03:00 14.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАШШАББУС ҚУЙИ БЎҒИНДАН ЧИҚҚАНИ МАЪҚУЛ
Бугунги кун талаблари бошланғич партия ташкилотларининг ташаббускорлиги ва ишчанлигини, партиянинг тактик вазифаларига мувофиқ иш фаолияти шакллари ва усулларини янада такомиллаштириш ҳамда аҳолининг долзарб, кундалик муаммоларини ҳал этишда амалий чораларни кўришга доир қобилиятини тубдан оширишни талаб этмоқда. Шу боис, БПТ жамиятда шаклланаётган қарашларга янада таъсир этиши, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиши, ижтимоий муаммолар ҳал этилишига кўмаклашиши зарур. БПТлар партия ва электорат ўртасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик эркинлиги амалий кафолатларини таъминлаш, ҳақиқий мулкдорлар қатлами шаклланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш каби муҳим масалаларни ҳал этишга ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётганлигини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда Бухоро вилоятида O‘zLiDePнинг 420 та қуйи бўғини бўлиб, улар сафида тўққиз мингдан ортиқ аъзо бор. БПТларнинг партия Устави, Дастури ва партия раҳбар органлари қарорлари билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш, мавжуд муаммоларни ўрганиш, улар ечимини топишда маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳлари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани ўз ижобий натижаларини беряпти. – Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатилаётган маданий-маиший, тиббий ва коммунал хизматлар сифатини яхшилашда депутатлик сўровлари ва назорати каби иш амалиётидан кенг фойдаланяпмиз, – дейди O‘zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ўлмас Раҳматов. – Ишонч билан айтаманки, бу иш услубимиз кутилган амалий натижаларга эришишимизда қўл келяпти. Ҳақиқатан ҳам қуйи бўғинларга фуқаролардан келиб тушаётган оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлаш намунали йўлга қўйилган. Белгиланган иш режасига кўра, мурожаатлар, аввало, БПТлар йиғилишларида муҳокама этилиб, тегишли тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Лозим топилган тақдирда партиянинг туман (шаҳар) Кенгашига тақдим этиляпти. Кейин эса масала ўрганиб чиқиш ва унга ечим топиш учун O‘zLiDePнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари эътиборига ҳавола этилаётир. Фаолиятнинг бундай тизимли равишда йўлга қўйилгани ўз ижобий натижаларини бериб келмоқда. Масалан, жорий йилнинг апрель ойи бошларида Бухоро туманидаги Туркон, Арабхона, Кичикбой, Қайрағоч сингари қишлоқлар аҳолиси томонидан тушган мурожаат O‘zLiDePнинг “Янги турмуш” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги бошланғич ташкилоти томонидан ўрганиб чиқилди. Ушбу мурожаатда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишдаги муаммолар тилга олинганди. Масала атрофлича ўрганиб чиқилгандан кейин унга ечим топиш мақсадида партиянинг туман Кенгаши, ундан эса маҳаллий Кенгашдаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига тақдим этилди. Натижада “Янги турмуш-Ситора” йўналишида қатнайдиган автобуслар ҳаракатини юқорида номлари санаб ўтилган қишлоқларгача узайтириш тўғрисида “Ўзавтодарётранс” агентлигининг вилоят бўлимига депутатлик сўрови билан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. O‘zLiDePнинг туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Ў.Раҳматовнинг ўтган 2012 йилда давлатга топширилган пахта хомашёси учун тўлов ҳалигача фермерларга тўлиқ етказиб берилмагани тўғрисида “Пахтасаноат” уюшмасининг ҳудудий бошқармаси ва тумандаги “Пахта тозалаш заводи” ОАЖ раҳбарига йўллаган депутатлик сўрови тез кунларда ижобий қондирилиши кутиляпти. O‘zLiDeP Уставида жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ўрганиш ва уларни партиявий фаолият нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш БПТларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Вилоятдаги барча бошланғич партия ташкилотлари ана шу талаблардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини партия электорати ва сайловчилар манфаатларига мос тарзда йўлга қўйишга интилиб келаётир. Маслакдошларнинг ушбу йўналишдаги изчил фаолияти бундан кейин ҳам партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши турган гап.
Умида Рустамова,
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши
депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори етакчи консультанти
Обсудить новость на Форуме