18:30 07.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ВА ФАРОВОНЛИГИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва санъат намояндалари, пойтахт жамоатчилиги, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тантанали йиғилишда маъруза қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимиз тараққиёти ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб келаётганини таъкидлади.

Конституциямиз нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизда қарор топган тинчлик ва ҳамжиҳатликда, ҳаётимизга янгича мазмун бағишлаётган ислоҳотлар самарасида, одамларимизнинг ўзгариб бораётган онгу-тафаккурида, ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Ушбу тарихий санани байрам қилар эканмиз, миллий давлатчилигимиз асосларининг мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг изчил ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузи ортиши – буларнинг барчасида Асосий қонунимизнинг аҳамияти юксак эканлигини янада теран англаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамининг яна бир муҳим жиҳати, шу куни халқимизнинг эзгу интилишларини ифода этадиган, жамиятимиз ривожига хизмат қиладиган энг устувор йўналишлар белгилаб олинади ва келгуси йилга шунга мувофиқ ном берилади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2013 йил Обод турмуш йили деб эълон қилинган эди.

"Обод турмуш йили" Давлат дастури асосида фуқаролик жамиятини ривожлантириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди.

Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, маиший шароитларини янада яхшилаш, янги уй-жойлар ва инфратузилма объектларини қуриш, маҳаллаларни обод этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ватанимизни ҳар томонлама обод қилиш, халқимиз янада тинч ва фаровон яшайдиган ҳаёт барпо этиш йўлидаги бундай ишлар изчил давом этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов кириб келаётган янги – 2014 йилни мамлакатимизда“Соғлом бола йили”деб эълон қилишни таклиф этди. Давлатимиз раҳбарининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Тантанали маросим санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди.

uza.uz
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме