллари ўз нашри орқали шунга ўхшаш чиқишларни уюштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай уринишлар ортида қонунлар билан турли ҳокимият тизимларига берилган ваколатлар доирасини тушинмаслик турибдими ёки ўқувчи, сайловчи эътиборини чалғитиб, айбни бошқаларга тўнкаш илинжими?

Қува ёки Касби каби туманида сартарошхона очиш ёки пойабзал таъмирлаш дўкони ишини йўлга қўйиш сиёсий партиянинг вазифаси, дея фикр юритаётган нашр рақиб партияни танқид қилсам бас, бу ишлар кимнинг ваколатига кириши биз учун мутлақо аҳамиятсиз нарса, қабилида иш кўраётгани қизиқ ҳолат, албатта.
Ваҳоланки, ушбу масалалар жуда муҳим бўлиб, уларнинг барчаси ўз ечимини топиши керак. Лекин, бу иш қонун билан берилган ваколатлар доирасида амалга оширилиши даркор, деб ҳисоблаймиз. Юқорида келтирилган маълумотлар эса O`zLiDeP айнан шу йўл билан, сиёсий партияларга берилган ваколатлар доирасида шу ишларни амалга оширишга ҳаракат қилаётганлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Озод РАЖАБОВ,
«XXI ASR»
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме