17:15 15.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг
V Съездида (2009 йил 8 ноябрь куни)
тасдиқланган
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 
САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ (платформаси)
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўтган беш йил давомида мамлакатда содир бўлаётган демократик ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланган ҳолда сайлов кампаниясига қадам қўйди.2004 йилги сайловлардан кейин O`zLiDeP ўрта синф – тадбиркорлар, фермерлар, хусусий сектор вакиллари, моддий ва интеллектуал мулк эгалари манфаатларини ифодалаган ва ҳимоя қилган ҳолда муайян сиёсий тажрибага эга бўлди.Партия бундан буён ҳам айнан ана шу ижтимоий қатлам манфаатларини ифодалайди. Чунки ўрта синф вакиллари мамлакатимизнинг моддий бойликлари ва маънавий қадриятларини яратиш ҳамда кўпайтириш борасида муҳим роль ўйновчи, ижтимоий жиҳатдан энг фаол, иқтисодий жиҳатдан мустақил кишилар тоифасига кирадилар. Улар амалий ташкилотчилик тажрибасига эга, ўз ишларини олдиндан режалаштирувчи ва уларнинг оқибатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир кишилардир.Ана шу мақсадларга эришиш йўлида O`zLiDeP бор куч ва имкониятларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда ғолиб чиқишга қаратади. Партия ўз олдига қўйилган мақсадларга қуруқ шиорлар билан эмас, балки амалий ишлар, биринчи навбатда, мулкдорлар синфи, тадбиркорлар, кичик ва хусусий бизнес вакиллари ҳамда фермерлар манфаатларини ифодалайдиган аниқ сиёсат юритиш орқали эришишга интилади. O`zLiDeP ҳамжиҳатликни сақлаш, тараққиёт ва фаровонликка, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ҳамда халқ турмушининг янада тўкин бўлишига интилади.Беш йил аввал, икки палатали Парламентга сайловлар арафасида, O`zLiDeP мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш ва бу жараёнда фаол иштирок этишга ваъда берган эди.Партия ўтган сайловлар даврида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, эркин, кўп укладли бозор иқтисодиётини шакллантириш орқали жамиятдаги барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган қатъий интилишларини баён қилган эди.2009 йилги сайловда иштирок этишдан мақсад эса O`zLiDeP учун биринчи навбатда бажарилган ишлар тўғрисида сайловчиларга ҳисобот беришдир. Ўтган давр мобайнида партия белгилаб олган устувор вазифаларни қай даражада уддалай олди? Қўлга киритилган натижалар сайловлар олдидан берилган баёнотларга қай даражада мос келади?2004 йилги  Парламент сайлови якунларига кўра Қонунчилик палатасидан энг кўп депутатлик ўринларини эгаллагани ҳолда O`zLiDeP ўзининг дастурий мақсадларини амалга оширишда ушбу устунликдан қонун ижодкорлиги фаолияти орқали фаол фойдаланишга, ижтимоий-иқтисодий, сиёёсий ислоҳотларнинг боришига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилди.   Фракция аъзолари ўрта синф – тадбиркорлар, хусусий сектор вакилларининг манфаатларини ифодаловчи ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга молик қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида ташаббускорлик кўрсатдилар. O`zLiDeP депутатлари барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органларида фаолият юритган ҳолда партия электорати манфаатларига алоқадор қонунларнинг қабул қилинишида  фаол иштирок этдилар.Шу йўл билан партия ўтган давр давомида ўзи илгари сурган нуқтаи назарни яна бир карра тасдиқлади. Бу – сафсатабозлик ва қуруқ ваъдалардан воз кечиш. Бу – одамларни ташвишлантираётган энг муҳим ҳаётий муаммоларни ҳал қилишга амалий ҳисса қўшиш.  Бу – сайловчилар билан доимий мулоқот, ислоҳотлар тақдири учун жавобгарликни, таклиф этилаётган ва қабул қилинаётган қонунлар учун сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр туриш демакдир. Орттирилган тажриба, мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни чуқур таҳлил этишда O`zLiDeP ўзининг дастурий йўналишларини аниқлаштириш, сайловолди сиёсий нуқтаи назарини ишлаб чиқиш имконини беради ва бугун сайловчиларини ана шу асосий йўналишлар билан таништиради.
Партиянинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлари

Ўзбекистонда Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизация қилиш дастури мамлакатимизнинг демократлаштириш йўлидан олға қадам ташлаши, бозор ислоҳотларини амалга ошириш, жаҳон ҳамжамиятига кириб боришига замин яратмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик узлуксиз иқтисодий ривожланишни, иқтисодиётни модернизациялашни, туб таркибий ўзгаришларни амалга оширишни ҳамда ишлаб чиқаришнинг техник ва технологик янгиланишини таъминлади. Мамлакат иқтисодиётида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг улуши ортди, иш ҳақи ва аҳоли даромадларининг ўсиб бориши таъминланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат таркиби ўзгариб, уларни экспорт қилиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди.Партия иқтисодиётни янада ривожлантириш соҳасида  қуйидагиларни ўзининг энг муҳим устувор йўналишлари деб ҳисоблайди.Биринчи. Ишлаб чиқариш ресурслари, маблағлар ва ишчи кучи бозорларини ҳар томонлама либераллаштириш. Рақобат қилувчи бозорлар асосини кўп укладли иқтисодиёт ташкил этиши, бунда хусусий мулк етакчи роль ўйнаши лозим. Хусусий мулк дахлсиз бўлиб, партия ўзининг кундалик фаолиятида ушбу конституциявий тамойилни ҳимоя қилади ва ҳаётга изчил татбиқ этади.Тадбиркорлик ташаббуси бозор иқтисодиёти ривожланишининг бош омилидир. Тадбиркорлик эркинлиги, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаслик мамлакатнинг муваффақиятли иқтисодий ривожланиши асоси ҳисобланади.Партия тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлайдиган ҳуқуқий кафолатлар нафақат қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилиши, балки амалиётда ҳам унга қатъиян риоя қилиниши керак, деган ғояни илгари суради.  Шу муносабат билан O`zLiDeP тадбиркорлар, фермерлар, мулкдорлар ва ўз электоратининг бошқа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш қонунчилик базаси ҳамда механизмини такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда хўжалик судларининг ролини кучайтиришга қаратилган ишларни давом эттиради. Хўжалик судлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур, бу жараён янада очиқ ва ошкора бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, бу вазифаларни ҳал этишда ҳакамлик судлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш лозим.O`zLiDeP бозор муносабатлари эркинлигини ривожлантириш, бозор ислоҳотлари йўлига ҳалақит бераётган тўсиқ ва ғовлар, иқтисодиёт соҳасидаги салбий ҳолатларга қарши кураш олиб бораверади. Кредитлар олиш, ер майдонлари ажратиш, хусусийлаштириш жараёнларида рўй бераётган порахўрлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини амалга оширади.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилиши уларнинг салоҳият ва имкониятлари тўла рўёбга чиқишига ёрдам беради, бу эса иқтисодиётнинг ўсиши ва мамлакат фуқаролари турмуш фаровонлигининг янада юксалишида энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади.Биз мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини, жумладан, йирик корхоналарни хусусийлаштириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни иқтисодиётга жалб қилиш уни модернизациялашнинг муҳим омили, деб ҳисоблаймиз.Миллий бизнеснинг ўсиши, сармояларнинг марказлашуви жараёнлари ривожланиши баробарида партия учун бозорларни монополлаштиришнинг олдини олиш, ишлаб чиқариш ҳажми ва кўламини ошириш учун зарур бўлган соғлом рақобат муҳитини сақлаб қолиш, аҳоли бандлиги, турмуш даражаси ва унинг яшаш тарзи сифатини таъминлаш вазифалари тобора долзарб аҳамият касб этаверади.Иккинчи. Партия, шу жумладан, давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги ўз депутатлари орқали молия ва банк тизими барқарорлигини кучайтиришга, бу борада зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларнинг қабул қилинишига кўмаклашаверади. Ушбу чоралар қуйидаги соҳаларга қаратилади: - кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қонунчилик асослари ва қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда тижорат банклари, бошқа молия инситутлари фаолиятини изчил равишда кучайтириш орқали кредитлар билан таъминлаш;- чакана савдо соҳасида нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмлари самарадорлигини таъминлаш;- банкдан ташқари пул айланишини қисқартириш.Учинчи. Партия фаолиятининг устувор йўналишларидан яна бири фермер хўжаликларини ривожлантириш, улар учун зарур инфратузилмани шакллантиришга кўмаклашишдан иборат. Бугунги кунда фермерлар қишлоқ хўжалигининг асосий маҳсулотларини етиштирувчилар ҳисобланадилар, жамиятда, ижтимоий-иқтисодий муносабатларда уларнинг ўрни тобора кучайиб бормоқда. Айнан фермерлар қишлоқлардаги турмуш сифатини белгилайдилар, туб ислоҳотлар, замонавий технологиялар ва инновацияларни амалга оширадилар. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда партия фермерларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган, жумладан, қуйидаги соҳаларга қаратилган ҳуқуқий механизмларнинг самарали ишлашига эришишга интилади:- шартномада кўзда тутилган хом ашё, материаллар ва товарларни белгиланган муддатларда етказиб беришда, фермерлар етказиб берган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун ҳисоб-китобни амалга оширишда тайёрловчилар ва таъминотчиларнинг масъулиятини кучайтириш;- қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун мумкин қадар қулай шарт-шароитлар яратиш. Партия нафақат экспортга маҳсулот етказиб беришни уюштиришда, балки етиштирилган ва қайта ишланган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаштиришда рўй берадиган расмиятчилик ҳолатларига чек қўйиш борасида ҳам иш олиб боради.Тўртинчи. Ҳозирги кунда O`zLiDeP депутатлари давлат ҳокимиятининг барча даражаларида – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидан тортиб халқ депутатлари маҳаллий кенгашларигача – 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастури амалга оширилишида фаол иштирок этмоқдалар. Ушбу дастурнинг бажарилишида партиянинг фаол иштироки тадбиркорлик тузилмаларининг мавжуд захиралардан фойдаланишларини янада кўпроқ рағбатлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш асосида маҳсулот таннархини арзонлаштириш ҳамда сифатини яхшилаш, экспорт салоҳиятини ўстириш бўйича янги ташаббусларнинг илгари сурилишини кўзда тутади. Бунда ушбу жараёнларни молиялаш тўлиқ давлат зиммасига юкланмаслиги керак. Партиянинг нуқтаи назарича, тадбиркорлик ва бизнеснинг молиявий маблағлари инновацион лойиҳаларни яратиш ва ишлаб чиқаришни жорий этишга қаратилиши лозим. Бу эса Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга ёрдам беради. Инқироздан кейинги даврда партиянинг эътибори хусусий сектор вакиллари учун сармоявий фойда ва имкониятлар яратадиган янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга қаратилади.O`zLiDeP мамлакатнинг юқори технологиялар асосида тараққий этишида тадбиркорлик секторининг ҳар бир субъекти манфаатдорлигини таъминловчи чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этаверади. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.     Партиянинг давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш ҳамда либераллаштириш соҳасидаги устувор йўналишлари

Мустақиллик йиллари мамлакатда жамият ҳаётининг муҳим соҳаларини либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлаш, давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат органларининг бошқарув, биринчи навбатда, тақсимот соҳасидаги ўз умрини ўтаб бўлган ваколатлари қисқарди. Улар ўрнига замонавий бозор механизмлари, иқтисодий воситалар ва омиллар кириб келди.Демократик асосда қурилган давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар иқтисодиётнинг ривожланишини ҳамда аҳолининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлайди. O`zLiDePнинг мақсадларидан яна бири – бу қонунийлик, масъулият ва ўз ишининг устаси бўлиш ҳукм сурадиган шарт-шароит яратишдан иборатдир. Тадбиркорлар давлат ва хўжалик бошқаруви тизимини демократлаштириш соҳасида белгиланган ислоҳотларнинг изчил ўтказилишидан бошқа ҳар қандай соҳа эгаларидан кўра кўпроқ манфаатдордирлар. Бундай ислоҳотлар, шубҳасиз, уларга ўз ишчанлик қобилиятларини рўёбга чиқариш, бойликларини сақлаш ва кўпайтиришнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.Биз ижроия ҳокимият органларининг ваколат доираси, иш шакллари ва услубларини белгилаб берадиган қонунчиликни, давлат бошқаруви, хўжалик фаолияти асосларини такомиллаштириш, ижроия ҳокимият томонидан қабул қилинадиган ҳамда қонунларнинг бажарилишини қийинлаштирадиган қонуности ҳужжатларини қисқартириш, давлат тузилмаларига юқори малакали мутахассислар ва ватанпарвар кишиларнинг кириб келишини таъминлайдиган тизим яратиш тарафдоримиз.Партия давлат ҳокимиятининг ижроия органларини шакллантиришда парламент ролини янада ошириш, жойлардаги ҳукумат ва ҳокимият органлари фаолиятида шаффофлик ҳамда ошкоралик бўлиши тарафдоридир. Ислоҳотларнинг амалга оширилиши, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилиши, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлиги ўсиши ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими учун маҳаллий ижроия ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш лозим. Бу соҳада партия Ўзбекистон Республикасининг «Давлат бошқарувини   янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунида сиёсий партиялар учун яратиб берилган ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланиш ниятидадир. Партия ижроия ҳокимиятнинг раҳбарлик тузилмаларига ўз аъзоларини фаоллик билан тавсия этади, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги ўз депутатлари орқали улар фаолияти устидан назоратни таъминлайди.Мамлакатимизда ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланишини таъминлайдиган қонунчилик базаси, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатлар яратилган. Партия бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтлари, ННТларга фуқароларнинг манфаатларини қондириш ва ҳимоялашга, муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни рўёбга чиқаришга қаратилган фаолиятлари самарадорлигини оширишга кўмаклашишни давом эттиради.Партия фуқаролик жамиятининг бир қадар таъсирчан институти, жамият ва давлатнинг муҳим муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар, фуқаролар йиғинлари мақомини кўтариш, улар ролини ошириш, ваколатларини кенгайтириш ва  моддий базасини мустаҳкамлаш учун интилаверади.Партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири матбуот эркинлигини, янгиланиш жараёнлари ҳамда ислоҳотларнинг амалга оширилишидаги унинг роли ва таъсирчанлигини янада оширишни таъминлашдан иборатдир.Ҳозирги шароитда асосий эътибор медиа-тармоқлар, матбаачилик корхоналарини ахборот-коммуникация соҳасидаги энг янги ютуқлар асосида яратилган техника ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш масалаларига қаратилиши зарур.Партия ахборот маконида бозор муносабатларини ривожлантириш ҳамда матбуотнинг мулкчилик шакли, адади, қамрови ва мавзу йўналишидан қатъи назар, барча қатнашчилар ўртасида адолатли рақобат бўлиши тарафдоридир. Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш соҳасида кенг кўламли  ислоҳотлар ўтказилди. Судларни ихтисослаштириш амалга оширилди, ярашув институти жорий этилди, жиноят қонунчилиги либераллаштирилди. Ўлим жазоси бекор қилинди. Қамоққа олиш учун санкциялар бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Партия жиноят учун жазолаш тизимини инсонпарварлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш  соҳасидаги ишларни давом эттираверади. Биз бу соҳадаги энг муҳим устувор вазифамиз мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайдиган қонун нормалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришдан, судгача бўлган ва суд муҳокамаси пайтидаги хўжалик низолари ҳамда бошқа баҳсли масалаларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмини рағбатлантиришдан иборат, деб ҳисоблаймиз.O`zLiDeP қонунчиликнинг адолатли ва инсонпарварлик тамойиллари қарор топиши тарафдоридир. Жиноий ва фуқаролик судлари ишидаги шахс – фуқаро ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имконини берадиган кафолатли ҳуқуқларга эга бўлиши лозим.Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматига қатъиян риоя қилинишини таъминлайдиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатлари қонуний тарзда аниқ қарор топтириладиган, айни пайтда содир этилган жиноят учун жазо муқаррарлиги кафолатланиши билан боғлиқ ишлар давом эттирилиши лозим. Коррупцияга қарши кураш самарадорлиги биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари тизимида унга, бошқа салбий ҳолатларга қарши қанчалик фаол кураш олиб боришимизга боғлиқдир.Партия фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади, токи ҳеч ким уларнинг ҳуқуқий билимсизлигидан ғаразли мақсадларда фойдаланмасин.
Партиянинг ижтимоий, гуманитар, маънавий соҳалар, жамиятнинг интеллектуал тараққиётидаги устувор йўналишлари

Мустақилликнинг  дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимиз кучли ижтимоий сиёсатни ўзининг устувор йўналишларидан бири, деб эълон қилди. Мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тизимлари барқарор фаолият кўрсатмоқда, аҳолининг  ижтимоий муҳтож қатламлари қўллаб-қувватланмоқда.Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилмоқда, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат  дастури доирасида туб ислоҳотлар ўтказилди, соғлиқни сақлаш ва олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Янги  иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳа ходимларининг мақомини кўтариш чоралари кўрилмоқда.Партиянинг устувор вазифаси мамлакатда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, инсонга сармоя киритиш ҳисобидан фаровонлик ва аҳоли турмуши сифатини оширишга йўналтирилган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида ўз роли ва аҳамиятини кучайтиришдан иборат. Бу борада партия болаларнинг уйғун ривожланишига қаратилган таълим жараёни сифатини ошириш, жумладан, уларда иқтисодий кўникмаларни, тадбиркорлик қобилиятларини ҳосил қилиш, иқтисодий ривожланишнинг янги, илғор усулларини тезда ўзлаштириш лаёқатини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Замонавий фикрлай оладиган ва билимли, жамиятда  муносиб ўрин эгаллашга қодир фуқароларни тайёрлаш муҳимдир. Тадбиркорлик маданиятини шакллантириш партиянинг устувор вазифаларидан биридир.Партиянинг яна бир устувор вазифаси – ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар учун  касбий, ижодий ва мансаб пиллапояларидан ўсиш учун имкониятлар яратишдан иборат. Ёшлар салоҳиятини ривожлантириш – бу келажакка сармоя  киритиш, демакдир.Партия ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини  кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун  иқтисодий  ва ҳуқуқий шароитлар  яратиш ниятида.Партия ўз олдига хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий, маънавий ва интеллектуал ўсишига кўмаклашиш, бандлик масалаларини ҳал қилиш, меҳнат шароитини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойларда тадбиркорлик фаолиятига  жалб қилиш масалаларини қўймоқда. Партия  ўз кучини айниқса ёш оилалар учун долзарб бўлган  уй-жой тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга йўналтиради. Бунда уй-жой қуриш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун рағбатлантирувчи механизмлар жорий этилади.Иш берувчилар – корхона ва компаниялар ҳам ўз ходимларини имтиёзли уй-жой билан таъминлашда рағбатлантирувчи механизмларга эга бўлишлари лозим. Бу уй-жой нархини арзонлаштириш имконини беради ва унинг янада оммабоп бўлишига хизмат қилади. 
Партиянинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари

O`zLiDeP мамлакатимизнинг бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик, низо ва муаммоларни тинч йўли билан ҳал этиш, яқин ва узоқ қўшнилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик асосида ҳамда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тинч-тотув яшаш каби фундаментал тамойилларга асосланган ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди.Партия мамлакатимиз раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солувчи наркоагрессия ва оммавий қирғин қуролларининг тарқатилишига йўл қўймаслик сингари бошқа хавф ва таҳликаларга қарши курашишга қаратилган ташаббусларини маъқуллайди.Минтақа ва мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш – бу иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, Ўзбекистонда, авваламбор, тадбиркорлик, бизнесни ривожлантириш ва умуман аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг энг муҳим шартидир.Партия халқаро майдонда етакчи ўрин эгаллаган, индустриал ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни ниҳоятда муҳим деб ҳисоблайди. Ушбу ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, хорижий сармояларни жалб қилиш, янги технологияларни келтириш, иқтисодиётнинг илмталаб жабҳаларини яратиш, Навоий шаҳридаги трансконтинентал интермодал логистика марказини барпо этиш лойиҳаси каби кенг кўламли юқори технологияли дастурлар ҳамда мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларида, ҳаётимизнинг турли соҳаларида юқори рақобатбардошликни таъминлашга қодир бўлган қатор бошқа лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.Партия мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни собитқадамлик билан амалга ошириш доирасида келгусида ҳам Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди.O`zLiDeP мамлакатда миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига янада интеграциялашувига қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлайди.
***Кўрсатилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш партия аъзолари, унинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлаётганлардан, барчамиздан самарали ва фидокорона меҳнат қилишни талаб этади.O`zLiDeP ижтимоий ва профессионал ҳамкорлик, умумий олий мақсадлар сари фуқаролар бирдамлиги тамойиллари асосида иш юритишга тайёр бўлган барча кучларни ўз ҳамкорлари деб билади.Айни пайтда мақсадларимизга эришишнинг энг самарали йўлларини излаш ва амалга оширишда биз ғоялар ва дастурларнинг кескин, рақобатли курашига тайёрмиз.Биз учун ҳокимият – бу бирдан-бир мақсад эмас, балки халқимизга самарали хизмат қилиш воситасидир.
Ҳурматли сайловчилар!O`zLiDeP мамлакатда эркин, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ғояларига содиқлигини эълон қилиб, ўз сиёсий платформасини тақдим этиб, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш йўлидаги кенг сиёсий ва фуқаролик ҳаракати партияси бўлишга интилади. O`zLiDeP сиёсий куч сифатида ислоҳотлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, ўз сиёсий платформасидаги мақсадлар амалга оширилиши ва ўз электорати манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга амалда тайёрдир.O`zLiDeP ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларни оғишмай енгиб ўтади, бугунги давр ўртага қўяётган муаммоларни сидқидилдан ва масъулият билан ҳал қилади.O`zLiDeP ўз кучига қатъий ишонади ва аниқ амалий ишлар билан бунёдкор партия эканини исботлашга қодир!Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O`zLiDeP учун овоз берар экансиз, сиз ҳар бир фуқаронинг турмуш даражасини ва мустақил Ўзбекистоннинг фаровонлигини юксалтириш бўйича аниқ масалаларни ҳал этишга қодир бўлган партияни қўллаб-қувватлайсиз!
Бугунги тўғри танловингиз эртага ўзимиз ва фарзандларимизнинг фаровон ҳаётини таъминлайди! 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме