18:31 10.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАНҚИДДАН ТЕГИШЛИ ХУЛОСА ЧИҚАРДИК

Даставвал шуни айтиш керакки, Юнусобод — пойтахтимизнинг энг йирик ва аҳолиси зич ҳудудларидан бўлиб, бу ерда 312 мингдан зиёд фуқаро истиқомат қилади. 4711 та кичик бизнес субъекти, 70 та йирик корхона, шунингдек, бир неча савдо мажмуаси, 4 та бозор, 58 та МФЙ, 19 та тиббиёт муассасаси фаолият юритяпти. Кўриниб турибдики, туманнинг ижтимоий-иқтисодий пойдевори мустаҳкам. O`zLiDeP туман кенгаши, хусусан, унинг негизини ташкил қилувчи қуйи бўғинлар томонидан олиб борилаётган ишлар кўлами ва самарадорлиги ҳам шунга мувофиқ бўлиши керак, албатта.
 Эътироф этиш зарурки, 2013 йил давомида кенгаш мутасаддилари партия мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида муайян ишларни амалга оширдилар. Чунончи, O’zLiDeP шаҳар кенгашининг амалий ёрдами билан Савдо-саноат палатаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, «Камолот» ЁИҲ билан бир қанча ташкилот ва муассасаларда турли тадбирлар ташкил этди. Айниқса, Юртбошимиз маърузаларида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқувчи вазифалар, O`zLiDeР дастурий мақсадлари хусусида «Билол полвон», «Шоҳ продукт плюс», «Стем қурилиш», «Кичик тулпор», «АЗН» каби ўндан ортиқ меҳнат жамоаси ҳамда маҳаллалардаги қуйи ташкилотларда партиянинг амалий ишлари, аёллар ва ёшларга оид партиявий лойиҳалар, аъзоларнинг ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ғоявий-сиёсий тадбирлар шулар жумласидандир. Бундай мисоллар туман кенгаши ва қуйи бўғинларда жонланиш юз бераётганидан далолат бериб, танқиддан тегишли хулосалар чиқарилганини кўрсатади. Аммо шунга қарамай, БПТлар билан ишлаш, депутатлик гуруҳларининг электорат манфаатларига хизмат қилувчи амалий ишларни ҳали ҳам кутилган даражада, деб бўлмайди. 

Буни туман партия ташкилотининг 2013 йилдаги фаолияти ҳам кўрсатиб турибди. Кенгашнинг БПТлар билан ишлаш бўйича консультанти К.Азизхоновнинг фикрича, 1 январь ҳолатига ҳудуддаги партия аъзолари сони 1647 нафардан иборат. Бу эса Юнусобод аҳолисининг 0,5 фоизини ташкил этади. Жойларда эса 128 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Хўш, бу Юнусободдек йирик туман учун озми, кўпми? 

Муқояса учун пойтахтнинг энг кичик ҳудуди — Бектемир тумани билан солиштириб кўрайлик. Айни пайтда ушбу ҳудудда 30 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 15 та йирик, 926 та кичик корхона фаолият кўрсатмоқда. 12 та МФЙ бор. Туман аҳолисининг деярли 11 фоизи O`zLiDeР аъзоси. 41 та қуйи тузилма атрофида 3028 партия аъзоси бирлашган. 

Мантиқан фикр юритилса, Юнусободда партия аъзолари сони Бектемирга нисбатан бир неча баробар зиёд бўлиши лозим. Тўғри, гап сонда эмас. Лекин  партия ғоялари, хусусан, O`zLiDeР Сайловолди платформаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш сиёсий нуфузимизни мустаҳкамловчи асосий омил эканини инобатга олсак, масаланинг қанчалик муҳим экани янада равшан бўлади. Шу маънода туман кенгаши масъуллари, айрим депутатлар, партия фаоллари ҳали-ҳануз мавжуд имкониятлардан тўла фойдалана олмаяптилар, дея хулоса чиқариш мумкин. 

— Шубҳасиз, ички имкониятларимиздан, фаолларимиз салоҳиятидан самаралироқ фойдаланишимиз керак, — дейди биз билан суҳбатда туман кенгаши раиси ўринбосари Д.Зайнутдинова. — Сиёсий Кенгаш  Ижроия қўмитаси қарори асосида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан туман партия ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликлар биз учун сабоқ бўлди. Ҳозир уларни бартараф этиш, тавсия ва таклифларни амалиётга татбиқ этиш чораларини кўряпмиз.

Дарҳақиқат, ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган бир қатор тадбирлар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатларидан кейин 228 нафар киши партия сафида бўлиш истагини билдирган. Ўтказилган ғоявий-сиёсий тадбирларда илгари сурилган 30 дан ортиқ асосли таклиф ва тавсиялар жиддий ўрганиб чиқиляпти. Бу эса мазкур туманда ҳам O`zLiDeP фаолияти ижобий томонга ўзгараётганидан далолат беради. 
Беҳзод ИСРОИЛОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 6 март, 09 (537)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме