23:30 13.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод ватан!
Президентимиз Ислом Каримов томонидан мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида айтилган ана шу сўзларни бугунги воқелик билан қиёсласак, ўша пайтдаги қалтис ва кескин муаммоларга қарамай, она-Ватанимиз истиқболига буюк ишонч билан қаралганини қалбан ҳис этамиз. Ҳа, бугун янги Ўзбекистоннинг қарийб 21 йиллик ҳаёт йўли чиндан ҳам гул билан қопланмаган, текис ва равон йўл бўлмаганини, зеро, озодликка эришиш, уни асраб-авайлаш учун тинмай кураш олиб борилганини янада чуқурроқ англаймиз.
Юртбошимиз республика раҳбари этиб сайланган куннинг эртасига — 1989 йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон ССР Министрлар Совети мажлисидаги биринчи нутқидаёқ «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз» деган эдилар. Ишончсизлик билан ишонч, ҳасад билан ҳавас, риёкорлик билан фидойилик, ёлғон билан рост, адоват билан адолат курашаётган ана шундай мураккаб вазиятда собиқ иттифоқнинг мафкуравий қарашлари ва сиёсатига қарши бу қадар очиқ муносабат билдириш буюк жасорат эди.
Бизни истиқлолга олиб келган машаққатли ва шарафли кураш тарихининг ўчмас саҳифаларини қайта-қайта кўздан кечирсак, айнан ана шундай мардлик туфайлигина бугунги дориломон кунларга етиб келганимизни теран тушунамиз.
Орадан шунча йил ўтиб, Юртбошимизнинг ўша пайтлардаги «фақат ўз кучимиз, ўз салоҳиятимизга таяниб иш кўришимиз керак», «ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан келиб биров бизга ёрдам бермайди», деган даъватлари замиридаги улуғ мақсадни бирданига англаш балки янги авлод вакилларига бироз мушкул туюлар. Аммо Фарғона воқеалари даврида кўча-куйда, шаҳар ва туман марказларида ёндирилган уйларни, ҳаловатини йўқотган халқнинг таҳқирланишини, очлик ва қашшоқлик остонасидаги умидсизликларни, мамлакатимизнинг бошқа айрим ҳудудларида рўй берган нохушликларни кўрганлар бугунги ўзгаришлар моҳиятини юракдан ҳис этаётганларига шубҳа йўқ.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги шодиёналарига қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда таҳририятга келаётган ўнлаб хатлар, хабарлар, турли тоифа кишилари томонидан йўлланаётган мақолаларда ҳам ана шундай эътироф алоҳида тилга олинаяпти.
Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати, Наманган шаҳридаги 25-мактаб ўқитувчиси, O`zLiDeP аъзоси Муқаддамхон Иззатуллаева мақоласидаги қуйидаги фикрларга эътибор беринг: «Амир Темур замонасидан кейин беш аср ўтгач, бу эл яна истибдод занжирлари билан боғланди. Шундай оғир паллада Ўзбекистон буюк халоскорга муҳтожлик сезар, кимдан ва қаердан нажот келади, дея таҳликалар ичида яшар эди.
Шундай бир пайтда бу халққа 650 йил аввал раво кўрилган имкон яна берилди. Мустақиллигимизнинг 21 йиллигига тараддуд кўрилаётган ушбу кунларда ана шу ҳодисани алоҳида тилга олиш жоиз, деб ўйлайман.
Бугунги авлод вакиллари она Ўзбекистонимиз тарихининг энг шонли даврларида яшамоқдалар. Ана шу давр фарзанди, унда кечаётган буюк ўзгаришларнинг гувоҳи сифатида ўзимда беқиёс ғурур ва ифтихор ҳис этаман. Айни пайтда ана шу шонли давр яратувчиси Ислом Каримов туфайли халқимизнинг қадди тик, қадри баланд, бахти бутундир. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим».
Чиндан ҳам, ўтган йиллар давомида эришилган ютуқларга, ўзгариш ва янгиланишларга, фақат қиёслар орқалигина баҳо бериш мумкин.
Бугун ҳар йили Ўзбекистонда 6 млн. тоннадан ортиқ ғалла етиштирилаётгани, мамлакатда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларнинг қатор давлатларга экспорт қилинаётгани, чекка бир вилоятимизда 1 йилда 1000 та юк автомобили ишлаб чиқарила бошланганини, қишлоқларда шаҳарлардагидан қолишмайдиган XXI аср уйлари қурилаётганини оддий ҳолдек қабул қилаяпмиз. Аммо истиқлолдан аввал бундай натижалар тушимизга ҳам кирмаганини, таҳликали ҳаёт ташвишлари, тинчлик ва барқарорлик соғинчи билангина кун кечирганимизни ўйласак, дориломон кунларимиз қадрини теранроқ ҳис этамиз. Ўша кезларда қишлоқ фуқароларига 25 сотихдан ер ажратилиб, томорқа майдонларини 4,5 баробарга кўпайтириш ҳақидаги хабарни эшитиб, қулоқларимизга ишонмаган эдик. Бу қуруқ ваъда, бу элни тинчлантиришнинг бир йўли, деганлар бўлганди орамизда. Пахта етиштириш режаси 700 минг тоннага камайтирилганида эса кўпчилик ҳайратга тушган эди. Бу воқеалар атиги 21 йил аввал рўй берган эди, холос.
1990 йилнинг 4 августида аҳолини озиқ-овқат, турмуш ташвишлари қийнаётган, 1700 та мактаб биноси авария ҳолатига келиб қолган кезларда Юртбошимиз Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиш таклифини илгари сурган эдилар.
Бу чиндан ҳам ўша пайтларда ушалмас орзу, баъзи бир кимсалар таъкидлаганидек, хом хаёл эди.
Орадан 22 йил ўтиб, ўша орзуларнинг реал натижаларидан фарзандларимиз баҳраманд бўлмоқдалар. Бу «Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва озод Ватан!» шиорининг мазмун-моҳиятини англатгандек бўлади бизга.
Марғилонлик тадбиркор Музаффар Ҳомиджонов истиқлол йиллари Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотлар самараси Ўзбекистоннинг бир неча юз йилликлари учун мустаҳкам пойдевор бўлишини, бундай юксалишлар мамлакатнинг эртаси учун ўзига хос кўприк вазифасини ўташини фахрланиб ёзади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуротова Ўзбекистоннинг 21 йиллик тараққиёт йўли, унда илгари сурилган ғоя ва давлат миқёсидаги дастурлардан бошқа мамлакатларда ҳам фойдаланилаётганидан фахрланишимиз керак, дейди. Қашқадарёлик O`zLiDeP аъзоси М.Сайдалиев эса таҳририятга йўллаган хатида тадбиркор сифатида дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлганини, бизнинг энг катта бойлигимиз тинчлик, хотиржамлик ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч эканини таъкидлайди.
— Ҳар бир кунимиз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб жой эгаллашга яқинлаштирмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний туманидаги «Акром» фермер хўжалиги раҳбари Пўлат Каримов. — Бугун биз 118 гектар ерда деҳқончилик қилаяпмиз. 100 гектарда пахта, 10 гектар ерда ғалла етиштираяпмиз. Мустақиллик менга мулкдор бўлиш, мулкдор сифатида элим, юртимга нафим тегишига имкон берди. Бугун мен қаерга борсам ўзбекистонликман, дея фахрланиб гапира оламан. Бир инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Нима учун бу фикрларни айтаяпман? Биз 21 йиллик байрамимизни нишонлашга тайёргарлик кўраётган пайтда айрим қўшни мамлакатлар ҳалигача ўз йўлларини қидираётганларини эшитаяпмиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон аҳли ўз Ватанини тақдиримсан, бахтимсан, дея эъзозлашга тўла ҳақлидир.
Миродил Абдураҳмонов
«XXI-asr» ижтимоий-сиёсий
газетаси
Обсудить новость на Форуме