12:15 09.03.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал–демократик партияси Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
5 март куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал–демократик партияси Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва парламентнинг қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” мустақил Ватанимизнинг ривожланиш тарихида янги саҳифани очмоқда. Бунда мамлакатнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаш борасидаги энг муҳим вазифа олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тақдири учун мамлакат парламенти, фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партияларнинг ролини, ва энг асосийси, масъулиятлилигини оширишдан иборат эканлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари Концепция ҳар бир сиёсий партиядан ўз фаолиятини чуқур таҳлил қилиш асосида ислоҳотларнинг янги босқичи вазифаларини амалга оширишга тайёр бўлишни талаб этишини таъкидладилар. O’zLiDeP фаолларининг фикрича, партия тизимида янги талабларга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Ҳозирда партиянинг парламентдаги фракцияси, ҳудудий кенгашлар, бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар қизғин олиб борилмоқда.
Иштирокчилар Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда O’zLiDePнинг фаол иштирокини таъминлашнинг муҳим механизмларидан бири маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ва замон талабларига мослаштиришдир, деган фикрда якдил бўлдилар. Маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари воситасида партия қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ижроси устидан кучли партиявий назоратни амалга ошириши ва шу орқали маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига самарали таъсир кўрсатиши мумкин.
Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, партия Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш бўйича комиссияси ва маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларининг 2010 йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, Комиссия ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини ташкил этишда асосий эътибор O’zLiDePнинг сайловолди платформасида илгари сурилган мақсад-вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга ва партия электорати вакиллари – тадбиркорлар, фермерларнинг манфаатларини ҳимоялаш, уларга қўшимча қулайлик ва эркинликлар яратиб бериш масалаларига қаратилди.
Маълумотларга қараганда, 2011 йилнинг 1 январь ҳолатига республиканинг барча даражадаги сайлов органларидаги 6279 депутатлик мандатининг 2270 таси, яъни уларнинг 36,2 фоизи O‘zLiDePга тегишлидир.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят Кенгашларидаги 827 та депутатдан 335 таси, яъни 40 фоизи, туман Кенгашларидаги 4505 та депутатдан 1572 таси, яъни 34,9 фоизи, шаҳар Кенгашларидаги 812 та депутатдан 311 таси, яъни 38,3 фоизи O‘zLiDeP аъзоларини ташкил қилади.
Ҳудудлардаги маҳаллий вакиллик органларининг доимий комиссиялар фаолияти таҳлилига кўра, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят Кенгашларидаги доимий фаолият юритувчи комиссияларнинг сони 89 та бўлиб, уларда раҳбарлик қилаётган раислардан 38 таси (43 фоизи) O‘zLiDeP аъзосидир. Туман ва шаҳар Кенгашларида 1066 та комиссиялар тузилган бўлиб, уларнинг 362 тасига O‘zLiDeP вакиллари раҳбарлик қилмоқда.
Йиғилишда сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, мазкур кўрсаткичлар маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига таъсир кўрсатиш ва жойларда жамоатчилик назоратини ташкил этишда партияга етарлича имкониятлар яратиб беради.
Ўтган йилда барча худудларда партия депутатлик гуруҳлари томонидан “2010 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ички имкониятлардан фойдаланиш, жаҳон иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари Дастури” бажарилишини таъминлашга қаратилган партиявий чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиши таъминланди ва амалга оширилмоқда. Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг 750 дан зиёд ўтказилган йиғилишлари кун тартибларида партиявий чора-тадбирлар Дастурларининг асосий йўналишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиб борилди, дастурларни бажарилишига масъул бўлган 26 та ҳокимият ижроия органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан 2010 йил давомида вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари сессияларига партия депутатлари томонидан жами 275 та таклиф ва ташаббуслар киритилган ва уларнинг 77 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Жумладан, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутатлари саъй-ҳаракати билан Бўка туманида “Алхожар-Агро” фермер хўжалиги ҳудудида паррандачилик фермаси, Қуйи Чирчиқ туманида “Истиқлол“ фермерлар уюшмаси ҳудудида 15 минг бошлик паррандачилик фермаси ташкил этилди.
Бундан ташқари Юқори Чирчиқ туманида йилига 280 млн. дона қадоқланган ичимлик суви ишлаб чиқариш технологияси ўрнатилди, Қибрай туманида йилига 1000 т. мева ва полиз маҳсулотларини қайта ишлашни амалга оширадиган “ASVEN DISTELLERIES” МЧЖ ташкил этилди, Бўстонлиқ туманида йилига 32 минг т. қум ва шағал ишлаб чиқариладиган “EKOL BUILDING AND MATERIALS” ширкат корхонасида рудасиз қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан Самарқанд вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига “Вилоятдаги йўл қурилиши ва йўллардан фойдаланишни аҳволи тўғрисида”ги масала олиб чиқилди ҳамда мазкур масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2010 йил 28 декабрда тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, вилоятда йўл қурилиши, йўлларни таъмирлаш ва йўллардан фойдаланишни аҳволи етарли даражада эмаслиги қайд этилди, вилоят ҳокимлигининг мутасадди раҳбарларига йўлларни таъмирлаш борасида белгиланган йиллик режаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш ва йўл қурилиши, йўлларни таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тендер танловларига нисбатан талабчанликни ошириш, Самарқанд халқаро давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларни сақлашга ихтисослашган фойдаланиш давлат корхонаси ва вилолятдаги “Ягона буюртмачи хизмати” Инжиниринг компаниясига йўллар қурилиши ва таъмирлашда тупроқли асосни сифатли зичлаш, лаборатория синов ишларини вақтида ўтказиш, асфальт қоплама юзасидан равонликни таъминлаш, бордюр ва ирригация тармоқларини текис ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратиш вазифалари юклатилди.
“Жамоат транспорти хизматини йўлга қўйиш, йўл ва ер ости йўли қурилишини жадаллаштириш тўғрисида”ги масала Навоий вилояти Кенгашининг III сессиясида кўриб чиқилди. Натижада масала ижобий ҳал этилиб, шаҳар ҳудудида 30 нафар автобус қатнови йўлга қўйилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда партия депутатлик гуруҳлари ишини ташкил этишда мавжуд имкониятлар ва таъсир чораларидан ҳар доим ҳам унумли фойдаланилмаяпти. Комиссиянинг ўтган йил якунларига доир ҳисоботида келтирилишича, худудларда бу борада камчилик ва нуқсонлар, фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд.
Комиссия йиғилишида O`zLiDeP Андижон, Жиззах, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва кучайтириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил қилинмаганлиги танқид қилинди.
Комиссия қарорига асосан ҳудудлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамаларига ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг янада ўсишига қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни олиб кириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни талаб даражасида йўлга қўйиш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларга тижорат банкларидан кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаш, ёшларни бизнесга жалб қилиш асосида қишлоқ худудларида янги иш ўринларини ташкил қилиш вазифаларига бирламчи, устувор ва доимий эътибор қаратиш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзоларининг шахсий масъулиятини ошириш, улар томонидан сусткашлик, фаолсизлик кузатилган ҳолатларда уларга нисбатан партиявий чоралар кўриш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Обсудить новость на Форуме
24 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |