15:46 17.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тадбиркорлик иқтисодий тараққиёт таянчидир
O`zLiDeP фракцияси парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «Кичик бизнес субъектларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча имтиёз ва афзалликлар бериш, уларнинг назорат органлари билан ўзаро муносабатларини соддалаштириш, ташқи савдо операцияларини расмийлаштиришнинг ортиқча тартиб-таомилларини бартараф этиш, мамлакатимизда хорижий сармоядорларга қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш» мавзуида давра суҳбати ўтказди.Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг «Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» давлат дастури ижроси тўғрисида»ги қўшма қарорининг 3-бандида кўрсатилган вазифаларнинг Иқтисодиёт, Молия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Давлат солиқ ҳамда Давлат божхона қўмиталари томонидан қандай бажарилаётгани атрофлича муҳокама қилинди.Қизғин баҳс ва мунозаралар асосида ўтган мулоқотда алоҳида таъкидланганидек, Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида ўтган даврнинг ўзида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи 6 та қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 дан зиёд фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 15 га яқин қарори ҳам айнан тадбиркорлик учун ишончли кафолатлар тизимини яратиш, лицензия бериш қоидаларини соддалаштириш, рухсатномалар олиш тартиб-таомилларини қисқартиришга қаратилгандир. Натижада кичик бизнес субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божи икки бараварга қисқарди. Шунингдек, кичик корхоналар сирасига кирувчи тузилмалар ходимлари сонининг 100 кишигача етказилгани ҳам партия электорати кўнглидаги иш бўлди. – Кейинги 20 йил мобайнида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 3,5 бараварга, аҳолининг реал даромадлари эса 3,8 бараварга ўсганлиги, ҳеч шубҳасиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир, – деди парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Бахтиёр Иминов. – Фақат кейинги 11 йилдагина кичик корхона ва микрофирмалар сони 2 мартага кўпайиб, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31 фоиздан 54 фоизга ошди. Мамлакатимизда ҳар йили ташкил этилаётган иш ўринларининг 60 фоиздан зиёди айнан ана шу сектор ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам тадбиркорлик иқтисодий тараққиёт таянчига айланиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга ишбилармон доира вакиллари ўртасида ўтказилган сўровлар натижаси ҳам жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат бермоқда. Аммо йиғилишда ана шундай натижаларга қарамай, соҳа ривожига ҳалақит бераётган қатор муаммолар ҳамда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганига ҳам эътибор қаратилди. Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, жиҳозлар ва хомашё ресурсларини импорт қилиш, тайёр маҳсулотни экспортга чиқаришдаги расмиятчилик, бўш турган бино ва объектларни тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга бериш бўйича айрим маҳаллий ҳокимликларнинг ҳаракатсизлиги кичик бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолардир.– Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар ўртасида сўров ўтказиш мақсадида 356 мингдан зиёд субъектга анкеталар тарқатилди, – дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Улуғмурод Эрназаров. – Шу кунгача 175 мингдан ортиқ сўровноманинг 105 минг 557 таси таҳлил қилинди. O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, энергетика тизимини модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш баробарида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 477-моддасига киритилган янги норманинг амалда ишлаши юзасидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш, ҳар бир туманда бизнес субъектлари учун саноат зоналари ва истеъмол товарларининг улгуржи савдо базаларини ташкил этиш, тегишли идоралар билан ҳамкорликда носоғлом рақобатга қарши курашни кучайтириш долзарб вазифалар ҳисобланади.Молия муассасаларида кредит учун талаб этиладиган гаров таъминоти тартибини янада соддалаштириш, бу борада суғурта компаниялари ролини ошириш, банкларга электрон тарзда мурожаат қилишни йўлга қўйиш ва бунинг учун уч кунлик муддатда жавоб олишга эришиш, бизнес субъектлари томонидан норезидентларга хизмат кўрсатилганда банк орқали нақд пул тўлашга рухсат бериш, маҳсулотлар экспортида олдиндан тўловни бекор қилиш ҳам тадбиркорлик кўламининг янада кенгайишига хизмат қилади.Давра суҳбатида тадбиркор ва фермерлар томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазаларга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, пойтахтимиздаги «Azn techno» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Назиров корхона фаолиятини кенгайтириш учун жой топиш муаммосига тўхталди. Унинг фикрича, «Ўзбексельмаш» заводи ҳудудида саноат соҳасидаги тадбиркорлар учун ўзига хос технопарк яратиш зарур. Бу таклифни қўллаб-қувватлаган ишбилармонлар қонунчилик ва ижроия ҳокимияти вакилларини Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги йирик объектлар негизида ҳам ана шундай технопарклар очиш ташаббуси билан чиқишга чақирдилар.Бўстонлиқ туманидаги «Усмон ота» фермер хўжалиги раҳбари Хайрулла Муҳамедов эса мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги муносабатларини тартибга солувчи қонунлар мукаммал эканини, лекин уларнинг ижро механизмини таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қанчалик самара бераётганига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, фермерлар билан таъминот корхоналари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда минерал ўғитлар етказиб бериш борасида белгиланган лимит кўрсаткичларини қайта кўриб чиқиш зарур.Маълумки, ишбилармонлик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришда нотариусларнинг алоҳида ўрни бор. Лекин пойтахт вилоятининг Паркент тумани ва Бекобод шаҳридан ташриф буюрган тадбиркорлар ҳудудда бу борада жиддий муаммолар мавжудлигини таъкидладилар. Бошқача айтганда, узоғи билан ярим соатда битадиган иш учун нотариус ҳузурига киргунча икки-уч кунлаб вақт сарфланаяпти.Давра суҳбатида ижроия ҳокимияти вакиллари тадбиркорлар томонидан тилга олинган масалалар ва уларнинг ечими бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот бердилар. Ўз навбатида, Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда улар фаолиятига тўсиқ яратаётган баъзи муаммоларнинг бартараф этилиши бўйича қатъий парламент назоратини ўрнатишга ваъда бердилар.Хулоса қилиб айтганда, замонавий бозор иқтисодиётини барпо этиш, ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олиш асосий мақсадимиз экан, барча иқтисодий-ижтимоий, сиёсий-демократик ислоҳотларнинг пировард натижаси бу – энг аввало, инсон учун муносиб турмуш шароити яратиш, халқ фаровонлигини юқори поғонага кўтаришдир, десак муболаға бўлмайди. Жамият барқарорлигини таъминлаш, одамлар даромадини ошириш эса хусусий тадбиркорлик имкониятларидан қанчалик самарали фойдаланишимизга боғлиқдир. Ҳар қандай ўзгаришларга мослашувчан кичик бизнес – ўрта қатлам вакилларининг сафини янада кенгайтиришда эса соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга. O`zLiDeP фракцияси ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатини ана шу эзгу мақсад йўлидаги яна бир интилиш сифатида баҳолаш жоиз.Озод РАЖАБОВ«XXI-asr» ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме
29 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |