01:30 06.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАШКИЛИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ЯРАТИБ БЕРИЛМОҚДА
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни жадаллаштириш: натижалар ва долзарб вазифалар” мавзуида амалий семинар ўтказилди. Тадбир жойлардаги партия фаолларининг манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан жамоатчилик назоратидаги амалий иштирокини кучайтириш ва асослаб бериш мақсадида ўтказилди. Семинарда сўзга чиққан O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнеснинг қонунчилик базасини яратиш, унинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш вазифалари қўйилганлигини ва бу орқали миллий бизнес ва ялпи миллий маҳсулотнинг ўсиши, аҳоли бандлиги, турмуш даражаси ва унинг яшаш тарзи сифатини таъминлаш каби ҳаётий муҳим мақсадларга эришиш кўзда тутилган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига кўтарилишида алоҳида аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб ўтди. Семинарда таъкидланганидек, O’zLiDeP учун мазкур қонун ўз электорати, яъни ишбилармонлиги ва шахсий ташаббусини ривожлантириш ҳисобига ўзи ва оиласи фаровонлигига эришишга интилаётган тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, фермерлар, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасидаги юқори малакали мутахассислар ҳамда мамлакат фуқаролари имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, тадбирда алоҳида эътироф этилганидек, оилавий тадбиркорлик ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий нуқтаи назардан бизнеснинг янги шакли сифатида ниҳоятда долзарбдир. Бунинг учун мамлакатимизда барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. - Оилавий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши нафақат ободлик ва фаровонликни таъминлаш, балки бандлик муаммосини ҳал этиш ва аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш сектори мудири Ботир Мардаев.
Тадбир давомида O’zLiDePнинг бу борадаги устувор вазифаси эса оилавий корхона афзалликлари, тадбиркорликнинг самарали шакллари ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган кенг миқёсли тушунтириш ишларини яна кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди. Зеро, тадбиркорларга берилган имтиёз ва кафолатлардан ўз вақтида хабардор қилиш улар фаолиятини янада жонлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларини тартибга солувчи аниқ идоравий меъёрларни ишлаб чиқиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, семинарда оилавий корхоналарни имтиёзли равишда рўйхатга олишни ташкил этиш, улар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш учун манфаатдор идоралар масъулиятини ошириш, рўйхатдан ўтказувчи шахслар учун туркум ўқув-семинарлар ўтказиш масалалари кўтарилди. Семинарда Давлат солиқ қўмитаси вакилларининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” қонун ижроси ҳолати, мазкур фаолият тури бўйича субъектлар ҳисобдорлиги, оилавий тадбиркорларга берилган имтиёзлар, шунингдек, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” ДАКлар мутасаддиларининг оилавий корхоналарни энергия ресурсларига улаш, улар томонидан қонун билан белгиланган имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маърузалари тингланди. Ушбу амалий семинарда иштирокчилар аҳолини оилавий тадбиркорликка жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини ва улар мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга талаб даражасида эътибор берилмаётгани ва манфаатдор аҳоли қатлами мазкур қонун қабул қилиниши билан юзага келган имкониятлардан етарлича фойдаланмаётганини қайд этди. Тадбир якунида иштирокчилар умуммилий аҳамиятга эга долзарб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур, деган қарорга келдилар. Семинарда O’zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Молия, Адлия, Иқтисодиёт, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Марказий банк, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш, давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа кўплаб мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
O’zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме