20:45 13.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Сон эмас, сифат учун курашайлик
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида «Бошланғич ташкилот — партия асоси: имкониятлар таҳлили ва фаолиятини такомиллаштириш» акцияси доирасида ўқув-семинар ўтказилди. Маълумки, ушбу акция доирасида ўтаётган тадбирлар мамлакатимизнинг барча туманларида ташкил этилиб, уларда партия раҳбарияти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари иштирок этмоқдалар.Пискент, Оҳангарон тумани ва Олмалиқ шаҳридаги бошланғич ташкилот етакчилари қатнашган навбатдаги тадбирда ҳам О’zLiDeP дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашда БПТлар фаолияти муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.Тадбирда, шунингдек, қуйи бўғинлар ишини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш, улар фаолиятида янги технологиялардан фойдаланиш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди.Таҳлилларнинг кўрсатишича, айни пайтда Оҳангарон туманида 48 та БПТ ва 1093 нафар партия аъзоси, Пискент туманида эса 24 та БПТ ва 246 нафар партия аъзоси фаолият олиб бораяпти. — Қуйи бўғинлар ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар жараёнида 2 та БПТ ёпилди, — дейди О’zLiDeP Олмалиқ шаҳар кенгашининг БПТлар бўйича консультанти Дилрабо Акбаева. — Аммо маслакдошларимиз сони 19 нафарга кўпайиб, ҳозирда 1586 кишини ташкил этаяпти.— Бироқ масаланинг бошқа, ўта муҳим жиҳати бор, у ҳам бўлса, биз жойларда ташкил этилаётган бошланғич партия ташкилотларига кимларни етакчи этиб қўймоқдамиз?, — деди давра суҳбатида иштирок этган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев. — Зеро, мазкур акция бежиз ташкил этилмаяпти. Сабаби, бугунги давр ўз имкониятларимизни изчил таҳлил этиш ва фаолиятимизни такомиллаштириб боришни бугунги давр тақозо этмоқда. O’zLiDeP аъзолари, айтиш мумкинки, элнинг назарига тушган инсонлардир. Эътибор беринг: партиямиз сафида юртимизнинг таниқли кишилари, тадбиркорлар, фермерлар ва, энг муҳими, умидли ёшлар бор. Табиийки, уларнинг аксарияти жойларда ташкил этилган бошланғич партия ташкилотлари сафига бирлашганлар. Аммо бугунга келиб БПТларнинг фаолиятини қониқарли, дея оламизми? Улар номигагина ташкил этилмаяптими? Бир сўз билан айтганда, ўз фаолиятимизга ҳар доим танқидий руҳда қарамас эканмиз, ишимизда парокандалик юз бериши, бу эса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Агарда маълумотларни таҳлил этсак, ҳозир O’zLiDePнинг жами 7 минг 700дан ортиқ бошланғич ташкилотлари бўлиб, улар ўз атрофига 175 мингдан зиёд аъзони бирлаштирганлигини кўрамиз. Бироқ биз бугун масалани бошқача қўйишимиз керак, яъни энди сон эмас, балки сифат учун курашиб, жойларда фаолият кўрсатаётган БПТлар ишини қайтадан кўриб чиқиш, уларга жиддий танқидий кўз билан қараш ва тегишли хулосалар чиқаришимиз лозим. — Бугун БПТларнинг қарорлар қабул қилиш, бутун партия ҳаётини демократлаштиришдаги эркинлигини таъминлаш биринчи даражали масалага айланмоғи лозим. Бу O`zLiDePнинг бошланғич партия ташкилотларидаги ишчан раҳбарларини қўллаб-қувватлаш, аниқ партия ёндашуви ва инновацион ғояларга эга, партия фаолиятини янада ривожлантиришга жиддий туртки бера оладиган партия фаолларини излаш ва илгари суришни талаб этмоқда. БПТлар партия ташаббусларини шакллантириш учун ҳудудларда аҳоли билан сиёсий ишларнинг ўзагига айланиши керак, бу эса табиийки, партиянинг сайловчилар билан ўзвий алоқасини таъминлаш асносида улар ўртасида реал кўприк бўлиш билан бирга кенг аҳоли ўртасида партиянинг обрў-эътибори кафолати ҳам бўлиши лозим. Яна бир муҳим жиҳат — БПТ фаоллари O`zLiDePнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари орқали партия фракцияси томонидан илгари сурилаётган ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари муҳокамасида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш орқали қатнашишлари шу билан бирга қабул қилинган қонунлар ижроси бўйича жойларда депутатлик назоратининг қонуний механизмлари орқали жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнларида янада фаол иштирок этишлари учун тегишли шароитларни яратиш зарур. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Собир Жабборов сўзга чиқиб, қуйи бўғинлар партия таянадиган асосий куч бўлгани учун ҳам улар фаолиятига масъулият билан ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Аммо бунда уларнинг сифат кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.Ўқув-семинарда O’zLiDeP Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси Т.Топилов сўзга чиқиб, кенгаш ҳудуддаги барча тадбиркорлик тузилмалари, муассаса ва корхоналарни қамраб олишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда кенгаш 50 дан ортиқ корхона ва ташкилот, хусусий корхоналарда бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Аммо улар фаолиятини янада такомиллаштириш учун ҳали кўп изланиш керак. Жумладан, партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш масаласида камчиликлар учраб турибди. Албатта, «Сиёсий таълим маркази» томонидан бу йўналишда кўп ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, бу ҳали етарли эмас. Бугунги тадбир БПТлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва самарадорлигини ошириш учун ижобий омил бўлади.Мазкур тадбирда кўтарилган масалалар аксарият БПТлар фолиятида кузатилаётгани боис қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.— O`zLiDePнинг мақсад ва вазифалари тарғиботига бағишланган кўргазмали ва ўқув қуроллари билан таъминлашда туман (шаҳар) кенгашлари фаол бўлишларини истардик, — деди «Билимлар бисёр» («Ситора») ўқув маркази қошидаги БПТ раиси Зулфия Усмонова. — Чунки БПТлар ўз маблағига эга эмаслиги боис моддий-техник базасини яхшилашда юқори партия ташкилотлари кўмагига таянмоқда. Ўқув-семинарда тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган меъёрий ҳужжатлар тарғиботини йўлга қўйишда ҳам БПТларнинг фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди. Тадбирда, шунингдек, қабул қилинган қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича жойларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда қуйи бўғин аъзолари фаол иштирок этиши кераклигига эътибор қаратилди.Ўқув-семинари якунида муҳокама этилган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Зиёдулла МЎМИНОВ“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме