23:45 03.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар
Анжуманда таъкидланганидек, истиқлол йиллари мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди. Мазкур йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий базанинг халқаро тажриба ва замон талаблари асосида такомиллаштириб борилаётгани эса соҳа фаолиятини янада ривожлантириш имконини бермоқда.Шу ўринда Президентимизнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш имконини яратганини таъкидлаш жоиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Жўрабоевнинг таъкидлашича, тадбиркорликда замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллашнинг аҳамияти ниҳоятда муҳимдир. Зеро, бундай технологияни амалиётга жорий этиш тадбиркорлик фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, бизнесда бошқарув тизимини оптималлаштириш, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Хусусан, бундай усул АҚШ, Англия, Канада, Германия, Франция, Жанубий Корея Республикаси каби бир қатор ривожланган мамлакатларда ўзининг ижобий натижасини берган. Бундай технологияларни қўллаш аҳоли ҳамда бизнесга хизмат кўрсатиш сифати ва самарасини ошириш, хизмат кўрсатишда эса ортиқча харажатларни қисқартириш имкониятини кенгайтираяпти. Тадбирда эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Юртбошимиз фармонлари асосида ахборотлаштириш ва телекоммуникация тармоқларини модернизациялаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ахборот коммуникация хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш, давлат интерактив хизматларини кўрсатиш бўйича изчил чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. — Айни кунда барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Зилола Собирова. — Натижада тадбиркорлар солиқ декларациясини тақдим этиш ҳамда солиқлар тўловини «он-лайн» тизими асосида амалга ошириш имконига эга бўлдилар. Бу эса тадбиркорларимизнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олаяпти. Бугунгача 1,5 млн. дан ортиқ электрон шаклдаги солиқ ва молиявий ҳисоботлар топширилди. 2011 йилда бу тизимда фойдаланувчилар 194,7 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 207 мингдан ошди. Шунингдек, электрон инкасса топшириқларини тақдим этиш ва назорат қилиш тизими жорий этилиши билан Давлат солиқ қўмитаси тизимида йилига 30-40 тонна қоғозни инкасса топшириқларини тайёрлаш бўйича эса сарф-харажатларни 250 млн. сўм миқдорда тежаш имконини берди. Давра суҳбатида таъкидланганидек, Давлат божхона қўмитаси томонидан ташқи савдо операцияларининг интеграциялашган идоралараро ягона электрон ахборот тизими йўлга қўйилгани ҳам тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар берди. Мазкур тизим ташқи савдо шартномаларини рўйхатга олиш жараёнини тезлаштириш ҳамда миллий товарлар экспортидан тушаётган маблағ устидан назоратни таъминлашга хизмат қилмоқда. Давлат статистика қўмитаси вакилларининг қайд этишича, тақдим этилаётган электрон шаклдаги фирма номларини руйхатга олиш тизими орқали бугунги кунда 77 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг электрон мурожаатлари кўриб чиқилиб, руйхатга олинди. Фирма номланишини руйхатга олиш бўйича аризалар статистика органлари томонидан кечаю-кундуз қабул қилинмоқда. Аризаларни кўриб чиқиш ва аризачига тегишли билдирги хати 4 иш соатидан ошмаган муддатда юборилмоқда. Анжуман иштирокчиларининг таъкидлашича, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига масофавий банк хизматлари кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, бугун тадбиркор учун банк-мижоз, интернет-банкинг, СМС-банкинг каби хизмат турлари таклиф этилмоқда. Давра суҳбатида қайд этилдики, назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита мулоқотни, бюрократик сансалорлик ва коррупцияни истисно этувчи электрон тизимга, шу жумладан, Интернет тармоғига кенг миқёсда ўтиш бугуннинг талабидир.Хусусан, тадбиркорлик субъектларига турли рухсатномалар бериш жараёнларини бошқаришда энг қулай воситалардан бири замонавий АКТ асосида «бир дарча» тамойилининг жорий этилишидир. Давлат бошқаруви хизматларининг интерактив усулда тақдим этилиши ишбилармонларга давлат хизматлари билан яқиндан танишиш, ундан фойдаланиш учун «он-лайн» талабномани тўлдириш, давлат органлари томонидан унинг бажарилиш жараёнини назорат қилиш имконини беради. O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, тадбиркорлик фаолиятида бу каби инновацион воситалардан фойдаланишни янада тезлаштириш учун унинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш зарур. Негаки ҳар қандай янгиликни амалиётга жорий қилишда унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкам бўлиши шарт. Давра суҳбатида тадбиркорликда замонавий ахборот технологияларини қўллашни янада ривожлантиришга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди.
Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ,"XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме