22:15 05.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ФАОЛИЯТИ ДЕПУТАТЛАР ЭШИТУВИДА

O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳи аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада орттириш ва аҳоли депозитлари миқдорини ошириш борасидаги ишларнинг ҳолати юзасидан депутатлик эшитуви ўтказди.

Унда Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган тижорат банкларининг бу борадаги ишлари ҳисоботи тингланди. 

Эшитувда мазкур масалага алоқадор ташкилотлар, хусусан, солиқ, молия соҳаси мутахассислари ҳам иштирок этиб, бугунги кунда аҳолининг банк тизими билан алоқаси, айниқса, банкларнинг жойлардаги шохобчаларидаги амалиётлар юзасидан атрофлича фикрлар алмашди.

Дастлаб “Ипотека” акциядорлик тижорат ипотека банкининг Жиззах вилояти филиали иқтисодий таҳлил, қимматли қоғозлар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи О.Зулфуқоровнинг жорий йилнинг 9 ойи давомида банкларда аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада орттириш ва аҳоли депозитлари миқдорини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. 

Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 августдаги “Банклардаги депозит ҳисобварақалардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида”ги ва 2009 йил 6 апрелдаги “Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора–тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банкларининг масъулиятини оширишга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги, 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросига доир маълумотлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда “Микрокредитбанк”нинг Жиззах вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи К.Тангировнинг ҳам ахбороти эшитилиб, тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш, уларга кредит маблағларини ўз вақтида бериш масаласига тўхталиб ўтилди. Банкнинг Жиззах шаҳар филиали бу борада илғор экани, у барча банклар учун ўрнак бўла оладиган ишларни йўлга қўйгани таъкидланди.

Депутатлар барча тижорат банкларининг фаолиятини танқидий нуқтаи назардан муҳокама қилди. Улар вилоят банкларида кундалик учраётган камчиликлар тўғрисида аниқ мисоллар келтириб ўтди.

Масалан, биргина “Ипотекабанк” АТИБ вилоят филиали жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра омонатга жалб қилинган нақд пул тушумлари  4640,5 млн сўмни, яъни жами тушумнинг 5,6 фоизини, нақд пул тушумининг эса 10,5 фоизини ташкил этиши, Жиззах шаҳри аҳолиси сонига нисбатан олинганда бу жуда кам экани алоҳида таъкидланди.

“Тижорат банклари ўз фаолиятини қониқарли, деб баҳолаётганига қарамай, жойларда учраётган камчиликлар, хусусан, банк эшиклари олдида одамларнинг соатлаб тартибсиз туриб қолиши, ичкарида кирим, чиқим кассаларида ўтирган айрим ходимлар эса ўз шахсий телефонида соатлаб гап сотаётгани, мурожаатларни беэътибор қолдираётганини қандай тушуниш ва изоҳлаш мумкин”, – деди Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши депутати О.Сувонов. 

У ўз сўзида банк раҳбарлари, аввало, мижозлар билан ишлаш этика ва эстетикасига эътибор қаратиши, уларнинг муаммоларини ҳал этишга интилиши кераклигини қайд этди. 

Эшитув якунлари бўйича қарор қабул қилиниб, тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди. 

Насим БЕКМУРОДОВ,O‘zLiDeP Жиззах вилоят КенгашиДепутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори мудири

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме