19:00 24.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ТАДБИРКОР АЁЛЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Гулистон шаҳрида “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида “Оилавий корхона - мустаҳкам оила пойдевори” мавзуида ўқув семинари ўтказди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати П.Аҳмеджонова сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳар соҳада етакчи бўлаётган аёлларга тадбиркорлик соҳасида ҳам кенг имкониятлар ҳақида гапирди. У “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳасининг мақсад ва вазифалари тўғрисида қисқача маълумот берди.
Нотиқ ўз сўзида партиявий мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтириш, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, қишлоқ аёлларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш лойиҳанинг асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлади.
Ўқув семинарида соҳа мутахассислари кредит сиёсати, кредитлар турлари, гаров таъминоти мавзуларида маърузалар қилди.
Шунингдек, иштирокчиларга бизнес режа тузиш бўйича амалий машғулот ўтказилди.
Ўқув семинари давомида 53 нафар иштирокчи ўз бизнес лойиҳаларининг тақдимотини ўтказди. Бизнес режалари истиқболли деб топилган 17 қатнашчига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
– Партиянинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўмаклашиш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётганлигига гувоҳ бўлдим, – дейди семинар иштирокчиси, Гулистон туманилик Б.Ҳазратқулова. – Касбим ўқитувчи бўлса-да, оиламиз иқтисодини янада мустаҳкамлаш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Чорвачилик йўналишидаги бизнес режам учун 3,9 миллион сўмлик кредитга сертификат олдим.
Боёвутлик Муҳаббат Хўжаеванинг ҳам ўқув семинаридан олган таассуротлари бир олам.
“Мен жуда кўп тадбирларда иштирок этаман. Лекин бугунги тадбир ўзгача бўлди, дея оламан. Бу ерда шунчаки маърузалар билан чекланилмади, тадбир мулоқот ва савол-жавоблар тарзида жуда жонли ўтди. Мутахассислар ёрдамида паррандачиликка мўлжалланган бизнес режамни пухта қайта ишлаб чиқишга ҳам улгурдим”, – дейди М.Хўжаева.
Семинар иштирокчилари O‘zLiDePнинг ушбу лойиҳаси мамлакатимизда оилалар фаровонлиги, барқарорлиги ва мустаҳкамлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Феруза УМАРОВА,O‘zLiDeP Сирдарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати ходими
Обсудить новость на Форуме