15:15 07.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАР ВА НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАР
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: эришилган натижалар ва навбатдаги вазифалар” мавзуидаги навбатдаги амалий мулоқот ташкил этилди. Тадбирда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, мутахассис-экспертлар, партия фаоллари, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун тадбиркорлик субъектлари ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга йўналтирилган аниқ мақсадли таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирда сўнгги йилларда иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш йўлида қабул қилинган жами 400 дан зиёд қонун ҳужжатининг барчаси соҳани янада либераллаштириш ва модернизация қилишнинг нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асоси, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, хўжалик судлари фаолияти тубдан такомиллаштирилгани, адвокатлик институти ваколатлари кенгайтирилгани, айниқса, тадбиркорлик субъектлари билан давлат назорат органлари ўртасида юзага келадиган баҳсли вазиятларнинг тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал этилиши каби устуворлик тамойили тадбиркорлар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашда муҳим қадам бўлди.
O‘zLiDeP ўзининг дастурий вазифларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар эркинлигини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши учун курашади.
Бу борада Президентимиз Концепцияси доирасида қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида электорат манфаатлари тўлақонли ўз ифодасини топиши учун O‘zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган ҳар бир қонунда партия электорати манфаатлари тўла акс этиши учун партия тузилмалари жойларда электорат ва кенг жамоатчилик вакиллари билан муҳокамалар ўтказмоқда. Шу орқали имкон қадар кенгроқ аҳоли қатламларининг фикрларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳалари юзасидан партия позицияси шакллантириб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш меъёрлари белгиланган. Шунга қарамай, амалиётда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш борасида айрим муаммолар кўзга ташланаётир. Масалан, таҳлилларга кўра, 2013 йилда электорат вакилларидан тушган ариза ва шикоятларнинг 50 фоиздан ортиғини, 2014 йилнинг биринчи чорагидаги 144 та мурожаатнинг 73 тасини бевосита тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир масалалар ташкил этди.
Ушбу мурожаатларнинг аксариятида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг турли назорат этувчи ташкилотлар томонидан бузилиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, қолганларида тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимлари етишмаслиги сабабли турли муаммоларнинг келиб чиққани ўз ифодасини топган.
Тадбирда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва қабул килинган қонунларнинг амалий самараси йўлидаги ғовлардан бири сифатида тадбиркорлар ўртасида тўлов маданияти ва шартнома интизомига риоя этмаслик ҳолатлари алоҳида қайд этилди.
Мулоқот якунида соҳа ривожида учраётган айрим муаммолар юзасидан фикр алмашилиб, уларнинг ечимига қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме