20:46 20.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТИЖОРАТ СИРИ СИР САҚЛАНАДИ

O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида  тадбиркор ва ишбилармонлар учун ниҳоятда муҳим саналган «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилиниб, концептуал жиҳатдан маъқулланди
Маълумки, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши экани алоҳида қайд этилган. Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси айнан ана шу талаб асосида ишлаб чиқилган.
Тижорат сирини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий институти умумий кўринишда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун нормаларида акс эттирилган бўлиб, махфий ахборот, тижорат сири ва бошқа сирларнинг тури тўғрисидаги нормалар 40 дан ортиқ қонун ҳужжатидан ўрин олган. Бироқ мазкур масалага ҳуқуқий ёндашувда турли шаклларнинг мавжудлиги бу борадаги муносабатларни яхлит қонун асосида тартибга солишни тақозо этмоқда.
– Тижорат сири тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳар қандай корхонанинг фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий амалиёт, шунингдек, ўзига тегишли ҳужжатлар сир сақланишига бўлган ҳуқуқидир, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. – Зеро, хўжалик субъектларида тижорат сирини ташкил қилувчи ахборот ресурслари бошқа моддий ва интеллектуал активлар сингари салмоқли ўринни эгаллайди. Бундай ахборот эгалари мустақил равишда ундан фойдаланишга рухсат беришни белгилашга ҳақли. Тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини  белгилаб берадиган мазкур қонун лойиҳаси ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажриба ҳам ўрганилиб, Япония, Германия, Россия каби мамлакатларнинг тижорат сири соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди. 
Қизғин мунозараларда фракция аъзолари «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этиш масалаларини тартибга солишни таъминлашга қаратилганини қайд этдилар. O’zLiDeP аъзоларининг фикрича, бу аввало, бозор рақобати шароитида хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларини янада кучлироқ ҳимоя қилиш имконини беради. 
Фракция йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 15 январь 02 (530)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме