21:30 24.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Тадбиркор ўттиз кун олдин огоҳлантирилиши шарт

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. O’zLiDeP фракцияси аъзоси Маъруф Усмоновнинг айтишича, юқорида тилга олинган фармоннинг 3-бандида 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни жорий этиш назарда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни бошлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда хўжалик юритувчи субъектларнинг (кредит ташкилотлари бундан мустасно) устав фондига таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маблағнинг бир қисмини олдиндан тўлаш лозимлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Фақат хўжалик юритувчи субъект устав фондини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил давомида шакллантириши зарур бўлади. Шy муносабат билан, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига мазкур талабларни акс эттирувчи ўзгартиш киритилаяпти. Шунингдек, шартномавий муносабатлар ва шартнома шартларининг бажарилиши учун акциядорлик жамиятларининг манфаатдорлик битимлари тўғрисидаги ва бошқа муҳим ахборотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг сайтига жойлаштириш мажбурийлигини ҳуқуқий жиҳатдан асослаш учун “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасига ҳам ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.– «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси O’zLiDeP дастурида кўзда тутилган ва партия электорати манфаатларини ўзида мужассам этгани учун ҳам уни ўз вақтида киритилган ҳужжат сифатида қўллаб-қувватлаймиз, – деди фракция аъзоси Фахриддин Комилов. – Унда белгилаб қўйилаётган нормалар қаторида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилаётгани ҳам айни муддао бўлди. Хусусан, Жиноят кодексининг 41-моддасини бешинчи қисм билан тўлдириш, яъни шартномага мувофиқ банк ва бошқа молия муассасалари ходимларининг хизмат кўрсатиш, кредитлар бериш бўйича ҳаракати мазкур шартнома тижорат таваккалчилиги оқибатида хўжалик юритувчи субъект томонидан бажарилай қолганда жиноят ҳисобланмаслиги кўрсатиб ўтилаётгани ушбу қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан биридир.Шу маънода, Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасига Жиноят кодексининг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсларга нисбатан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари мазкур юридик шахснинг мансабдор шахси, мулкдори ёки ваколатли бошқарув органи томонидан берилган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилишини англатувчи ўзгартиришлар киритилиши таклиф этилаётгани ҳам бежиз эмас.Фракция йиғилишида, шунингдек, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.– Маълумки, янги таҳрирдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни чеклаш назарда тутилган, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Равиль Собиржонов. – Хусусан, қонуннинг 39-моддасига кўра, тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботи, тадбиркорлик фаолияти тўғрисида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.Шунингдек, қонунда назорат қилувчи органнинг режали текширув ўтказишни бошлаш ҳақида тадбиркорлик субъектини олдиндан хабардор қилиши назарда тутилган. Масалан, қонуннинг 39-моддасига асосан назорат қилувчи орган режали текширув ўтказиш ҳақида камида 30 кун олдин тадбиркорлик субъектини текширув предметини кўрсатган ҳолда ёзма хабардор қилиши шарт.Бундан ташқари, тадбиркорлик бирлашмаларининг аъзоси бўлган субъектлар фаолиятини текшириш, тадбиркорлик субъекти сўровига кўра, мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида қонуннинг айтиб ўтилган моддасида назарда тутилган нормага мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонунга ҳамда Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.O’zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Зоиров йиғилиш иштирокчилари эътиборини қонун лойиҳасидаги «...давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин», деган иборага қаратди. Депутатнинг фикрича, бундай ёндошув режасиз текширишларига асос бўлиши мумкин.Бу масалага қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳи аъзоси, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Эркин Жўраев ойдинлик киритди. Унинг таъкидлашича, амалдаги қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларини текшириш тўрт йилда кўпи билан бир марта амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунинг учун ҳам бу нормани аслида назорат тизимини янада такомиллаштириш омили сифатида қабул қилиш лозим. Яъни, муайян бир субъектда камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарлик аниқланмаган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари ўша тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятини текширишни режага киритмаслиги мумкин. Демак, солиқчиларга нафақат текширув ўтказиш, балки уни ўтказмаслик ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.Фракция йиғилишида қизғин муҳокама қилинган ҳар икки қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Озод РАЖАБОВ“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме