17:15 15.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ИЖТИМОИЙ ҚАТЛАМИ ЎЗБЕКИСТОН СИЁСИЙ МАЙДОНИДА ЎЗ ЎРНИНИ ЭГАЛЛАШИ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2003 йил 7 октябрдаги янги тузилаётган сиёсий партия ташаббус гуруҳи аъзолари билан учрашувдаги “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ижтимоий қатлами Ўзбекистон сиёсий майдонида ўз ўрнини эгаллаши лозим” номли нутқи
Азиз дўстлар!Бугун сизлар билан ўтказилаётган учрашувимизнинг асосий мақсади - ҳаётимизнинг ўзи, тез ўзгараётган замон олдинга сураётган долзарб бир масала устида фикр алмашишдан иборат. Мендаги маълумотлар бўйича, мана шу учрашувга таклиф этилганларнинг аксарияти анчадан бери битта масала устида бош қотириб, бу борада тегишли идораларга чиқиш, мурожаат этишни муҳокама қилмоқда. Яъни, Ўзбекистон сиёсий майдонида янги партия тузиш ҳақида, унинг ғоя ва мақсадлари, таъсис ҳужжатлари, дастури хусусида муҳокамалар, баҳслар олиб бориляпти.Албатта, бундай ташаббус Конституциямиз ва бошқа қабул қилган қонунларимиз доирасида, ҳар томонлама чуқур тайёрланиб, амалга ошириладиган бўлса, бунга, ўйлайманки, ҳеч ким қарши чиқмайди. Ва аксинча, бу таклифлар замиридаги мақсад ва интилишлар ҳозирги  замон талабларига жавоб берадиган, одамларимиз, аҳолимизнинг орзу-умидларига мос келадиган бўлса, охир-оқибатда халқимизнинг оғирини енгил қилишга хизмат этса, айни муддао бўлади. Бугунги учрашувда мана шу қараш ва ёндашувлар, ҳаракатлар бўйича атрофлича мулоҳаза юритиб, фикр алмашиб олсак, табиийки, бу ҳам фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман.Ҳурматли учрашув қатнашчилари!  Бугун  эл-юртимиз кечираётган ҳаёт, давлатимиз, жамиятимиз олдига қўйган эзгу мақсадлар йўлидаги ҳаракатларимиз, сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда танлаган бошқариш тизимини амалга ошириш борасида қўлга киритаётган ютуқлар, айни вақтда, шуни ҳам очиқ айтиш керак, ҳуқуқий демократик, бозор иқтисодиётига асосланган давлат қуриш жараёнида дуч келаётган муаммолар ҳақида, ўйлайманки, барчангиз амалий фаолиятингиз мисолида яхши хабардорсиз. Мен, имкониятдан фойдаланиб, жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги ва эртанги босқичида сиёсий партияларнинг ўрни, мавқеи ҳамда вазифалари ҳақида тўхталиб, сиз, янги партия тузиш ташаббускорлари билан мамлакатимиз ҳаётида бу йўналишдаги мавжуд вазият бўйича очиқ гаплашиб олмоқчиман. Ўйлайманки, бу ҳеч кимга сир эмас - ҳар қандай партия ва ижтимоий ҳаракатнинг пайдо бўлиши, авваламбор, шу юрт ҳаётида содир бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар,  аҳолининг, ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва қатламларнинг хоҳиш-иродаси, интилишлари билан чамбарчас боғлиқдир.Бошқача айтганда, ҳар қандай партия ёки ижтимоий ҳаракат, биринчи галда, аниқ ғояларнинг тарафдори, муайян гуруҳларнинг манфаатларини аниқ тасаввур қиладиган, шу қарашларни олдинга сурадиган, ҳимоя қиладиган ва ҳаётга татбиқ этиш учун курашадиган куч сифатида майдонга чиқади. Шу борада ўз-ўзидан аён бўлиши керакки,  кўппартиявийлик шароитида ҳар қандай партия ва ҳаракат жамият ва халқ орасида обрў топиш эвазига, авваламбор, сайловолди ва сайлов даврида ўз ғоялари, дастури ва амалий ишлари билан сайловчиларни ўзига эргаштира олиш ва кўпроқ овоз тўплаш ҳисобидан қонунчилик ва ижро ҳокимиятларига ўз вакилларини ўтказиш ва шулар орқали ўз олдига мақсад қилиб қўйган ғоя ва интилишларни амалга ошириш билан ўзини намоён қилиши табиий. Шу талабларга жавоб бермайдиган, амалий ҳаёт билан боғланмаган, ҳавойи интилишлар, фақатгина чиройли, лекин қуруқ даъват ва чақириқлар билан яшайдиган сиёсий куч эса - у партия бўладими, ижтимоий ҳаракат бўладими -охир-оқибатда инқирозга юз тутади ва халқ назаридан қолади. Бундай тизим ва ҳолат барча демократик давлатларда табиий бир ҳолга айланган.Албатта, демократик жамият қуришга бел боғлаган ва бунга эришган давлатларда бирон бир сиёсий кучнинг ўз мавқеи ва ўрнига эга бўлиши, обрў қозониши учун, сиёсий партия ёки ижтимоий ҳаракат бўлиб шаклланиши учун, шубҳасиз, маълум вақт ва тажриба керак бўлганини кузатиш мумкин. Агарки, Америка, Европа ёки Осиёдаги ривожланган демократик давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, уларда ҳозирги  кунда етакчи куч тариқасида фаолият кўрсатаётган партиялар узоқ ва мураккаб, давомли тарихга эга бўлгани, қанча-қанча ижтимоий-сиёсий кураш ва тўфонларни бошидан кечиргани, халқ ишончини қозониш учун оғир йўлларни босиб ўтгани ва бугун ҳам доимий ҳаракатда эканига ишонч ҳосил қиламиз. Бир сўз билан айтганда, ҳар қайси партиянинг ўз тарихи, сиёсий қиёфаси ва, энг аввало, бутун фаолиятининг негизида аниқ ва халққа, жамиятга тушунарли, таъсирчан ғоялар мужассам бўлиши шарт. Тан олишимиз керакки, биз мустақилликка эришгандан кейинги мана шу 12 йиллик даврда бу масалада ҳам бирмунча ҳаётий тажриба орттирдик. Бошимиздан кечирган, ўзини оқламаган яккапартиявийлик, зўравонлик тизими, халққа маъқул ёки номаъқул бўладими, фақатгина  битта ғоя  ҳукм сургани, халқимиз  тарихида қандай салбий из қолдиргани ҳақида гапириб ўтириш ортиқча бўлса керак. Буни барчангиз Ўзбекистонимизнинг яқин тарихидан яхши биласиз ва бундан тегишли хулосалар чиқаргансиз, деб ўйлайман.Юртимизда етмиш йилдан кўпроқ яккаҳукмронлик қилган ана шу мафкура, минг афсуски, кўпгина одамларимизнинг онги ва тафаккурига ўрнашиб қолгани ва ҳамон ўз исканжасидан чиқармаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳали-бери ҳаётимизга салбий таъсир ўтказаётган кўпгина мисоллар қаторида боқимандалик касаллиги ҳақида гапирадиган бўлсак, эски замондан қолган бундай асоратлар нақадар кучли эканини сезиш қийин эмас. Ҳозирги вақтда биз ҳуқуқий демократик, бозор иқтисодиётига асосланган давлат, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт қуриш учун интилмоқдамиз. Бу ҳаётнинг сиёсий-ижтимоий асослари бўлган демократия принципларини, кўппартиявийлик муҳитини мустаҳкамлаш, партиялар фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантириш бугунги ҳаётимизнинг энг муҳим вазифаси, эртанги тараққиётимизнинг гарови бўлиб қолмоқда. Барча тараққий топган демократик давлатлар босиб ўтган бу йўл биз учун ҳам ягона тўғри йўл экани ҳақида, такрорлаб гапириб ўтиришнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман.Ҳаммамизга маълум, ҳозирги кунда мамлакатимизда  мавжуд бўлган партиялар, яъни Халқ демократик, "Адолат" социал-демократик, "Миллий тикланиш" демократик партияси ва Фидокорлар миллий демократик партияси эски тузумдан мутлақо фарқ қиладиган янгича шароитда, кўппартиявийлик муҳитида ишламоқда, имкон қадар жамиятда ўз ўрнини  топишга, одамларни ўз ғояси, ўз дастури атрофида жипслаштиришга интилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизнинг эркин ва озод ҳаёт, демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш йўлида қўяётган қадамлари барчамизни қувонтиради.Лекин, таассуфки, шу мақсадга эришишга қаратилган жараёнлар, аввало, ҳақиқий кўппартиявийлик муҳитини барпо этиш, ҳар қайси партиянинг аниқ, фақатгина ўзига хос қиёфага, ўз тарафдорлари ва сайловчиларига эга бўлиши, олдинга сурадиган ғоялари ва дастурларини амалга ошириш учун қатъий кураш олиб бориши жуда суст кечмоқда. Бундай интилиш ва ҳаракатлар, айтиш мумкинки, умуман сезилмаяпти.Шуни яна ва яна бир бор афсус билан таъкидлашга мажбурман - ҳозир жамиятимизда шу масала бўйича кечаётган жараёнлар ҳеч кимни қониқтирмайди. Ва бундан керакли хулосалар чиқариш айни муддао бўлур эди.  Албатта, барча партияларимизни бир-бирига яқинлаштираётган жиҳатларнинг мавжудлиги - улар сиёсий, иқтисодий мақсад ёки дастур бўладими - бу  ҳам табиий ҳол. Ҳар қандай фаолият кўрсатаётган партия юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги каби ғояларни ўзининг  эзгу мақсади деб олдинга суришига, ишончим комилки, ҳеч ким қарши чиқмайди. Бошқача айтганда, бугун Олий Мажлисимизда ўз фракцияларига эга бўлган кўпгина партияларимиз  демократик принциплар ва миллий қадриятларимизга асосланган келажагимизни кўришга бел боғлаганини, шу мақсадда олиб бо- раётган ислоҳотларимизга муносиб ҳисса қўшаётганини ҳеч ким инкор этолмайди  ва бу борада уларни албатта қўллаб-қувватлайди. Лекин табиий бир саволга жавоб топиш қийин бўляпти. Бу эзгу мақсадларга эришишда ким қандай йўлларни, қандай модел ёки программаларни таклиф этмоқда ва уларни амалга оширишда фидойилик кўрсатмоқда? Яна битта масала: бу партиялар кимларнинг, қайси ижтимоий табақаларнинг аниқ манфаатларини кўзлайди? Афсуски, бу саволларга ҳам тайинли жавоб йўқ.Бугун бизнинг олдимизда турган мақсад битта - озод ва обод, фаровон ҳаёт қуриш, лекин бу мақсадга эришишнинг йўллари кўп. Нима туфайли, нима эвазига, нималарга суяниб  ва таяниб амалга ошириладиган қандай дастур асосида биз бу мақсадларга етамиз? Бу борада биз қандай муаммоларни бартараф этишимиз, қандай марраларни эгаллаб, қандай босқичлардан ўтишимиз даркор? Энг қийин масала мана шу ерда.Бундай вазиятни сиёсий ёки иқтисодий соҳаларда, ижтимоий, маънавий-маданий йўналишларда, умуман, давлат ва жамиятимизни қуриш, уни идора қилиш ва бошқариш масалаларида кузатишимиз мумкин. Нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги авлодларнинг келажагига ҳам таҳдид солаётган, халқаро майдонда тобора кучайиб бораётган янги хавф-хатарларнинг олдини олиш, юртимизда қарор топган  тинч  ва осуда ҳаётни бу бало-қазолардан асраш мақсадида нималарга нисбатан эҳтиёт ва ҳушёр бўлишимиз, ташқи ва ички сиёсатимизни узоқни кўзлаб,  қандай принципларга асосланиб, нималарга ва кимларга таянган ҳолда олиб боришимиз зарур деган саволлар, аввало, сиёсий партияларимизнинг аъзо ва раҳбарларини қийнаши керак эмасми?Лўнда қилиб айтганда, бугунги вазият бу йўналишларда давлат сиёсатини аниқлаш, якка-ягона тўғри йўлни ишлаб чиқиш ва танлаш масаласида партия ва ҳаракатлардан тинмай бош қотиришни, бу масалаларнинг ечимини топиш мақ- садида олиб борилаётган баҳс ва муҳокамаларда ўз фикри ва позициясини ҳимоялашга қодир бўлишни ва ўз ҳақлигини исботлаб беришни тақозо этади. Лекин, очиқ айтиш керак, бизда бу борада қандайдир лоқайдлик, хотиржамлик ва бепарволик ҳукм сурмоқда. Худдики, ҳамма оғир ва кескин муаммолар бугун ҳам, эртага ҳам ўз йўли билан ҳал бўладигандек, кимдир уларни ечиб беради, деган кайфиятлар устун бўлмоқда. Аксарият партияларимиз эса курашиш ўрнига, сен менга тегма, мен сенга деб, ҳозирги  шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаётдан орқада қолмоқда.Баъзилар, бу катта сиёсат, бунга тажрибамиз ва қурбимиз ҳали етмайди, деб эътироз билдириши мумкин.  Бундай қарашлар билан мутлақо келишиб бўлмайди. Нега деганда, сиёсий партия, деб ном олган куч, авваламбор, шундай мураккаб сиёсатга ўз ҳиссасини қўшиш учун майдонга чиқади.Майли, келинг, бундай стратегик, ўта оғир сиёсий муаммоларни ечишдан кундалик ҳаётимизда ҳар қадамда учрайдиган масалаларга ўтайлик. Ҳеч кимга сир эмас, бугунги жиддий муаммоларимиздан бири - жойлардаги, авваламбор, ёшлар ўртасидаги ишсизликдир. Бу бир ой ёки бир йилда ҳал бўладиган масала эмас, албатта. Бу муаммонинг илдизи чуқур ва бунга олиб келадиган сабаблар кўп. Бундай мураккаб масалани ечиш учун у билан узвий боғлиқ бўлган бошқа муаммоларни ҳам ҳал этишга тўғри келади.Аввало, ўйлаб кўрайлик, ишсизлик ўзи нимадан пайдо бўлади? Бу муаммонинг ижобий ёки салбий томонга ўсиши, биринчи галда, иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ. Айтайлик, иқтисодиёт тез ривожланса, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг харидори кўп бўлса, экспорт ҳажми ортиб, шу ҳисобидан корхоналарга валюта тушса, албатта, янги-янги иш ўринлари вужудга келади. Ва бу нарса нафақат завод ёки хўжалик, балки шу ерда ишлайдиган ҳар бир инсоннинг даромад ва буромадини ташкил қилади. Натижада ишсизлик даражаси пасаяди.Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, барқарор ўсиб бориши - бу қишлоқ хўжалиги бўладими, саноат ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўладими - шу тармоқларда ишлаётган одамларнинг доимо сезгир ва изланувчан бўлишини, бугунги кун талаб қиладиган касб-ҳунарларни ўрганишни, ўз малака ва савиясини муттасил ошириб боришни, мухтасар айтганда, замон билан  тенг қадам ташлашни тақозо этади.Ҳозирги давр шиддати шундайки, озгина оқсоқликка йўл қўйган одам ёки корхона эртага ҳаётдан орқада қолиб кетиши мумкин. Маҳсулот таннархи ҳам, даромад ва буромад ҳам, турмуш даражаси ҳам замон билан ҳамқадам юришимизга чамбарчас боғлиқ. Бу оддий ҳақиқат бўлса ҳам, уни такрор-такрор айтишга тўғри келмоқда. Одамларни иш билан банд қилишнинг яна бир омили шуки, ҳар қандай шароитда ҳам ташаббус ва изланувчанлик билан яшаш, керак бўлса, тадбиркорлик сир-асрорларини пухта ўрганиб, тинимсиз ҳаракат қилиш ва олдинга интилиш лозим. Бу масалада Япония ва Корея сингари табиий бойликка деярли эга бўлмаган мамлакатлар тажрибасидан кўп нарсани ўрганиш мумкин. Улардаги мураккаб шароит, чекланган ресурслар  доимий жонсаракликни, ақлни ишлатишни, тап-тақир жойда ҳам имконият топишни талаб қилади ва улар бу борада жиддий ютуқларга эришмоқда. Демак, ишсизлик масаласини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган партия ёки ҳаракат, аввало, муаммонинг мана шундай туб илдизларини чуқур ўрганиши, шу хусусда бош қотириши, жамоатчилик ва халқнинг эътиборини шунга қаратиши лозим. Фақат шунинг эвазига улар етакчи ижтимоий ёки сиёсий куч деб ном олиши, эл-юрт орасида чинакам обрў-эътибор қозониши мумкин.Мактабларимизнинг аҳволига эътибор берайлик. Бугун бизда 30 фоиз мактаб бинолари ночор ҳолатда. Очиқ тан олишимиз керак - бу муаммони, мактаблар масаласини тўла ечишга жойларда куч-имкониятларимиз етишмаяпти. Бу масалани ҳал этишга партиялар қандай ҳисса қўшмоқда? Мактабларни таъмирлаш, ўқувчиларга зарур шароит яратиш борасида улар қандай ташаббус билан чиқмоқда? Азалий урф-одатларимизга амал қилиб, маҳалла билан, жамоа билан биргаликда ҳашар уюштириб мактаб муаммоларини ечиш учун қайси партияда қандай амалий ҳаракат ёки интилиш сезилмоқда?  Сир эмас, бугунги кунда кўп мактабларда янги дарсликлар, китоб ва ўқув қўлланмалари етишмайди. Бир қарашда, бу оддий масалага ўхшайди. Лекин ҳаёт мана шундай оддий масалалардан ташкил топади, шуларнинг таъсирида ўтиб боради. Шу муаммони ечиш борасида, мисол учун, ўзини ёшлар партияси деб атаган Фидокорлар партияси нима иш қиляпти? Бу масалада бирон мактабга бир-иккита компьютер совға қилиш билан иш битадими? Бу муаммони ҳал этиш учун жиддий ўйлаб, аниқ дастур тузиб, енг шимариб узоқ ишлашга тўғри келади. Ёки кўп жойларда одамларни қийнайдиган масала - ичимлик суви масаласини олайлик. Бу муаммо нафақат олис қишлоқларда, балки кўпчилик туман марказларида ҳам долзарблигича қолмоқда.Яқинда аҳолини табиий газ ва ичимлик суви билан  таъминлашни яхшилаш бўйича 2009 йилгача мўлжалланган ҳукумат дастури қабул қилинди. Кўпгина ташаббуслар қаторида бу дастурнинг ижроси ҳам Президент ва ҳукумат зиммасида турибди.Энг ачинарлиси шундаки, бу масалалар ҳал бўлганидан кейин улар ҳақида  гапирадиганлар,   биз   ундоқ  қилдик, бундоқ қилдик, деб  кўкрагига урадиганлар кўпаяди, албатта. Халқимиз таъбири билан айтганда, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўладиганлар топилиши шубҳасиз.Демоқчиманки, агар ҳар қайси партия ҳаётдаги ҳамма муаммоларни эмас, бирор-бир аниқ ишни ўз масъулиятига олиб, уни охиригача ҳал қилишга интилса, фақат шунинг ҳисобидан обрў қозониши мумкин. Менимча, бу мақсадларга эришиш учун ташаббус ва ҳаракат қуйидан, оддий инсонлар орасидан бошланиши керак. Ҳар қандай таклиф-ташаббус тадбиркорлик ва ишбилармонлик маҳсули сифатида юзага чиққан тақдирдагина яхши самара бериши мумкин. Лўнда қилиб айтганда, халқ ғамини ейдиган, унинг ташвишларини юракдан ҳис этадиган, ўзини етакчи деб ҳисоблайдиган  одам доимо ёниб туриши керак. Биринчи галда, ёшларимиз ҳаётда ўз ўрнимни албатта топаман, кўзлаган мақсадимга албатта эришаман, ҳеч кимдан кам бўлишга ҳаққим йўқ, деган туйғу ва сўнмас ҳаракат билан яшаши ва ана шундай маънавий муҳит жамиятимизда барқарор бўлишини истардим.  Бизда бу борада ҳали ишга солинмаган, таъбир жоиз бўлса, теша тегмаган қанча имконият ва бойлик бор. Шуларни кўра биладиган, ўз онгидан ўтказадиган инсоннинг билими, ақл-заковати, ҳаракати ва куч-қудратига ишонган ва суянган ҳолда буни фаровон ҳаётга эришишнинг яккаю ягона тўғри йўли деб ҳисоблайдиган ва шундай ғояларни олға сурадиган сиёсий кучгина ҳақиқий партия бўлиб шакллана олади.Ҳозир нима бўляпти? Кўпгина партияларнинг фаолияти ҳамон заиф ва мўртлигича қолмоқда, уларнинг айрим раҳбарлари бир поғона ўсдими - дарров доҳийлик касалига йўлиқмоқда.  Улар  ўзини қандайдир партиявий фаоллар деб ҳис қила бошлайди. Етакчилик улар учун гўёки касбга айланиб қолмоқда. Ваҳоланки, халқнинг ичида улардан ҳам донороқ, эл-юртнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган, лекин ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаволаниб кетмайдиган, ўзини кўпчиликдан устун қўймайдиган, камтар ва билимдон одамлар кўп.Шу ўринда ўзимизга яна бир савол берайлик: бугунги кунда партияларимиз сафида бундай аъзоларнинг сони қанча? Фақат қуруқ гап сотиш, сўз юритиш билан эмас, ўз фаолияти мисолида амалий  ишлари билан - тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес бўладими, фермерлик бўладими - ўзининг манфаатини, шу билан бирга эл-юртнинг ғамини ва ташвишларини ҳисобга олган ҳолда, каттами-кичикми фойда берадиган ишларни узил-кесил ҳал қиладиган, уни  қойил қилиб амалга оширишга қодир одамларнинг сони қанча? Ва партияларнинг бу одамларга таъсири қандай?Барака топкурлар, айтинглар, нега деҳқон-фермерлар, тадбиркорлар ва ишнинг негизини биладиган кишилар, улар қайси соҳа ва йўналишда меҳнат қилишидан қатъи назар, партияларнинг эътиборидан четда қолиб кетяпти? Бу тоифа ва қатламларнинг манфаатлари, орзу-интилишлари партиялар томонидан қай даражада ифода этиляпти, керак бўлса, ҳимоя қилиняпти?Ўйлайманки, бу саволларга жавоб топиш ва бундай масалаларни ечиш вақти келди. Буни жадал суръатда ривожланаётган ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.Шу вазифалардан келиб чиққан ва уларни инобатга олган ҳолда, янги тузилаётган партиянинг сиёсий қиёфаси, мақсад-дастурини, керак бўлса, тарихимизда тутадиган ўрни ва мавқеини белгилаб, аниқлаб олишимиз зарур, деб ўйлайман.Энг муҳими, бугун мамлакатимиз, халқимиз танлаган пировард мақсадларга етиш йўлида эришилаётган улкан ютуқ ва марралар билан бир қаторда, ҳаётимизда мавжуд бўлган ғов-тўсиқлар, ечилмаётган муаммо ва нуқсонларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг илдиз ва томирларини аниқлаш асосида керакли хулосалар чиқариш, шу аснода мухтасар фикр юритишимиз айни муддао бўлур эди. Такрор айтмоқчиман: Ватанимиз мустақиллик йилларида эришган ютуқ ва марраларни ҳеч ким инкор этолмайди ва бунга ҳаққи ҳам йўқ, деб ўйлайман.Халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, не-не офат ва тўфонларни, синовларни бошидан кечириб, қанча-қанча қурбонлар эвазига қўлга киритган озод ва эркин ҳаётни, ўз қадр-қимматимиз, муқаддас динимиз, тилимиз ва қадриятларимизни қайта тиклаб, амалда адолатли демократик давлат ва фуқаролик жамияти, эркин иқтисодиёт қуриш имконига эга бўлганимизни, халқаро майдонда Ўзбекистон деб аталмиш келажаги буюк давлатни барпо этишга муяссар бўлганимизни минг йиллик тарихимизда Аллоҳнинг ўзи берган улуғ неъмат, деб қабул қиламиз. Лекин ҳаммамизга маълум - ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шиддат билан, тез суръатлар билан ҳамиша олдинга интилади. Кимки ҳаёт тараққиёти суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгараётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу - ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати. Мана шунинг учун ҳам барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, кўпроқ эришган ютуқларни фақатгина мақташ, уларга маҳлиё бўлиш ва шу маррада, шу босқичда депсиниб туриш эмас, балки  бугун  юртимизнинг тараққиётига ғов бўлаётган, унга зарар етказаётган муаммоларимизни очиб ташлаш ва уларни бартараф этишга бутун куч-ғайратимизни жалб қилишимиз шарт.Айнан шу аснода, келажагимизни ўзимизга яққол тасаввур қилган ҳолда, эртанги кунимизни яхшилаш мақсадида замон талаб қилаётган ислоҳот дастурларини амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилишимиз лозим. Юқорида зикр этилган мақсадларга эришишда, ўйлайманки, 2000 йилда Олий Мажлисимизнинг биринчи сессиясида қабул қилинган ва кейинчалик, тўққизинчи сессияда янада ривожлантирилган давлат ва жамиятимизнинг барча соҳа ва йўналишларини либераллаштириш миллий дастуримизнинг ўрни ва моҳиятини бирон бир нарса билан ўлчаш қийин. Шу дастурни сўзсиз амалга ошириш, уни ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жорий қилиш, керак бўлса, унинг аҳамияти ва моҳиятини кенг оммага сингдириш масаласини бугунги кунда энг асосий, долзарб вазифамиз, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.   Аввало, шуни ўзимизга аниқлаб, чуқур англаб олишимиз зарурки, ва буни ҳеч ким инкор этолмайди, ҳар қандай тараққиёт, олдинга юриш - бу илму фан бўладими, иқтисодиёт, маънавий янгиланиш бўладими - уларнинг барчасини замирида, биринчи навбатда, инсоннинг ақл-заковати, ҳаракати, куч-қудрати туради. Бу ҳақиқат, ҳар қандай сиёсий давлат тизимидан қатъи назар, ягона ҳақиқат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.Лекин, ҳеч шубҳа йўқки, инсоннинг, керак бўлса, омма ва халқнинг бундай аломат ва салоҳияти, авваламбор, эркинлик шароитида намоён бўлади. Бунинг негизида қандай тушунча ва ғоя бор? Мисол тариқасида иқтисодиёт соҳасини олайлик. Бу соҳа ривожини ўз зиммасига олган оддий ишчи ёки раҳбар бўладими, уларга эркинлик бермасдан, таъбир жоиз бўлса, оёқ-қўлини, онги ва тафаккурини кишанлардан озод қилмасдан туриб,  инсоннинг ўз ақл-заковати, куч-қудратини ишга солмасдан туриб ижобий натижага эришиш қийин. Бу ҳақиқатни исбот қилиб беришга  ҳожат йўқ, деб ўйлайман.Ҳаётнинг турли соҳа ва жабҳаларини кўтарадиган, уларга ривож ва қанот берадиган омил, ҳамма нарсани ҳаракатга келтирадиган куч бу -  аввало иқтисодий эркинлик, яъни том маънодаги инсон эркинлигидир.Шу фикрни ривожлантириб айтмоқчиманки, кишилик   тарихида ўзининг буюк имкониятларини доимо кўрсатиб келган ва бугунги замонда яна қайтадан машҳур бўлган куч - бу иқтисодий-ижтимоий тараққиётнинг замини ва пойдевори бўлмиш эркин тадбиркорлик ва ишбилармонлик ҳаракатидир.  Агарки, Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий топган жамият ва давлатга айлантириш, авваламбор, халқимизнинг ҳаётини муносиб даражага кўтариш ва халқаро обрўсини юксалтириш, шу мақсадларга эришиш учун юртимизда осудалик ва тинчлик-осойишталикни сақлашдан бугунги кунда бизнинг жамиятимизда ким энг кўп манфаатдор деб сўраса, мен, тадбиркор ва ишбилармонлар аҳли, деган бўлардим.Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин - шу мақсадларга эришишда жамиятимизнинг мана шу тоифаси, мана шу қатлами давлатимиз ва халқимизнинг суянчи ва таянчи бўлиши аён.Юқоридаги фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, ҳар томонлама асосланган шундай бир хулоса чиқариш мумкин. Яъни, бугун жамиятимизнинг аввало иқтисодий ҳаётида тобора кенгайиб, кучга тўлиб бораётган тадбиркор ва ишбилармонлар, кичик ва ўрта бизнес, фермерлар ҳаракати эл-юрт тараққиётини, мамлакатимизнинг ҳал қилувчи соҳалари ва йўналишларида олиб борилаётган ислоҳотларни кескин суръатлар билан ривожланишини, олдимизда тўсиқ бўлиб турган барча ғов ва нуқсонларни бартараф қилиш масъулиятини ўз зиммасига олиши учун - уларга сиёсий майдонни очиб бериш жамиятимиз ҳаётининг кун тартибига долзарб масала бўлиб кирмоқда.  Шунинг учун ҳам янги партия тузиш ҳақида гап юритар эканмиз, ўз ҳаётининг маъносини ҳам, юрт ва жамият келажаги, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлигини ҳам тадбиркорлик ривожи ва самараси билан боғлаб келган одамларни унинг сафларига бирлаштирсак, ўйлайманки, айни муддао бўлар эди. Бу ҳаракатнинг асосий ғоялари, мақсад ва вазифаларини сиёсий тил билан ифода этадиган бўлсак, бу ғояларни ўзида мужассам этган партия, ўз моҳият-эътиборига кўра, том маънода айни либерал-демократик партия платформасига тўғри келади.Айниқса,  бу борада юқорида тилга олинган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган либераллаштириш, ўзбекона қилиб айтадиган бўлсак, эркинлаштириш дастури муҳим дастак бўлиши мумкин. Мухтасар қилиб айтганда,  мамлакатимизни модернизация қилиш,  ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг асосий ўзаги ва гарови - бу эркинлаштириш сиёсатидир. Шу маънода, менинг сизларга берадиган тавсиям, бугун  тузиш масаласи ўртага қўйилаётган янги партияни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Либерал-демократик партия, деб аташ ўринли бўлур эди.  Бу икки тушунча ўзининг маъно-мазмуни, устун қўядиган ғоя ва мақсадлари бўйича бир-бири билан шундай чамбарчас боғланиб кетганки, уларни бир-биридан ажралган ҳолда кўриш, ўйлайманки, ғайритабиий ва ғайримантиқий ҳол бўлар эди.Шунинг учун ҳам янги тузилаётган сиёсий куч ва ҳаракатга айнан шундай ном беришга ҳар томонлама асос бор.Энди, шу фурсатдан фойдаланиб, сиёсий куч тариқасида  вужудга келаётган партиянинг қурилиши ва фаолияти билан боғлиқ айрим ҳолатларга эътиборингизни жалб қилишни ўринли деб биламан.Нафақат янги тузилаётган партиянинг, умуман,  ўзини  сиёсий ва ижтимоий куч деб эълон қилган ҳар қандай партия фаолиятида пайдо бўладиган энг катта муаммо - шу партиянинг ўз олдига қўйган, унинг сафларини бирлаштирувчи ғояни кенг оммага етказиш  ва амалда исботлаб бериш, аввало, шу ғоя ва дастурни барча партия аъзоларининг онги ва тафаккурига сингдиришдан иборат, десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди. Яъни, лўнда қилиб айтганда, бу партия нима учун, қандай ғояларни амалга ошириш учун майдонга чиқмоқда. Ва шу ғоялар нақадар адолатли экани, унинг халқ орзу-умидлари ва замон талабларига нечоғлиқ жавоб бера олишини жамоатчиликка тушунтириб, исботлаб беришдир. Шу борада яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман.Тузилаётган партия ўз аъзолари, авваламбор, унинг асосчи ва етакчи фаолларидан ҳаётимизда кўп учрайдиган хавфли касаллик - амалпарастлик, манманлик, ўзига бино қўйиш ва ўзига ортиқча баҳо беришдан холи бўлишни талаб қилади.Янги ташкил этилаётган партия фаолиятида ўзининг шахсий манфаати ва интилишларини, бошқача айтганда, ўз амбициясини жамият ва халқ манфаатларидан устун қўйишга асло йўл бермаслик лозим. Шуни яхши ва чуқур англаб олишимиз керакки, қаерда мана шу касалликнинг хуружи кучайса, шу ерда, аниқ айтиш мумкин, соғлом муҳит йўқолади, мансаб талашиш ва доҳийликка уринишлар авжига чиқади. Охир-оқибатда бу партия сиёсий майдонда пайдо бўлмасдан туриб  инқирозга дучор бўлади.  Бу гапни яна давом эттириш, бу масалани яна чуқурроқ тушунтириб беришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Лекин бу огоҳлантириш бугун мана шу партияни ташкил қилаётган, унга аъзо бўлиб кирадиган одамларнинг қулоғида доимо жаранглаб туришини истардим.  Яна бир олдиндан ўзимизга тасаввур қилишга лойиқ масала: агарки, кимда-ким ўзининг шахсий манфаатига доир муаммоларни янги тузилаётган партия орқали ҳал қилиш, ечиш учун партияга кирмоқчи бўлса - қаттиқ янглишади.Яна бир ҳақиқатни очиқ айтишга тўғри келади.Сизларга яхши маълум бўлиши керак ва ўзингиз амалий ҳаётда бунинг кўп гувоҳи бўласиз: тадбиркорлар зоти - буниям сир тутиш керак эмас - ҳаммага ҳам ёқмайди. Ҳали-бери жамиятимизда бу тоифа ва шу ишга бел боғлаган одамларга нисбатан эски замондан қолган қандайдир шубҳа билан қараш, уларни кимнидир алдаш, ҳақидан уриб қолиш ҳисобидан даромад топадиган кимсалар қаторига қўшиш ҳолатларини ҳам учратиш мумкин. Лекин бугунги кунда бундай қарашларнинг камайиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўзгариб бораётганини эътиборга оладиган бўлсак, ҳаётимизда уларнинг аста-секин йўқолиши, ислоҳотларнинг чуқурлашуви, демократик ва бозор иқтисодиёти муносабатларининг жамиятимиздан янада кенгроқ ўрин олиши туфайли ўз-ўзидан барҳам топиши муқаррар. Бу - биринчидан. Иккинчидан, бундай салбий қарашларнинг ҳаётимиздан йўқолиши учун  авваламбор тадбиркорларнинг ўзи кўпроқ ҳаракат қилиши ва ўзининг шахсий мисоллари билан бундай шубҳа-гумонлар  ўринсиз эканини исботлаб бериши даркор.Шуни ҳам айтиш керакки, кеча эҳтимол, бундай партия тузиш учун етарли даражада шароит бўлмагандир. Аммо, агарки, бугун ҳаётимизда тобора кучайиб бораётган янгиланиш ҳаракатларини,  дунёдаги тараққий топган давлатлар мисолида эркинлаштириш ва демократлаштириш ҳисобидан эришаётган марраларни инобатга олган ҳолда, барчамизга аён бўлиши зарурки, либерал-демократик ғояларни, платформасини олдинга сурган ҳолда одамларимизнинг турмуш даражасини ўстириш, йўлимиздаги ғов-тўсиқларни олиб ташлаш, Ватанимизнинг тараққиётини жадал суръатлар билан ривожлантириш вақти келди. Ва шу ғоялар ва мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистонимизнинг сиёсий майдонида янги партиянинг пайдо бўлиши айни муддао.Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мен, янги ташкил этилаётган партиянинг мақсад ва ғоялари тариқасида, қуйидаги принципиал масалаларга алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман.Биринчи мақсад. Ўзбекистоннинг тараққиётини, унинг  оғир-енгилини ўз елкасига, ўз масъулиятига олишга бугун сиёсий куч сифатида бирлашаётган, мамлакатимизда катта салоҳиятга эга бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар тоифаси ҳақлидир.Бу ҳаракатнинг асосий мақсади - сиёсий кучга айланиб, тадбиркорларнинг йўлини янада очиб, уларнинг  истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий соҳаларда исботлаб бериш, манфаатини ҳимоялаш, эртанги кунини таъминлаш. Шу ижтимоий тоифа номидан Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасига чиқиш ва ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш.Иккинчи мақсад. Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган, унинг стратегик истиқболлари дастурини Конституция принципларига суяниб, бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш учун партиянинг куч-имкониятларини сафарбар этиш.Ўзбекистон танлаган очиқ демократик, бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни  халқимиз, аввало, ёшлар онги ва ҳаётига сингдириш.Бир сўз билан айтганда, ривож топган бутун демократик халқаро ҳамжамият билан ҳамоҳанг бўлиб яшаш мақсади янги тузилаётган партиянинг энг муҳим ва долзарб вазифасига айланиши даркор.Учинчи мақсад. Давлатни бошқариш, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ҳаётимиздаги муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини оширишда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, асраб-авайлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш.  Халқимиз, аввало, ёшларимизни миллий ғоя, юрагида ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, деб ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш, ҳар қандай шароитда ҳам мустақиллик йўлимизни, қадриятларимиз, миллий ва диний анъаналаримиз, урф-одатларимизни қадрлаш, шу билан бирга, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши кураш олиб бориш. Тўртинчи мақсад. Ўзи учун сиёсий платформа деб танлаб олган либерал-демократик ғоялар ва мақсадларни ўз фаолияти билан кенг омма онгига сингдириш, бу борада ҳар томонлама чуқур ўйланган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, ўз сафини кенгайтириш. Шу ғояларни ҳаётга татбиқ қилиш учун фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод этиб тавсия қилиш ва сайловчилар ишончини қозониб, ўз депутатлари зиммасига қонунчилик ва ижро ҳокимиятларида вакиллик вази- фасини юклаш ва уларни бошқариш. Содда қилиб айтганда, бу янги партия, бу ҳаракат тадбиркорларга, ишнинг негизини биладиган фаоллар ва фидоийларга суяниб-таяниб, уларни бирлаштириб, ўз олдига қўйган мақсад-марраларга эришиши даркор. Нега деганда, тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар зоти бутун дунёда давлатнинг таянчи ва суянчи, таъбир жоиз бўлса, ҳар қандай жамиятнинг устуни бўлиб келмоқда.   Амир Темур бобомизнинг, "ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир", деб берган насиҳатларида жуда катта маъно бор.   Ўйлайманки, янги тузилаётган бу партия сиёсий ҳаётимизда мавжуд бўлган ана шу бўшлиқни тўлдиради ва Ўзбекистон - келажаги буюк давлат, деган мақсадга етишиш учун ўз муносиб ҳиссасини қўшади. Барчангизга шу эзгу мақсадларга эришиш йўлида куч-қувват ва омадлар тилайман. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме