03:15 06.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТИЖОРАТ СИРИНИ ОЧИҚ-ОШКОРА МУҲОКАМА ҚИЛИШ ПАЙТИ КЕЛДИ

 Нуриддин МУРОТОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракциялараро тортишувларга сабаб бўлмоқда.
Қизғин муҳокамалар асосида иккинчи ўқишга тайёрланаётган мазкур қонун лойиҳасининг мақсад ва моҳиятига тўхталишдан аввал ЎзХДП нашри — «Ўзбекистон овози» газетасининг 16 январь сонида эълон қилинган «Тижорат сири фақат тадбиркорга дахлдор эмас» деб номланган мақола мазмунига тўхталиш ўринлидек туюлади. Ушбу мақолага шундай сарлавҳа қўйилишининг ўзи ҳам ЎзХДП вакилларининг ушбу қонун лойиҳасига қандай ёндашаётганликларини кўрсатиб турибди.
Тўғри, ҳар қандай партия вакиллари ўз электорати манфаатидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаларида фракция позицияси акс эттирилишига интилади. Бу табиий ҳол, албатта.
Бундан ташқари, парламентда амал қилаётган янги тартиб-таомилларга кўра, фракцияларнинг таклифларини эътиборга олмасдан туриб, ҳар қандай қонун лойиҳасини ялпи мажлисга киритиш мумкин эмаслиги қонун лойиҳасига масъул бўлган қўмита зиммасидаги масъулиятни кучайтириб, билдирилган таклифларни чуқур ўрганиш баробарида бу жараёнга соҳа мутахассислари, экспертларни ҳам жалб этишни талаб этяпти.
Ана шундай имкониятлардан фойдаланаётган ЎзХДП фракцияси аъзолари «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасида асосий эътибор жамоа аъзолари манфаатига қаратилиши лозимлигини таъкидламоқдалар.
Хусусан, бу борада мулкдорга мутлақ ҳуқуқ берилиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, бошқача айтганда, тижорат сирини мувофиқлаштирувчи талабларни белгилашда меҳнат жамоаси, истеъмолчилар ҳуқуқи ва манфаати эътиборга олиниши лозим, деган фикрни илгари сурмоқдалар. 
Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси O`zLiDeP электорати вакиллари фаолияти учун ниҳоятда муҳим эканини инобатга олиб, фракциямиз аъзолари тижорат сири - бу нафақат фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда тижорат қийматига эга бўлган, ошкор этилмайдиган, учинчи шахсларга қонуний асосда эркин танишиш ҳуқуқи берилмаган, ҳатто мулкдорлар ва хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларига қаратилган таҳдидларнинг олдини олишда маҳфийликни таъминлашга оид маълумот эканини қайд этяптилар. 
Соддароқ қилиб айтганда, тижорат сири муайян бир талаб ва тартиб асосида айрибошланиши мумкин бўлган маҳфий ахборотга тенг ахборот ёки товар ҳисобланади. Бунда тижорат сирига нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ваколатига эга бўлган шахс - тижорат сири эгаси саналади. Демак, тижорат сирининг эгаси тижорат сирига бўлган ҳуқуқ эгаси — мулкдори ҳисобланади.
Конфидент эса фақат шартнома асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга шахс, холос. Ҳар қандай мулк эса ўз шаклидан қатъий назар, дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, мулкдор ўз мулкига хоҳлаганидек эгалик қилиши, фойдаланиши ва уни тасарруф этиши билан боғлиқ нормалар асосий қонунларимизда белгилаб қўйилган.
Тижорат сири мулкдорнинг ҳуқуқлари унинг томонидан тижорат режими белгиланган пайтдан бошланади, албатта. Яъни, мулкдор шартномага мувофиқ тижорат сири режимини ёзма шаклда белгилаш, ўзгартириш ва тугатиш, тижорат сиридан шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланиш, унинг маҳфийлигини ҳимоя қилиш, тижорат сири билан эркин танишиш ҳуқуқи берилган шахслардан, тижорат сири тақдим этилган давлат органларидан унинг маҳфийлигини сақлашга оид мажбуриятларга тўла  риоя этишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш давомида тегишли тижорат ёки хизмат сири, уларнинг қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлари, шунингдек, ошкор этилмаган ахборотлари сир сақланишини таъминлашлари шарт.
Шунингдек, учинчи шахслар томонидан тижорат сири ошкор этилган ёки ноқонуний фойдаланилган ҳолларда мулкдорлар қонунда белгиланган тартибда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, етказилган зарарни қоплашни талаб этишга ҳақлидирлар. Айни пайтда тижорат сирининг ҳуқуқий эгаси белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш, тижорат сирини ҳуқуқий ворисга ўтказиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Айтайлик, хусусий тадбиркор ўз бизнес ғояси билан тижорат банкларига кредит масаласида мурожаат қилгач, ўз ғояси қай даражада фойда келтириши мумкинлигини асослаб беради. Шу тариқа, у ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, муайян фойда ола бошлайди. Хўш, бу ғоя тадбиркорнинг интеллектуал мулки ҳисобланмайдими? Ҳисобланади, албатта. Аммо тадбиркор ёхуд бир гуруҳ тадбиркорлар ана шу ғоя ёки янгилик моҳиятини бутун жамоа аъзоларига эълон қилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Fирром рақобат юзага келган тақдирдачи?
ЎзХДП вакиллари эса тижорат сиридан меҳнат жамоаси ҳам хабардор бўлиши лозимлигини қайд этмоқдалар. Ана энди чуқурроқ мулоҳаза этиб кўрайлик. Қонун лойиҳасида ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши, тижорат сиридан фойдаланиши учун ходимларни тилхат асосида тегишли маълумотлар рўйхати билан таништириш ҳуқуқи белгиланаётгани мулк эгаси ёхуд корхона ва ташкилотлар томонидан ихтиро қиланган янгилик ёки ғояни асраш, уни тижорат сири сифатида сақлашга хизмат қилади-ку!
Зеро, тегишли меҳнат шартномаси ва тижорат сирини ошкор этмаслик тўғрисидаги келишув ҳам хўжалик юритувчи субъектларда тижорат сири билан муомалада бўлишни тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида тижорат сири билан боғлиқ бир қатор қоидаларнинг киритилиши кўзда тутилаётир. Зеро, унда тижорат сирига оид маҳфийликни таъминлашнинг зарурати, ходимларнинг ушбу жараёндаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ифодалаш жуда муҳимлиги акс эттириляпти. Маълумки, бозор иқтисодиёти қонунлар асосидагина жадал ривожланиб, кутилган самараларни беради. 
Шу ўринда «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунни қабул қилишдан қандай мақсад кўзда тутилмоқда ва у жамиятга қандай наф келтиради? - деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Биринчидан, ушбу қонун ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этиш масалаларининг ҳуқуқий асосини яратишга қаратилгандир.
Иккинчидан, у бозор иқтисодиёти шароитида вужудга келадиган рақобат, айниқса, у ғирром тусга кирган тақдирда хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларини асосли ҳимоя қилиш имконини беради. 
Бундай талаблар эса ХДП вакилларининг жуда муҳим қонун лойиҳасига юзаки ёндашаётганларидан далолат беряпти.
Бир сўз билан айтганда, фракциямиз аъзолари у ёки бу қонунларда назарда тутилган талабларни яхлит қонунга кўчириш давомида тижорат сири масаласига жуда жиддий эътибор қаратиш лозим, деб ҳисобламоқдалар. 
Нима бўлганда ҳам бундай хилма-хил фикрлар асосида такомиллаштирилаётган ва тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилашга хизмат қиладиган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши масъул қўмита зиммасидаги жавобгарликни тобора оширмоқда. Зеро бундай соғлом рақобат, соғлом тортишувлар қонуннинг мукаммаллашуви, бошқача айтганда, унинг қабул қилинишидан манфаатдор бўлганлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
 "XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 30 январь 04 (532)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме