23:15 17.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ ШАКЛЛАНАЯПТИ

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИДА



Юқори чирчиқлик уч юз нафардан ортиқ O`zLiDeP аъзосини бирлаштириб турган ўн еттита бошланғич  ташкилот коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшмоқда.

O`zLiDeP Юқори Чирчиқ туман кенгаши раиси ўринбосари Адолат Қамбарованинг таъкидлашича, айни пайтда туманда мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ҳамда фермерлар фаолият олиб бормоқда. Туманнинг пойтахтга яқинлиги боис маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар узоқ ва яқин хорижга ҳам мунтазам экспорт қилинмоқда. Кўрсатилаётган пуллик хизмат сифати ҳам йилдан-йилга яхшиланаяпти.

Гулнора Нортаева марказий поликлиникада ташкил этилган бошланғич ташкилотга 2008 йилдан буён етакчилик қилади.

— Ҳар куни ўнлаб одамлар билан мулоқотда бўламиз, — дейди Г.Нортаева. — Агар туманимиздаги БПТларнинг умумий фаолияти ва жойлашувини таҳлил этсак, деярли барча соҳа вакиллари билан ҳамкорлик қилиш имконига эга эканимиз кўринади. Масалан, биз ўз соҳамиздан келиб чиқиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз. Халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари депутатлари билан ҳам ҳар ойда турли учрашув ва давра-суҳбатлари ташкил этиб, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилаяпмиз. Маълумки, оналик ва болаликни муҳофаза этишга нафақат тиббиёт ходимлари, балки ҳар бир шахс масъулдир. Бас, шундай экан, тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботчисига айланишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор.

— Ўтган йили хўжалигимиз қошида ташкил этилган БПТ саъй-ҳаракати билан ўндан ортиқ кишини иш билан таъминладик, — дейди «Умар ота ва ўғиллари» фермер хўжалиги раҳбари Раъно Умарова. — Хўжалигимиз асосан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган бўлса-да, қўшимча иш ўринлари яратиш, хусусий новвойхона, автомобиллар таъмирлаш устахонаси, дурадгорлик цехларини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Бу яна 15 та иш ўрни, деганидир.

Ўз навбатида туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашган касб-ҳунар коллежларида уч мингдан ортиқ йигит-қиз билим олиш билан бирга ҳунар ўрганаётганини айтиш жоиз. Ана шуларни инобатга олиб, O`zLiDeP туман кенгаши «Диплом билан — бизнесга», «Агар мен депутат бўлсам...» сингари партиявий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Бошланғич ташкилотимиз саъй-ҳаракати билан эса ҳар йили 30 нафарга яқин коллеж битирувчиси ўз соҳаси бўйича иш билан таъминланаяпти, — дейди Р.Умарова. — Кўпчилик ёшлар бизнесга қўл ураяптилар. Бу яхши, албатта. Аммо давлатимиз томонидан қишлоқ жойларида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил этиш учун катта имконият ва имтиёзлар берилгани учун аграр секторга кириб келаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда.

— Бизнинг бошланғич ташкилотимизга эса ҳозирча тўққиз киши аъзо, — дейди туман иқтисодиёт бўлимидаги БПТ раҳбари Ғайрат Қодиров. — Туманимиз ёшларини ҳаётга йўллаш, уларнинг ишбилармонлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга имкон қадар ёрдам қиляпмиз. Ҳозир туманимизда бир ярим мингдан ортиқ кичик ва хусусий бизнес субъекти бўлса, уларнинг 60 фоизига ёшлар етакчилик қилишмоқда.

Масалан, Шоҳруҳ Хўжамқулов ўтган йили коллежни тугатган эди. Йигирма бир ёшли бу йигит бугун «Ниҳол-Ғунча» фермер хўжалигини бошқараяпти. Унинг қўлида ўндан ортиқ киши иш билан банд.

Шу ўринда туман кенгаши икки йилдан бери жойлардаги БПТлар билан келишган ҳолда, коллежлар битирувчилари орасидаги ёш иқтисодчиларни ишга жойлаштириш мақсадида «Ҳар бир фермерга — бир ҳисобчи» ташаббусини илгари сурмоқда. Бу ташаббус фермерлар томонидан ҳам маъқулланаяпти.

— Амалий ҳаракат ўзимиздан чиққани боис, унинг татбиқ этилишини ҳам ўзимиз бошладик, — дейди Р.Умарова. — Ҳозиргача бир қанча фермер хўжаликларида ёшлар ҳисобчи вазифасини бажараяптилар. Гарчи бу ташаббус жуда катта натижа бермаса-да, аммо партия Дастурида белгилаб берилган вазифаларни имкон даражасида амалга оширишга ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Зиёдулла МЎМИНОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 11 июль, 28 (504)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме