23:15 07.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАДБИРКОРЛИК ВА ФЕРМЕРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Наманган вилоятида O‘zLiDePнинг “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда тадбиркорлик  ва  фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ҳамда аграр соҳа тармоқларини модернизация қилишнинг долзарб масалалари: бугунги ҳолат, таклиф ва тавсиялар” мавзуида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Унда O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши аппарати раҳбари Носиржон Абдуллаев мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлашда партия депутутлик гуруҳлари, бошланғич ташкилотлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ахборот берди. 

Учрашувда Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги, янги иш ўринлари яратишдаги, қишлоқлар инфратузилмасини такомиллаштиришдаги ҳиссасини кўпайтириш юзасидан белгилаб берилган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Шу билан бирга, тадбирда мамлакатимизда деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид қонунчиликка, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар, уларда тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари учун яратилган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Амалий мулоқотда сўз олган вилоят Фермерлари кенгаши вакили Шукрулло Файзиев вилоят ва туманлар фермерлар кенгашларининг фермер хўжаликлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир ишлари ҳақида гапириб берди. 

“Биргина ўтган йилнинг ўзида фермер хўжаликларининг 1 млрд 200 млн сўмлик ҳақларини ундириш юзасидан судларга 33 та даъво аризаси киритилиб, улардан 15 таси қаноатлантирилди”, - деди Ш.Файзиев. 

Масалан, Поп туманидаги “Аччиқкўл ишонч” фермер хўжалиги “Поп пахта толаси” акциядорлик жамиятига пахта хомашёси етказиб бериб, ҳақини ўз вақтида олмаган. Фермерлар кенгаши аралашуви ва хўжалик суди қарори билан фермер хўжалигининг 76 млн сўмлик ҳақи ундирилди.

Вилоятда кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди. 

Вилоят дастурига мувофиқ, 1005 та фермер хўжалигида 1020 та лойиҳа амалга оширилди. 1,5 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар яратилди, кўчатчилик, сабзавотчилик хўжаликлари ташкил этилди. Фермер хўжаликларида  2 мингдан зиёд қорамол, 237 минг бош парранда, 2 мингта асалари оиласини боқиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 23 та корхона, сервис хизмати кўрсатувчи 260 та шохобча иш бошлади. Шулар ҳисобига 3265 та янги иш ўрни яратилди.

Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иброҳимжон Сатторовнинг ахбороти ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Бошқарма томонидан ишбилармонлик муҳитини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўров натижалари тадбиркорларнинг аксарияти электр, газ, сув таъминоти, банклардан нақд пул, кредит олиш, конвертация, ер ажратилиши каби масалаларда муаммоларга дуч келаётганини кўрсатган.

Бу муаммолар юзасидан тегишли корхона, ташкилотларга мурожаатлар қилингандан сўнг кўплари ўз ечимини топган. 

Савдо-саноат палатаси вакилининг коллежлар битирувчиларига уларни тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказишда, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланаётган пенсия ёшидаги фуқароларга муайян имтиёзлар бериш тўғрисидаги таклифлари барчага манзур бўлди. 

Учрашувда қишлоқ хўжалигини кредитлаш қонун-қоидалари, мавжуд имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.  

- Тадбиркорлар ва фермер хўжаликликлари учун 2014 йилнинг январидан бир қатор солиқ имтиёзлари яратилди, - деди вилоят давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Асилбек Даминов. - Жумладан, фермер хўжалиги янги рўйхатдан ўтган бўлса, 2 йилгача, янги ўзлаштирилаётган, суғорилаётган ерлар бўлса, 5 йилгача ер солиғи тўлашдан, наслчилик билан шуғулланадиган шахсий ёрдамчи хўжаликлар 2017 йил 1 январгача мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.       

Бу амалий мулоқот Наманган вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришга, партиянинг электорати, хайрихоҳлари, аъзолари сафи кенгайишига, бошланғич ташкилотлари сони ортишига хизмат қилади.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмат ходими

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме