19:00 16.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТЕРИМ ИЛҒОРЛАРИ МУКОФОТЛАНДИ
O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманларида давлатга пахта сотиш шартномавий режасини биринчилардан бўлиб бажарган фермерларни тақдирлаш маросимларини ўтказди.
Унда сўзга чиққан O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси О.Соибназаров республикамизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсади мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда улар ўртасида рақобатни кучайтириш, шу орқали аҳоли фаровонлиги ва юрт осойишталигини таъминлашдан иборатлигини таъкидлади.
“Юритилаётган аграр сиёсатнинг самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида мамлакатимизда алоҳида йўналиш сифатида фермерлик ҳаракатининг асослари ишлаб чиқилди ва у ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 80 фоизидан ортиғи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётганини инобатга олсак, бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фермерлар сафини кенгайтиришнинг муҳим аҳамиятини теранроқ англаб етамиз”, – деди О.Соибназаров.
Қумқўрғон туманидаги “Шопўлат ўғли Фарҳод” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Эшназаров эса Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига эътибор қаратиб, мазкур ҳужжат моҳиятини, ундан келиб чиқадиган вазифаларни аграр соҳа, хусусан, O‘zLiDeP электорати вакиллари ўртасида кенг тарғиб қилиш муҳим масала эканини қайд этди.
O‘zLiDeP Шўрчи туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари А.Дониёров ҳам фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллиги учун мустаҳкам асос яратадиган қонунчилик ҳужжатларининг ижросига тўхталиб: “O‘zLiDePнинг асосий электорати бўлган фермерлар мамлакатимизнинг иқтисодий таянчига айланди. Бугунги кунда уларнинг сиёсий фаоллигини ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш долзарб вазифамиздир”, - деди.
Тадбирлар якунида Шўрчи туманидаги “Шаҳзод-Шаҳноза” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Одинаев, Қумқўрғон туманидаги “Шопўлат ўғли Фарҳод” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Эшназаров ҳамда Жарқўрғон туманидаги “Раҳматова Ўриной” фермер хўжалиги раҳбари Ўриной Раҳматова O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулмира АМИРОВА,O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят КенгашиСиёсий таълим маркази раҳбари
Обсудить новость на Форуме