10:45 05.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тадбиркор аёл — оила файзи, жамият таянчидир
Мустақиллик йилларида аёлларга алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ислоҳ қилишда, давлат ва жамият қурилишида фаол иштирок этишлари учун кенг шароитлар яратилаётгани бугун ўз самарасини бермоқда. Эндиликда хотин-қизларимиз жамиятимизнинг энг фаол аъзоларига айланиб бормоқдалар.
O`zLiDeP Қўрғонтепа туман кенгаши ташаббуси билан «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — фаровон ҳаётимиз калити» мавзуидаги давра суҳбатида ҳам ана шундай мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирни партия туман кенгаши «Аёллар қаноти» гуруҳи раҳбари Мавлудахон Умарова қисқача кириш сўзи билан очиб, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида мустақил иш юритаётган опа-сингилларимиз учун қўшимча имтиёзлар яратилгани, соҳани ривожлантиришга йўналтирилган Давлат дастури қабул қилингани, айниқса, аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, чекка ҳудудларда оилавий бизнесни йўлга қўйиш истагидагиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.
— Андижон нафақат ишбилармон йигитлари, балки қўли гул чевар қизлари, оилани ҳам, тадбиркорликни ҳам жойига қўя олувчи аёллари билан ҳам ном қозонган, — деди ўз маърузасида O`zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлим мудири Умидахон Исаева. — Давра суҳбатидан кўзланган мақсад эса аёлларимизни тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб этиш, уй меҳнатини йўлга қўймоқчи бўлганларга амалий ёрдам бериш, жойлардаги партия ташкилотларини бу ишга масъул этиб белгилашдан иборатдир. Бугунги тадбирнинг Қўрғонтепада ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки туманда барча ибрат олса арзигулик фаол аёллар сони йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, O`zLiDeP аъзоларидан бири Муаззамхон Ҳусанова ташаббуси билан икки ой муқаддам ишга туширилган ўқув-марказида айни пайтда кўплаб қизлар замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганишмоқда.
Тадбирда, шунингдек, O`zLiDeP туман кенгаши «Аёллар қаноти» гуруҳ раҳбари, «Омад ҳамкор ишонч» фермер хўжалиги раиси Мавлудахон Умарова «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш — бандликни таъминлашнинг муҳим омилидир» мавзуида маъруза қилиб, уй меҳнати билан шуғулланувчи аёлларни чорвачилик ва касаначилик фаолиятларига кенг жалб қилиш, уларга тижорат банкларидан бошланғич сармоя олишда амалий кўмак бериш зарурлиги хусусида гапирди.
«Тадбиркорлик йўналишида аёлларнинг роли» мавзуида маъруза қилган Халқ депутатлари туман кенгаши депутати, «Ал-Маъруф Жавлонбек файз» хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Муҳаббатхон Йўлдошева эса хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш яхши самара беришини, Қўрғонтепа индустриал педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 10 нафарини ишга қабул қилганини айтиб, тадбиркор дугоналарини ҳам шунга даъват этди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз дастурий ғояларидан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Мазкур тадбирда кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг иштирок этгани боиси ҳам ана шунда.
«Маҳалла» жамғармаси вакили Оқибатхон Нўъмонжонова эса ўз сўзида кун тартибидаги масала юзасидан O`zLiDeP билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришга ҳамиша тайёр эканини билдирди.
Давра суҳбати якунида тадбиркорлик фаолиятига алоқадор ташкилот ва муассасалар билан янги-янги лойиҳалар тайёрлаб, ҳаётга татбиқ этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.
Обсудить новость на Форуме