00:15 17.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАЛАБАЛИКДАН ТАДБИРКОРЛИККА

O‘zLiDeP томонидан бутун республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг Наманган шаҳар босқичи бўлиб ўтди. 
Унда дастлаб O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши бўлим мудири Мусохон Юсуфжонов иштирокчиларга лойиҳа ҳақида атрофлича тушунча берди. 
“Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, инновацион лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаоллаштириш ҳамда уларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, битирувчи ёшларни таълимдан кейинги даврда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига жалб этишга кўмаклашишдан иборатдир”, - деди М.Юсуфжонов.  
Сўнг эса мутахассислар иштирокчиларга бизнес режа тузиш, кредит олиш шартлари, гаров таъминоти, бизнес юритишнинг ўзига хос жиҳатлари каби мавзуларда ўз тавсияларини берди. 
- Тадбиркорликни бошлаш учун, аввало, сармоя зарур бўлади, - деди, хусусан, “Агробанк” ОАТБ Наманган шаҳар бўлими мутахассиси Ш.Дадахўжаев. - Банкдан кредит олиш учун эса пухта-пишиқ бизнес режа тузиш лозим. “Диплом билан бизнесга” лойиҳасига тақдим этилган бизнес режалар орасидан айнан ана шу талабларга жавоб берадиганлари танлаб олиниб, унинг эгаларига банкдан имтиёзли кредитлар олишга кафолат берувчи сертификатлар топширилади.
Тадбирда  ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали уларнинг жамият ҳаётидан муносиб ўрин эгаллашига яқиндан кўмаклашиш, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр ёшларни тарбиялаш, уларга етарли эътибор ва шарт-шароитлар яратиб бериш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини оширишга кўмаклашиш каби масалалар иштирокчиларнинг муҳокама марказида бўлди.
Комилжон  ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме