20:45 06.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Соғлом турмуш тарзи оиладан бошланади
O’zLiDeP «Аёллар қаноти»нинг «Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбати оилада соғлом маънавий муҳит, интеллектуал салоҳиятни шакллантириш ва шу орқали жамиятда соғлом авлодни камол топтириш масалаларига бағишланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар ва партия фаоллари иштирок этган тадбирда жамият тараққиёти, инсон саломатлигига акс таъсир этувчи зарарли иллатларнинг олдини олиш, жумладан, никоҳ ёшига етмаган қизлар, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ ва унинг салбий оқибатлари билан боғлиқ муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида партия «Аёллар қаноти» томонидан жорий йил давомида 2250 дан ортиқ давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинг ташкил этилган. Ана шу туркум тадбирларнинг 500 дан ортиғи бевосита аҳоли ўртасида соғлом турмиш тарзини шакллантиришга йўналтирилган бўлиб, мулоқотларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш қизларни белгиланган муддатидан олдин турмушга узатиш ҳолатларининг олдини олиш ва жойлардаги хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақаларини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Бу эса «Аёллар қаноти»нинг O’zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ҳамда вазифаларни тўлақонли амалга оширишга интилаётганидан далолатдир.
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамованинг таъкидлашича, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш, жойларда тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш катта аҳамият касб этади. Зеро, аёлга ва ўсиб келаётган ёш авлодга эътибор — бу келажакка эътибор, демакдир. Соғлом фикрловчи, маънан ва жисмонан етук инсонларни камол топтириш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланганлиги ҳам бежиз эмас.
Аммо шундай натижаларга қарамай айрим масалалар, хусусан, баъзи оилаларда қизларни ўқишдан ажратиб, эрта турмушга бериш ҳоллари ҳам учраяптики, оқибатда оилавий ҳаётга, соғлом оналикка жисмонан ва психологик жиҳатдан тайёр бўлмаган, касб-ҳунарсиз уй бекалари пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Сир эмас, оиладаги маънавий соғлом муҳит кўп жиҳатдан аёлга, унинг иқтидори ва маҳоратига боғлиқ. Зеро, соғлом оиладагина ҳар жиҳатдан етук, иқтидорли фарзандлар камол топади. Давра суҳбати давомида Тошкент давлат тиббиёт академиясининг кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гули Шайхова саломатликнинг асосий омилларидан бири — тўғри овқатланишнинг инсон саломатлиги учун аҳамияти хусусида тўхталаркан, ҳар бир оилада овқатланиш маданияти ва гигиенасига қатъий риоя қилиш муҳим лигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, тўғри овқатланиш организмнинг соғлом ўсиши, меъёрида ривожланиши, касалликларга қарши курашишида алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи-назардан қараганда, хотин-қизларимиз кундалик таомномаларини пухта ўйлаб тузишлари, уни фойдали озуқалар билан тўйинтиришлари зарурлигини асло унутмаслигимиз лозим.
Давра суҳбатида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Наргиза ҚАҲҲОРОВА,
«XXI asr»
Обсудить новость на Форуме