15:16 06.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари
2011 йил 3 июнь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида амалга оширилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” номли лойиҳанинг республика босқичи бўлиб ўтди.
Унда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, лойиҳанинг худудий босқичлари ғолиблари, банк-молия муассасалари вакиллари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермер аёллар иштирок этишди.
Тарбирда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акромова ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директори А.Сайфуллаевлар маъруза қилишди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақил ривожланишининг бутун даври мобайнида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим устуворликлари бу демократик жамият асоси сифатида мулкдорлар ўрта синфини шакллантириш ва янада ривожлантириш бўлган ва бўлиб қолади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятда ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчи ҳамда мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи кучидир.
Айнан шунинг учун мамлакатимизда хусусий сектор вакилларига имкон қадар мақбул шароитлар ва ишчан муҳит, имтиёзлар ва афзалликлар яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини ошириш бўйича тизимли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, республикамизнинг чекка ҳудудларида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, саноат корхоналарини барпо этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтириш, уларни иш билан бандлигини таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларда оилавий бизнесни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги фикримизнинг ёрқин намунасидир.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да белгиланган устувор вазифалар «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурини амалга оширишда сифат жиҳатдан янги сиёсий-ҳуқуқий шароитларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай имкониятларни вужудга келтирмоқда.
Мазкур концепция доирасидаги вазифаларни қамраб олган ҳолда O`zLiDeP “Аёллар қаноти” ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда амалга оширилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча худудларида амалий мулоқотлар ва ўқув-семинарлар ўтказилди.
Лойиҳа доирасида ўтказилган ўқув-семинарларда хотин-қизларга ўз бизнесларини йўлга қўйишда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан кенгроқ ва батафсил маълумотларга эга бўлгани ҳолда, уларга янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ва намунавий лойиҳалар устида ишлаш ва уларнинг мазмун моҳияти билан танишиш, ҳамда илғор фермер, тадбиркор ва ҳунарманд, касаначи аёллар тажрибасини оммалаштириш борасидаги таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида юрган хотин-қизларга қулай имкониятлар яратиб бериш, уларни мазкур йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иштирокчиларга бизнес режа тузиш, унинг аҳамияти, банклардан кредит олиш тартиби ва қонуний асослари хусусида ҳам кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган ўқув-семинарларда туман ва шаҳар босқичларида 6458 нафар хотин-қизлар иштирок этиб, вилоят босқичида 786 нафар хотин-қизлардан 42 нафари энг яхши бизнес режа соҳибалари сифатида республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлишди.
Тадбир давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, аёлларга тадбиркорлик фаолиятни бошлашга ва ўз ишини янада кенгайтиришга мўлжалланган кредитлар миқдорини кўпайтириш ҳамда уларни имтиёзли равишда берилиш тартиблари тўғрисида ҳам сўз борди.
Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, касаначилик, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, ишбилармон аёллар учун имтиёзли кредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий-иқтисодий билимларини ошириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этиш, аёллар орасида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди.
Республика босқичида энг намунавий бизнес лойиҳалари билан иштирок этган 30 нафар фаол хотин-қизларга тижорат банклари томонидан кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар топширилди.
Дарҳақиқат, жорий “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”да ташаббускор ва ғайрат-шижоатли тадбиркор аёллар ўз фаолиятида юрт равнақи ва эл фаровонлигини кўзлаб, меҳнат қилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараси эса уларнинг истиқболли режаларига қанот бағишлаши шубҳасиз.
Обсудить новость на Форуме