14:45 11.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИ ОИЛА ФАРОВОНЛИГИ ГАРОВИДИР
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Ширин шаҳридаги Фарҳод маҳалласида “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси доирасида “Тадбиркорлик ривожи - оила истиқболи гаровидир” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
– O‘zLiDeP Дастурида партия тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти ялпи миллий маҳсулотнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишда асосий омил бўлиши керак, деб ҳисоблаши таъкидланган, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Д.Каримова. – Албатта, хотин-қизларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни бизнес билан шуғулланишга рағбатлантириш бу вазифаларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу қатлам билан янада фаолроқ иш олиб боришимиз партиямиз тарафдорлари сони ортишида асосий омил бўлади.
Халқ депутатлари Ширин шаҳар кенгаши депутати Х.Ҳайдаров ўтказилган тадбир тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида юрган ҳамда тадбиркорлик фаолиятида айрим муаммоларга дуч келган хотин-қизларимиз учун назарий ҳуқуқий–иқтисодий дарс вазифасини ўтаганини билдирди.
O‘zLiDeP Ширин шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Дилором Ўташева эса тадбиркор хотин-қизларнинг меҳнатда эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.
“Улар давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб ўз кучи ва имкониятига таяниб ҳам оиласини боқяпти, ҳам жамиятимизга катта наф келтиряпти. Айнан шундай одамлар жамиятимизнинг таянчи бўлиб, унинг ижтимоий асосини ташкил этади”, – деди Д.Ўташева.
Давра суҳбатида тадбиркорлик фаолиятини тўғри ташкил этиш, молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, бизнес субъектининг банк ва солиқ идоралари билан муносабатлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Ўзаро фикр алмашиш ва баҳс-мунозаралар тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олди.
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме