22:30 17.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАДБИРКОР ВА ФЕРМЕРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЁШЛАРДА КАТТА ТААССУРОТ ҚОЛДИРДИ
Аҳмад НАРЗУЛЛАЕВ,Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари,Ўзбекистон Қаҳрамони
Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳамда Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирлар нафақат талабалар, балки биз фермерларда ҳам катта таассурот қолдирди. Айтмоқчи бўлганим, ёшларнинг соҳадаги ислоҳотларга, тадбиркор ва фермерлар эришаётган муваффақиятларга қизиқиши ҳар қандай хўжалик раҳбарини чуқур мулоҳазага тортади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати бозор иқтисодиёти шароитида ўзини ҳар тарафлама оқлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатда фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтарди. Бугун фермерлик ҳаракати нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш етакчисига, балки жамиятда, қишлоқда ижтимоий масалаларни ҳам ҳал қилувчи қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланди.
Мазкур олий таълим муассасаларида ўтказилган тадбирларда янгича фикрлайдиган ёшлар билан очиқ амалий мулоқотлар қилинди, тадбиркор ва фермерларимиз ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, талабаларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берди. Ўйлайманки, бу анжуманлар ёш мутхассисларимиз учун келажакдаги касбий фаолиятини аниқ белгилаб олиши ва ривожлантириши учун амалий ёрдам беради.
Қосимжон РАҲМОНОВ,Тошкент ирригация ва мелиорация институти доценти,иқтисод фанлари номзоди
Институтимизда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан “Аграр соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш - мамлакат қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракати ривожини таъминлаш гарови” мавзуида ўтказилган амалий мулоқот ўз вақтида ташкил этилган тадбир, деб ўйлайман. Чунки тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати ҳам иқтисодиётимизнинг автосаноат, нефть ва газ тармоқлари сингари энг тез ривожланиб бораётган соҳаларидан ҳисобланади. Мамлакатимизда тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш йўлида давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг юқори натижаларини беряпти. Бундай очиқ мулоқотларнинг ўтказиб борилиши ёш мутахассисларда катта таассурот қолдириш билан бирга уларнинг соҳадаги билим ва кўникмаларини янада оширишга катта ҳисса қўшади. Айниқса, аграр соҳада қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг амалиётда ўз самарасини бераётгани, тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатига яратилган шарт-шароитлар, уларнинг қўлга киритаётган ютуқлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Институтимиз маъмурияти тадбиркорлар ва фермерлар иштирокидаги бу каби жонли мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиб боришни режалаштириб олди.
Заринабону ТУРДИМУРОДОВА,Тошкент ирригация ва мелиорация институти4-босқич талабаси
Тадбиркор ва фермерларнинг бевосита иштирокида ўтказилган амалий мулоқотдан мен жуда ҳам кўп нарса олишга муваффақ бўлдим. Хусусан, чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолияти, уларнинг халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишиш биз каби ёш мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳозир мен “Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан самарали фойдаланиш” мавзуида битирув малакавий ишимни тайёрлаяпман. Мақсадим сув танқис ҳозирги давримизда замонавий суғориш технологияларидан фойдаланган ҳолда сув исрофгарчилигини камайтиришдан иборат.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме