10:45 05.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Статистика масаласида O`zLiDeP, «Адолат» ҳамда «Миллий тикланиш»нинг фикри бир жойдан чиқди
Юртбошимизнинг «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси асосида 20 га яқин иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий-гуманитар соҳаларга тааллуқли қонун лойиҳалари тайёрланди. Шулардан бири Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида иш олиб бораётган O`zLiDeP, «Адолат» СДП ҳамда «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан тайёрланган «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасидир. Хўш, 2002 йилнинг 12 декабридан буён амал қилаётган ушбу қонунга нега айнан бугунга келиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди? Умуман, ушбу қонун лойиҳасидан кўзда тутилган мақсад нима? Мухбиримиз ана шундай саволлар билан қонун ижодкорларига мурожаат қилди.
Бахтиёр Иминов,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси: — Статистика бу — рақамлар таҳлили, мамлакатнинг тараққиёт мезонларини белгиловчи ва натижаларини акс эттирувчи муҳим соҳа. Ґар қандай давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, иқтисодий салоҳияти ва тараққиёт даражаси айнан статистик маълумотлар асосида қиёсланади. Мамлакатимизда «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-иқтисодий ҳолат тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ барча ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга ҳамда давлат статистикасини ташкил этиш тартибини белгилашга хизмат қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кейинги йилларда иқтисодиётни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратишга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда мамлакатимизда ахборот коммуникация технологияларининг кенг ривожланиши мазкур қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этаётган эди.
Халқаро статистика тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар сонининг ўсиши замонавий статистика кузатуви усуллари ва технологияларини янада такомиллаштиришни талаб этяпти. Рақамларга эътибор беринг: Агар 2000 йилда фаолият кўрсатган кичик корхона ва микрофирмалар сони 104846 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг бошида 507 мингтага, фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони ўн йил аввал 44795 та бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 66134 тага етган. Бу эса ҳисоботларни йиғиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг танланма кузатувларини ўтказиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон ҳисобот шаклларини йиғишни ташкил этиш билан боғлиқ қатор масалаларни ҳал этишни талаб этмоқда. Ана шулардан келиб чиқиб, «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуннинг 5, 6, 9, 11, ва 13-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи илгари сурилмоқда.
Мутахассисларга яхши маълумки, соҳада мувофиқлаштириш ва функционал тартибга солиш, ягона статистика услубияти ва кузатувлари шаклларини тасдиқлаш давлат статистикаси ваколатли органининг ҳуқуқи эмас, балки унинг мажбурияти сирасига киради. Шунинг учун ҳам Қонуннинг 5-моддасига «Давлат статистикаси ваколатли органи соҳани мувофиқлаштириб бориш ва функционал тартибга солиш ишларини амалга оширади, ягона статистика услубиятини ва давлат статистика кузатувлари шаклларини тасдиқлайди ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан идоравий статистика кузатувлари шаклларини келишиб олади» деган норма киритилмоқда.
Насимжон АЛИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси:Қонун лойиҳасида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» давлат Дастурида ўз аксини топган вазифаларни рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда текширишларни янада қисқартириш дастурий мақсадларимиз билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боисдан ҳам O`zLiDeP фракцияси аъзолари қонун лойиҳасига электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда ёндашдилар.
Жумладан, ҳозирги кунда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига асосан мазкур субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш солиқ органлари томонидан амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, статистика органлари томонидан ҳисоботларнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш замонавий дастурий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Аммо баъзан маълумотларни йиғишда қоидабузарликларга ҳам йўл қўйилмоқда. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонуннинг 6-моддасига «тақдим этилган давлат статистика ҳисоботлари тўлиқлиги, холислиги ва ишончлилигини экспертизадан ўтказиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ҳақида кўрсатма бериш ҳамда жамланма статистика кўрсаткичларига тегишли тузатишлар киритиш» таклифи билдирилмоқда.
Маълумки, давлат статистика кузатувлари бирламчи ҳисоб ҳужжатлари асосида ҳам, бевосита кузатувлар йўли билан ҳам ўтказилади. Аммо амалдаги қонунда статистика кузатувларини ўтказиш услуби қайси орган томонидан белгиланиши кўрсатилмаган. Шундан келиб чиқиб, статистика органларининг кузатув услубларини танлашдаги ваколатларни янада аниқлаштириш учун 11-моддаси «давлат статистика кузатувларини ўтказиш услуби, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлат статистика ваколатли органи томонидан белгиланади» тартибидаги қўшимча билан тўлдирилмоқда.
Лойиҳани тайёрлашда қатор давлатларнинг соҳадаги қонунчилик тажрибаси ҳам ҳисобга олинди. Бир сўз билан айтганда, мазкур қонуннинг амалиётда қўлланилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишини енгиллаштиради ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Обсудить новость на Форуме