23:30 13.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Сурхондарёнинг энг намунали БПТси

 

Маълум бир жараён ёки воқеа-ҳодисага баҳо бериш учун албатта аниқ мезон, қиёслаш учун қўшимча омиллар талаб этилади. БПТлар фаолиятини баҳолашда эса партия Устави, хусусан, унинг бошланғич бўғинларга бағишланган бандлари асосий ўлчам бўлиши керак.

Шу билан бирга партиявий фаолиятда ўзаро тажриба ўрганиш, бошқа БПТлар хатосини такрорламасликка интилиш ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Айниқса, бу жараёнда фаолияти «энг яхши» деб топилган бошланғич ташкилотларга интилиш яхши самара бериши тажрибадан маълум.

БПТларнинг партия Уставига нечоғли амал қилаётгани, юқори партия ташкилотлари томонидан белгилаб берилган вазифаларни қай даражада уддалаётганига қараб уларнинг энг намуналиларини аниқлаш ва бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатиш анъана тусига кираётгани эса бугун яхши самара бераётир. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан олиб борилаётган мониторинг натижаларининг кўрсатишича, намунали БПТлар мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўплаб топилади. Хусусан, ҳамкасбларга намуна бўлишга арзирли қуйи ташкилотлар Сурхондарё вилоятида ҳам талайгина. «Тасвирий ойина» уюшмасининг вилоят бўлими қошидаги БПТҳам «энг намунали» дея топилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Мазкур ташкилот O’zLiDeP ташкил этилган пайтда – 2004 йилдаёқ партияга аъзо бўлган 8 нафар маслакдош томонидан тузилган. Партия ғоя ва мақсадларини меҳнат жамоаси орасида кенг тарғиб этиш натижасида сафдошлар сони 30 кишига етди. Бошланғич ташкилот фаолларидаги жонкуярлик, масъулият ҳиссининг юксаклиги ва эришилган натижаларнинг тобора яхшиланиб бориши вилоят партия ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилиб, мазкур БПТ 2011 йил 5 августда Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Хўш, бошқаларга ибрат сифатида кўрсатилаётган ушбу бошланғич ташкилот ютуқларининг сири нимада? Бу саволга БПТ раиси Феруза Холмирзаева шундай жавоб берди:

– Фаолиятимизда асосий эътибор аъзоларнинг билим ва қобилиятига қаратилаяпти. Энг аввало, партияга аъзолар қабул қилиш масаласига жиддий ёндашаяпмиз. Айрим ҳолатлардагидек, партия аъзолари сонини сунъий кўпайтириш яхшиликка олиб келмайди. Мен шунчаки рўйхатга тиркаб қўйилган 10 нафар аъзодан кўра, том маънода партия иши учун жон куйдирувчи битта маслакдошни афзал кўраман. Шу сабабдан бўлса керак, партия сафига киришни хоҳловчи номзодлар дунёқарашини, касбий маҳорат ва тажрибасини, инсонийлик хислатларини синчковлик билан ўрганиб, партиявий топшириқлар бериш ва натижаларини таҳлил этиш орқали ўрганишга, айниқса, ёшлар орасидан шундай кишиларни партия сафига қабул қилиш учун тайёрлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам беришга интиламиз.

Ферузанинг гапларида жон бор. Аслини олганда, БПТ етакчисининг халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати экани ҳам ушбу жамоада кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилишининг самараси, дейиш мумкин.

Энг муҳими, асосий касб ва партиявий фаолиятни қўшиб олиб бориш маслакдошлар учун қийинчилик туғдирмаяпти. Боиси, «Тасвирий ойина»да маънавий-маърифий тарғибот билан шуғулланиш партия аъзоларининг малакаларини оширишга ҳам хизмат қилаяпти.

Шу ўринда бошланғич ташкилотнинг вилоят ва шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб, ўз ташаббуслари билан чиқаётгани, шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга муносиб ҳисса қўшишга интилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жумладан, йил бошидан буён ушбу БПТ ташаббуси билан турли йўналишларда 9 та партиявий тадбир ўтказилди. Бошланғич ташкилот аъзолари ташаббускорликда нафақат ўз маслакдошларига, балки Термиз шаҳри аҳолисига ҳам ибрат бўлмоқдалар. Партия аъзолари аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, қобилиятли ёшларни партия фаолиятига кенг жалб этиш, кадрлар захирасини шакллантиришда ҳам шаҳар Кенгашига яқиндан ёрдам бермоқда.

Шундай бўлса-да, БПТ фаоллари ҳозиргача эришган ютуқларини асосий марралар олдидаги дебоча, деб билмоқдалар. Зеро, бундан-да юксакроқ натижаларга эришиш учун уларда билим ҳам, салоҳият ҳам етарли. Ҳар ҳолда БПТ фаолиятини яқиндан ўрганган киши шундай хулосага келиши аниқ.

 

Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,

«XXIASR»

 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме